“Фуқаро-маҳалла-адлия” тизими Қоракўл туманида

Адлия вазирлигининг кўрсатмасига мувофиқ аҳоли муаммоларини “фуқаро-маҳалла-адлия” тизими орқали ҳал этиш бўйича Бухоро тажрибаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Шу жиҳатдан навбатдаги пресс-тур Қоракўл туманида ташкил этилди. Batafsil “Фуқаро-маҳалла-адлия” тизими Қоракўл туманида

ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан 2024 йил 28 июнда вилоятдаги ОАВ вакиллари учун Жондор тумани мисолида адлия органларининг аҳоли муаммоларини “фуқаро-маҳалла-адлия” тизими орқали ҳал этиш фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги ПФ-80-сон Фармони билан жойларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолига давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатишни кенгайтириш мақсадида адлия органларининг янги фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

Фармонга асосан адлия органлари томонидан аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, адлия органларининг ҳудудлардаги фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига 6 та янги вазифалар юклатилди. Бу борада маҳаллаларда “Адлия куни” ва “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирларининг ўтказилиши, аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилиши ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши, ҳуқуқий муаммоларнинг ҳал этиб борилиши каби вазифалар адлия органларининг чинакам халқчил идорага айлантиришга хизмат қилади.

Шу мақсадда Адлия вазирлигининг кўрсатмасига мувофиқ аҳоли муаммоларини “фуқаро-маҳалла-адлия” тизими орқали ҳал этиш бўйича Бухоро тажрибаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.           Унга кўра, Фармон ижроси бўйича ишларни намунали ташкил этиш мақсадида туманларда маҳалла фуқаролар йиғинлари танлаб олинди. Уларда уйма-уй юриш, сайёр қабуллар ва тарғибот тадбирлари давомида ҳуқуқий муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.                                                                               Пресс-тур доирасида Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Жондор тумани “Ушот” маҳалласи марказида “Ушот”, “Хумдонак”, “Кўлиён”, “Самончуқ” ва “Шўробод” МФЙлари аҳолиси иштирокида “АДЛИЯ КУНИ” тадбири ўтказилди.                                                       Ушбу тадбирда тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда 5 та маҳалла фуқаролар йиғинининг аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Сайёр қабул давомида вилоят адлия органларининг масъул ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди, айрим мурожаатлар ўрганиб чиқиш мақсадида иш юритувга олинди.                                                                       Шунингдек, тадбир давомида фуқароларга давлат ва ҳуқуқий хизматлар (нотариус, ФҲДЁ ва бошқа) сайёр тартибда кўрсатилди. Маҳаллалар аҳолиси учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди-деди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева.

Маълумки, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш учун, аввало, маҳаллада ишлайдиган ходимларнинг ҳуқуқий билими юқори бўлиши шарт. Эндиликда маҳалла раислари адлия ходимлари ёрдамида ўз ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бепул ошириб боради. Шунга кўра, Бухоро тажрибаси бўйича нафақат раислар, балки “маҳалла еттилиги”ни улар фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари мазмунини тушунтириш бўйича семинарлар ўтказиб борилмоқда. Хусусан, тадбир давомида “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси доирасида 5 та маҳалланинг еттилигини ўқитиш ташкил этилди ҳамда ушбу маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш бўйича методик ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, Фармонга асосан туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриш, сайёр қабуллар, “хонадонбай” тарғибот тадбирлари, аҳолининг “маҳалла еттилиги”га мурожаати, “Адлия куни”, “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирлари орқали аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунга қадар аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича Бухоро тажрибаси асосида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан вилоятдаги 180 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2,5 мингга яқин хонадонларга уйма-уй кирилиб, 120 дан ортиқ ҳуқуқий муаммолар аниқланди, ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан маҳаллабай чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Уйма-уй юриш давомида фуқароларга 2 мингга яқин ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Жойларда 1,5 мингдан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Шу билан бирга, режа-график асосида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирлари ҳам ўтказилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Фармон қабул қилинган кундан ҳозирга қадар 204 та маҳаллаларда 1850 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди, 1600 нафар шахсларга, энг аввало, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилди.

Умуман олганда, адлия ходимлари белгиланган график асосида ҳар қандай об-ҳаво шароитида “маҳаллабай” усулда ўз хизмат вазифаларини бажариши орқали “маҳалла еттилиги”га фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишга яқиндан кўмаклашилади.

“Адлия куни” доирасида аҳолига Ушот маҳалласида ўрнатилган инфикиоск орқали давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Ушбу инфокиоск орқали ҳозирда 40 турдан ортиқ давлат хизматларидан маҳалладан туриб онлайн фойдаланиш мумкин, бу эса фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олади ҳамда уларнинг вақти ва маблағини тежаш имкониятини беради.

Пресс-тур давомида Жондор тумани адлия бўлими биносида аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича яратилган имкониятлар билан яқиндан танишилди. Замонавий шарт-шароитларга эга бўлган бинода адлия бўлими билан бирга давлат хизматлари маркази, юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ бўлими ва “Мадад” ННТ ҳуқуқий маслаҳат бюроси ҳам фаолият кўрсатади. Жондор туман адлия бўлими биносида аҳолига бир жойнинг ўзида давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

“ҲАММА ТАЛАБА ҲАМ РАҲБАР БЎЛМАЙДИ АММО, ҲАР БИР РАҲБАР ТАЛАБА БЎЛГАН… ”  

-Ҳурматли талабалар, дарсни бошлаш олдидан йўқлама ўтказсак. Бугун кимлар келмаган?

-Устоз, Сафаров бугун ҳам келмади.

-Сафаров нега 4 кундан буён кўринмайди?

Устоз шу саволни бераётганда Сафаров эшикдан кириб келди. Кўзлари сўлғинлигидан ухламаганлиги кўриниб турибди. Batafsil “ҲАММА ТАЛАБА ҲАМ РАҲБАР БЎЛМАЙДИ АММО, ҲАР БИР РАҲБАР ТАЛАБА БЎЛГАН… ”  

Нозимжон Рўзимаматов – ташқарида ҳам бемалол ҳаракатланиш имкони берилганидан жуда хурсанд

Ромитан тумани Қоқуштувон маҳалласида яшовчи Рўзимаматовлар оиласида 4 нафар фарзанд бўлиб, тўнғичлари Нозимжон болаликда теккан дард сабаб, ҳозирда ногиронлиги бор.

17 ёшли Нозимжон тенгдошларига ўрнак бўла оладиган даражада ақлли, ҳар соҳада фаол, интилувчан бола.

Роботехника, бино макетлари ясаш билан шуғулланадиган Нозимжоннинг бу йўналишда буюртмалари ҳам анчагина. Ён-атрофдаги мактаблар, ҳаттоки олий таълим муассасаларидан ҳам фанга, қурилишга оид макетлар ясаш учун буюртмалар келиб тушади. Шунингдек, ҳозирда компьютерда дастурлашни ҳам ўрганяпти. Қолаверса, уяли алоқа телефонлари тузатиш, турли базмлар, туғилган кунларга видеолавҳалар тайёрлашга ҳам қизиқишига ҳавас қилмай илож йўқ. 

Нозимжонга туман “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази томонидан электрон юритмали аравача тақдим этилганидан сўнг, унинг кўчага чиқиши, ука-сингиллари билан айланиши, ўртоқлари билан кўришиб келиши учун имконият яратилди.

Келажакда архитектор бўлишни мақсад қилган қаҳрамонимиз ташқарида ҳам бемалол ҳаракатланиш имкони берилганидан жуда хурсанд.

Zarnigor Nafiddinova

Асрбек Солиев: Ҳаракатланишимнинг янада осонлашиши менга янги режаларни бошлашимга имкон берди!

Жондор тумани Кўлиён маҳалласида яшовчи Солиевлар оиласини маҳалладагилар жуда яхши танишади. Уларнинг оиласида тўрт фарзанд бўлиб, 2001-йилда туғилган кенжа ўғил Асрбек Солиев 2021-йилда чет элда ишлаб юрганида автоҳалокатга учради. Қаттиқ шикастланиш натижасида ўнг оёғидан айрилган йигит оиласининг, бобо-бувисининг руҳий далдаси билан оёққа туриб, яна меҳнат қилишда давом этди. Ҳозирда томорқасида барпо этган иссиқхонада 35 туп лимон кўчатларини парваришлаб, ҳар бир тупдан ўртача 1 млн сўмдан даромад қиляпти.

Асрбекнинг фойдаланиб келаётган протези жуда ноқулай бўлиб, бу унинг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди. Туман “Инсон” ижтимоий хизматлари марказига мурожаат қилганидан сўнг, соҳа мутахассислари келиб, Асрбекдан ўлчам олишди ва яқинда унга замонавий протез тақдим этилди. Шу билан бир қаторда, “Инсон” маркази томонидан берилган 2 қути асалари билан асаларичилик фаолиятини ҳам бошлади. Бу орада бобоси олиб берган 3 қути асалари билан фаолияти янада кенгайди. Тииниб-тинчимас Асрбек яқинда ёшлар учун 30 йилга фойдаланиш учун бериладиган ер ҳам олиб, ҳозирда дуккакли ўсимликлар экишни мақсад қилган.

– Ногиронлик гуруҳининг белгиланиши, яшашдан, ҳаракатдан тўхташ дегани эмас, – дейди Асрбек. Кимгадир юк бўлмасдан меҳнат қилиш, мақсад сари дадил бориш керак. Тўхтасанг, ўтирасан, ўтирсанг ётиб қолишинг мумкин. Меҳнатни севган одамдан дард ҳам чекинади. Айниқса, янги берилган протез билан юришим, ҳаракатланишим янада осонлашди. Бу эса менга янги режаларни бошлашимга имкон берди.

“Abdulla Qodiriyning yurt qayg’usi haqida bebaho asarlar” kitobi taqdimoti” 

Kitob umr yoʻllarini yorituvchi soʻnmas nur, inson hayotiga mazmun baxsh etuvchi saodat manbai, har qanday vaziyatda ham hamroh boʻluvchi sodiq doʻst. Insonning maʼnaviy kamolotini taʼminlashda kitob singari kuchli qudratga ega vosita yoʻq. Shu bois azal-azaldan maʼrifat peshvolari, ahli donishlar butun insoniyatni kitob oʻqishga, undan ilmu odob sirlarini oʻrganishga chorlab kelishgan. Bugungi kunda mamlakatimizda kitobga va uni oʻqishga eʼtibor ortib bormoqda. Shu jihatdan Oʻzbek adibi A.Qodiriy tavalludining 130 yilligi munosabati bilan “Abdulla Qodiriyning yurt qayg’usi haqida bebaho asarlar” kitobi taqdimoti” mavzusida Buxoro muhandislik-texnologiya instituti Axborot resurs markazida talabalar bilan davra suhbati tashkil etildi. Dastlab, markaz kutubxonachisi Maxsuma Barotova, Maxbuba Teshayeva hamda Shohista Hojiyevalar Abdulla Qodiriy hayoti va ijodi hamda asarlari haqida batafsil ma’lumot berib o’tishdi.

– Abdulla Qodiriy oʻz davrining buyuk adibi bo’lgan qolaversa, hozirgi kunga qadar oʻz asarlari bilan mashhur yozuvchilar qatorida turadi. Uning asarlari bugungi kunga qadar saqlanib qolgan va undagi gʻoyalar bugunning aksi hisoblanadi. Shu uchun qaysi davr bo’lmasin uning asarlarini doim o’qish lozim,- deydi Maxsuma Barotova.

Suhbat oxirida talabalar Qodiriy asarlaridan namunalar o’qib berishdi. Uning qalamiga mansub kitoblar bo’yicha fikrlarini bildirib, o’z mulohazalari aytib o’tishdi.

Бухородаги Тиббиёт институти халқаро рейтингдан жой олди

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасалари миллий рейтинггида кучли бешликдан жой олди.

Жорий ўқув йилида Бухоро давлат тиббиёт институти Round University ranking (RUR) халқаро рейтингида илк бор қатнашиб, TOP-1000 университетлар рўйхатига киритилди.

Айтиш жоизки, халқаро рейтингда дунёнинг 85 та давлатидан жами  54 000 та олий таълим муассасаси иштирок этган. Round University ranking томонидан 1200 та етакчи олий таълим муассасалари фаолияти баҳоланган. Ушбу умумий рўйхатда АҚШдан  149 та, Германиядан 15 та, Англиядан 71 та, Россиядан 13 1та университет жой олганн бўлиб, Бухоро Давлат Тиббиёт институти мазкур рейтингда 974-ўринни эгаллаган. Бу орқали институт Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасалари миллий рейтинггида кучли бешликдан жой олишга эришган.

Билдирилишича, мазкур рейтинг Олий таълим муассасаларининг глобал рейтинги бўлиб, унда дунёнинг бир неча минглаб етакчи университетлари фаолияти тўртта асосий йўналиш бўйича тақсимланган ҳолда 20 та кўрсаткич асосида баҳоланади.

«Бугунги кунда институтимизнинг 15 фоизини хорижлик талабалар ташкил қилади. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Россия, Польша, Туркия, Италия, АҚШ давлатларининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Қўшма лойиҳалар доирасида факультетлар ташкил этилган. Иорданиянинг «Adam Аhmad consulting» компанияси билан ҳам ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Икки йилдан буён Иордания, Миср ва бошқа араб давлатлардан ҳам талабаларимиз талайгина. Айниқса, янги академик ўқув йилидан бошлаб, иорданияликлар институтимизнинг Даволаш иши ва Стоматология йўналишлари бўйича таҳсил ола бошлашади. 700 дан ортиқ хорижлик талаба қабул қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, Жанубий Кореянинг “Daegu Haany University” халқ табобати йўналиши бўйича ҳам ҳамкорлик ошмоқда. Бу амаллар олийгоҳнинг халқаро ва миллий рейтингини оширишда таълим соҳада олиб бориётган ислоҳотлари натижасидир»,-деди институт ректори Шуҳрат Тешаев.

Халқаро ва Миллий рейтингда ўз ўрнини мустаҳкамлаб олган институтда 1500 га яқин ҳорижий талабалар таҳсил олишади. Уларга институт профессор-ўқитувчилари томонидан 100дан ортиқ фанлар бўйича инглиз тилида сабоқ берилади. Маълум бўлишича, 150 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга.