ИСТЕЪДОД ВА ИНТИЛИШ БИРЛАШСА, МУВАФФАҚИЯТ ЖОЙ ТАНЛАМАЙДИ

Чидам ва йиллаб меҳнат натижасида ҳам соғлом бўласиз, ҳам ғолиблик нашидасини ҳис қиласиз. Бунда, албатта, спорт ва соғлом турмуш тарзининг ўрни беқиёс. Ҳа, спорт инсонга ана шундай бойликларни туҳфа этади. Сабр ва ортга қайтмаслик талабияти билан ҳаммасига бирма-бир эришиш йўлини беради. 

Бухоролик Асадбек Бозоров бугун кўпминг сонли Ўзбек тенгдошлари қатори Америка қўшма штатларида таҳсил олмоқда. Спортга ҳам иштиёқи баланд. У ҳар нафасда спорт билан яшаб келмоқда. Ютуқ ва муваффақиятлари бисёр. Келинг, яхшиси, бу ҳақда тенгдошимиз сўзларини ўзидан эшитайлик!

Асадбек билан суҳбатимиз болалик йилларини эслаш билан бошланди:

– Болалигим Бухорода, бобом ва бувим бағрида ўтган. Бобом сабабчи бўлиб, 10-12 ёшимгача спортнинг кураш тури билан шуғулланганман. Кейинчалик оиладаги етишмовчиликлар ва бошқа айрим муаммолар туфайли бошқа жойда истиқомат қилишга мажбур бўлганмиз. Шу сабабли бир муддат спорт билан шуғуллана олмадим… Бу эса менга тинчлик бермас, эртаю-кеч спортга қайтиш иштиёқида юрагим ёнарди-ю, бола кўнглим билан вазиятни англаб, оиламиз катталарига айта олмасдим. Мана, шу спорт билан шуғуллана олмаганим икки йилда худдики, ич-ичимдан аллақачон катталардек улғайиб қолгандим. 14 ёшимда эса болалик изтиробларим ортга чекинди: мен яна спортга қайтдим. Яна ўзлигимни топа бошладим. Таэкwон-до ITF спорт йўналиши сирларини ўргана бошладим. Бутун вужудим билан яна спортга шўнғидим. Бугун эса спорт – менинг ҳар кунлик асосий машғулотимга айланган. Ҳаётимни бир лаҳзасини ҳам спортсиз тасаввур қила олмай қолдим. Спорт билан бир бутун эканлигимни ҳис қилдим,-деди Асадбек Бозоров.

Бухоро шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабини тугатган Асадбек йиллар мобайнида спортдаги тинимсиз машғулотлари, соатлаб уринишлари эвазига кўплаб ютуқларга эришди. Ҳар сўзида: “Мени ота-онам дуоси қўллайди!”-дейишдан чарчамайдиган Асадбек ҳақииқатан ҳам отаси Азамат ака Раҳимов, онаси Матлуба Аҳадоваларнинг дуоси билан ғалаба чўққиларини забт эта бошлади.

У илк ютуқни 2015 йилда “Бухоро Кубоги” мусобақасида 3-ўрин эгаллаб, қўлга киритган. Худди шу йили Тошкентда Ўзбекистон саралаш мусобақаси ҳамда “Қарши кубоги”да 1-ўринга, 2016 йилда Белоруссияда бўлиб ўтган Жаҳон кубогида 3-ўринга муносиб топилди. 2017 йилда Ўзбекистон спорт устаси номзодига муносиб кўрилгани энг катта ютуқларидан бири бўлди. Қолаверса, ўз йўналиши бўйича қора белбоғ соҳибига айлангани унинг спорт оламидаги зафарли муваффақияти саналади. Бу муваффақиятлар уни 2018 – 2022 йилларда қатор мусобақаларда ҳакамлик қилишигача етаклади.

Соғ танда-соғлом ақл, дейишади. Асадбек спортдан ташқари, хорижий тилларни ўрганишга қизиқиб, 2021 инглиз тили бўйича IELTS сертификатини 7 балл билан қўлга киритди.

– Ота-онам дуоси, устозларим таълим-тарбияси муваффақиятларимга пойдевор бўлди. Ҳар бир ғалабам, муваффақиятларимда улар дуосини ҳис қиламан,-дея сўзида давом этади Асадбек, – 2022 йилда Бухоро Давлат университетининг бакалавр босқичини таржимон ва гид соҳасида тугатиб, шу йилнинг ўзидаёқ Американинг Кентуcкий штатидаги нуфузли Муррай Стате университетига Халқаро бизнес йўналишига қабул қилиндим. Шукурки, Америкада ёлғиз эмас эдим. New York штатида мени қариндошларим кутиб олишди 2022 йилнинг декабрь ойидан илмларимни мустаҳкамлай бошладим. Кейинчалик эса ўқишимни Оҳио штатидаги бошқа университетга кўчирдим.. Шу билан илм ва спорт йўлида бўлган мусофирчиликдаги ҳаётим остонасига катта бурилишлар билан киришни бошладим. Америкадаги илк ютуғимни катта ҳаяжон билан эслайман. Нешвилл шаҳрида Takewon-do бўйича турнир ўтказилди. Мен ҳам турли давлат спортчилари саф тортган иштирокчилар қаторидаман. Юрагимда: “Мен ғалабага эришишим ва Ўзбекистон байроғини кўтаришим керак!”-деган қатъият гупирарди. Шундай бўлди ҳам. Турнир ҳаками қўлларимни ғолибликка даст кўтарар экан, шу топда елкам узра ҳилпираган давлатимиз байроғини ўпдим. Беихтиёр кўзларим ёшланди. Ва ана шу муваффақиятдан бошлаб, менда илм ва спорт пиллапояларига кўтарилиш мақсади янада илгарилади. Тўғри, бугун ота-онам бағридан узоқда, бухоролик дўстларим даврасидан йироқдаман. Бироқ, мен яқин ва яхшиларимни режаларим, ҳар бир орзу ва ғалабаларим бошида кўраман ва бу менга руҳий далда беради.

Асадбек Бухоро билан Америкадаги ўқиш тизимини солиштирар экан, орада жуда катта фарқ борлигини таъкидлайди. Суҳбатдошнинг айтишича, Америка илм даргоҳларида таълим олувчиларни ҳеч қачон махсус форма кийган ёки киймаганлигига қараб муомала қилинмайди. Ҳамённинг катта-кичиклиги эвазига баҳоланмайди. Ҳар кимнинг илм-салоҳияти ва дарсдаги фаоллиги инобатга олинади.

Асадбек: “Бошқа юртда бўлишимга қарамай, ўзимни одамлар орасида бегона ҳис қилмаганман ва бошқа миллат вакили эканим одамлар билан мулоқотимга сира тўсиқ бўлмаган. Кўплаб дўстлар орттирдим, улар мендан маслаҳат ва ёрдамини асло аяшмаган”,-дейди.

– Бу ерда рус, инглиз, тожик ва ўзбек тилларида бемалол суҳбатлашиш имкони бор. Чунки, Америкада илм истаб, зиё истаб келган кўплаб миллатдошлар, қардош халқлар, турли Европа давлатлари ёшлари бор. Ҳар нафас, ҳар қадамда улар билан мулоқотда, ҳамжиҳатликда бўласиз. Яқинда испаниялик спортчи тенгдошим билан танишиб қолдим. Нафақат, спортдаги қарашларимизга, балки, бир-биримизнинг тилимизга ҳам қизиқиб қолдик. Айни пайтда у ўзбек тилини, мен эса испан тилини ўрганаяпман. Биласизми, у мен билан ўзбек тилида, мен эса у билан испан тилида сўзлашяпмиз. Сўзлашувдаги хато ва нуқсонларимизни тузатиб бораяпмиз. Ҳар икки тилнинг ҳам бойлиги ва ҳар иккимизнинг ҳам бири-биримиз тилимизга ошуфталигимиз испан ва ўзбек халқининг қалбан ҳам яқин эканини англатаётгандек, назаримда,-дейди табассум билан Асадбек.

Ҳа, истеъдод ва интилиш бирлашса, муваффақият жой танламайди. Асадбек Америкада илм олиш баробарида спорт билан шуғулланишни ҳам тўхтатиб қўймади. Бунинг натижасида Америкада ўтказилган мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди. Ўзининг самарали ҳаракатлари эвазига ҳаётини ютуқлару яқинларининг дуоси билан ёритиб бораётган Бухоро фарзанди ҳали яна кўп марраларни эгаллашига ишонамиз. Бу йўлда уни соғлик ва матонат тарк этмасин, деймиз.

Зулфизар Мавлонова, “BYO” мухбири.

 

 

Мутаваккил Бурхонов

  Оппоқ тонгларда барчамизни уйғотадиган бир наво бор. Уни тинглаганинг сари қалб ғуруга, фахр-ифтихорга тўлаверади. Юраклар орзиқаверади, Она-Ватанга, муқаддас заминга бўлган меҳр жўш уриб, мусаффо туйғуларга дил тўлади. Бу ўша, чорак асрдирки, ер юзида халқимиз ғурури, ифтихори тантанасини намоён этиб келаётган – Юрт мадҳияси!

 

Бугун мадҳиямиз бастакори, Ўзбекистон халқ артисти, санъат арбоби Бухоро шаҳрининг забардаст фарзанди Мутаваккил Бурхонов таваллуд топган кун.

 

У 1916 йилда Бухоро шаҳрида туғилган ва ҳаётининг сўнгги йилларини ҳам шу заминда ўтказган.

 

Мутаваккил Бурхонов нафақат юрт мадҳияси орқали, балки ижодидан ўрин олган лирик романслари, жозибали бадиий симфоник асарлари, “Абу Али Ибн Сино”, “Сурайё”, “Мафтунингман” сингари кинофильмлари учун басталаган мусиқий дурдоналари орқали ҳам ўзбек мусиқа санъатида ўзига ҳайкал қўя олган буюк истеъдод соҳибидир.

 

Умрлар бор тирикликда ўликдир, умрлар бор мангуликка тирикдир. Мутаваккил Бурхоновнинг камтарона ҳаёт йўли, мусиқа санъатидаги ўзига хос бетакрор услуби чиндан ҳам мангуликка даҳлдор. Бухоройи Шариф эса миллатини севувчи, инсонларга илм-маърифат ва зиё тарқатувчи ана шундай кўплаб буюк инсонларни ўз бағрида улғайтираверади.

Мутаваккил Бурхоновнинг охирати обод бўлсин.

Жамол Носиров