Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши инсонлар учун кенг имкониятлар яратмоқда. Онлайн платформалар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар алоқа, бизнес, таълим ва кўнгилочар воситалари сифатида кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ, бу имкониятлардан ким қандай мақсадда фойдаланиши ҳам масаланинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Batafsil Интернетда шахсий маълумотлар ҳимояси жиддий муаммога айланмоқда
Архив рубрики: Dolzarb mavzu
Виртуал платформалар психотроп моддалар савдоси маконига айланмоқда(ми)?
Эслатиш жоиз бўлса, ўтган йили Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар истеъмолининг олдини олишга қаратилган жамоатчилик эшитуви ўтказилган эди. Йиғилишда тобора глобал муаммо сифатида долзарблашиб бораётган ёшлар, хусусан, ўсмирлар ўртасида гиёҳванд, психотроп фаол моддалар истеъмоли ва савдоси, ғараз ниятли, нопок кимсаларнинг бундай қабиҳ ишларга ёшларни жалб қилиш ёки улардан фойдаланаётгани масалалари, бунинг олдини олиш чоралари атрофлича муҳокама қилинган
БМТ маълумотларига кўра, 12-15 ёшдаги болаларнинг 25 фоиздан ортиғи гиёҳванд (психологик фаол ёки синтетик) моддаларни татиб кўрган ёки истеъмол қилиш тажрибасига эга.
Баъзи мамлакатларда ўғил болаларнинг 56 фоизи ва қизларнинг 20 фоизи гиёҳвандлик воситалари ёки токсикомания моддаларини ҳеч бўлмаганда бир марта татиб кўрган, шунингдек, ўғил болаларнинг 45 фоизи ва қизларнинг 18 фоизи уларни истеъмол қилишда давом этмоқда.
Манбаларга кўра, республикамизда «Тропикамид», «Прегабалин» («Лирика», «Регапен» ва «Липре»), «Залеплон» («Селофен») каби кучли таъсир қилувчи препаратлар ва таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган «Трамадол» дори воситалари савдоси ва истеъмоли тарқалгани қайд этилган эди.
Қайд этиш керакки, бугун онлайн савдо ривожланган ҳолда, иқтисодий фаоллик янги босқичга чиқиб, рақамли бозорнинг кенгайишига кучли туртки бермоқда. Шунинг учун ҳам аксарият савдо-сотиқ интернет орқали амалга оширилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, кўча-кўйда, таълим муассасалари ва дорихоналарда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний савдо-сотиғи ҳам интернет, шу жумладан, ижтимоий тармоқларга кўчди. Тўғрироғи, онлайн платформалар бу борадаги ноқонуний савдо учун қулай ахборот майдонига айланиб бормоқда.
Амалдаги қатор қонун ҳужжатларига кўра, мамлакатимизда психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш тақиқланган. Шундай бўлса-да, бугунги кунда интернет тармоғида бундай маълумотларга деярли ҳар куни дуч келамиз. Энг ачинарлиси, мониторинг жараёни ушбу турдаги тақиқланган ахборотларни тарқатиш йилдан-йилга кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда.
2023 йили Telegram мессенжери ва ижтимоий тармоқларда наркотиклар, психотроп моддалар ва прекурсорлар рекламаси/тарқатиш билан боғлиқ ҳолатлар 200 дан ошмаган бўлса-да, 2024 йил якунларига келиб бу кўрсаткич 18 393 тани ташкил этган.
Жамоатчилик ҳам ушбу муаммога бефарқ эмас. Мисол учун, АОКА ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Telegram мессенжерида очилган @stopnarko_botга фойдаланувчилардан 2024 йил мобайнида 2 484 та фотоли, 128 та видеоли, 54 та файлли, 4 та аудиоли, 829 та линкли, 17 та овозли, 13 та GIFли хабарномалар келиб тушган.
Ўз навбатида, ички ишлар органлари бу борада аниқланган ҳолатларни қонун доирасида кўриб чиқиб, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш, АОКА эса ижтимоий тармоқлар маъмуриятлари билан ҳамкорликда онлайн платформалар ва саҳифалар орқали ноқонуний контентнинг тарқатилишини чеклаш чораларини кўрмоқда.
Юқоридаги рақамлар эса мазкур йўналишдаги ишларимизни янада кучайтиришни тақазо этмоқда. Бунинг учун, энг аввало, ҳуқуқий асосни мустаҳкамлашимиз, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишимиз керак. Чунки «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинганига ҳам салкам етти йил бўлди. Ўтган давр мобайнида интернет ва ижтимоий тармоқлар, умуман, рақамлаштириш соҳаси сезиларли ривожланди. Хулоса шуки, қонунчиликка ҳам мос равишда янгиланиш ва ўзгартиришлар киритиш замон талабидир.
Маъмуржон Парпиев,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи
КРЕДИТГА ОЛИНГАН УЙНИ СОТСА БЎЛАДИМИ?
САВОЛ;
Мен ипотека шартномаси асосида кредитга уй олган эдим. Хозирги эхтиёжимдан келиб чиқиб уйни сотмоқчи бўлсам танишларим менга уйни кредитини тўлаб бўлмагунимча буни иложи йўқ эканлигини айтяпти. Шу тўғрими ?
ЖАВОБ;
Амалиётда кредитга олинган уйлар олинган кредитнинг таъминоти сифатида гаровга олинади. Яъни, ўртада тузилган гаров шартномасига асосан то кредит қарздорлиги тўланмагунча ўша олган уйингизга банклар томонидан сотиш учун тақиқ қўйилган бўлади.
Хўш, нима қилиш мумкин?
“Ипотека тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасида,➖ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган мол-мулк, агар ипотека тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ипотекага қўювчи томонидан сотиш, ҳадя этиш, айирбошлаш орқали ёки ўзгача усулда фақат ипотекага олувчи(Банк)нинг розилиги билан тасарруфдан чиқарилиши мумкинлиги кўрсатилган. Яъни, агар банк Сизга мабодо, ўша уйни сотишингиз учун ёзма равишда розилик берса шунда уйни сотишингиз мумкин бўлади лекин, банклардан бундай розиликни олишдан кўра японга Ўзбек тилини ўргатиш осонроқ..
Демак имкони йўқ эканда?
Фуқаролик кодекси 322-моддасида қарзни бошқа шахсга ўтказиш деган норма бор. Агар кредит берган банк розилик берса, шу ипотека кредитини бошқа бир тўловга лаёқатли шахсга (янги қарздорга, ёки Сиз сотмоқчи бўлган ўша одамга) ўтказиш мумкин.
Бу қандай бажарилади?
Бунда Сиз билан банк ўртасида тузилган шартномага ўзгартириш киритилади ва шартнома бўйича Сизни зиммангизда бўлган барча мажбуриятлар иккинчи шахсга ўтади вассалом. Банкларнинг шу шартга рози бўлиш эхтимоли йўқ эмас.
КОНТРАКТИНИ ТЎЛАЙ ОЛМАГАН ТАЛАБА ЎҚИШДАН ЧЕТЛАТИЛИШИ МУМКИНМИ?
САВОЛ:
Талаба контракт тўловини ўз вақтида тўлай олмаганлиги сабабли ўқишдан четлатилиши мумкинми ?
⚡️ЖАВОБ:
Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2017 йилдаги 393-сон қарорига 3-илова қилиб келтирилган низомда, талабаларнинг ўқишдан четлаштириш асослари келтирилган бўлиб,
▪️ҳусусан,
➖ тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли ўқишдан четлатилиши мумкинлиги хам мазкур низомда кўрсатилган.
✏️ Шу ўринда бир эътиборли ҳолат! Тўғри, таълим муассасалари контракт тўловини ўз вақтида тўлай олмаган талабани ўқишдан четлатиши мумкин, лекин бу мумкин ҳолос. Контракт пулини ўз вақтида тўламаган талабалар ўқишдан четлатилиши шарт дейилган қоида йўқ. Агар талаба таҳсил олаётган таълим муассасаси ўзи хоҳласа контрак тўловини вақтида тўлай олмаган талабаларга хам имконият бериши мумкин ва бунинг учун ўша таълим муассасасига ҳеч ким эътироз билдирмайди.
ҚОЗОНЛАБ СОТИЛАЁТГАН САРАТОН
Бугун бозорга тушсангиз турли ишлаб чиқарувчилар таклиф қилаётган ҳилма -ҳил қозонларга кўзингиз тушади.
Кеча бозорга тушиб, жудаям арзон сотилаётган алюмин қозонларга кўзим тушди. Нима қилибди? Арзонгинаку! дерсиз. Бироқ, алюмин қозоннинг саломатлик учун қанчалик хавф туғдиришини биласизми? Агар қозон анодланмаган яъни махсус қопламали бўлмаса унда мутлақо овқат пишириб бўлмайди.
Анодланган алюмин қозоннинг сирти ялтираб турмайди. Хира- ўрисча қилиб айтганда “матовый” тус олади. Бозордаги аксарият алюмин қозонларда эса бу қоплама йўқ. Ялтираб ётибди.
Ялтироқ алюмин қозонларда тайёрланадиган таомлар келтириб чиқарадиган касалликлар хақида эшитганмисиз?
Анодланмаган алюмин қозондан фойдаланиш инсон саломатлигига салбий таъсир қилади. Бунинг асосий сабаби – алюминнинг таомга чиқиб кетиши ва организмга тушишидир. Қуйида шунинг эҳтимолий оқибатларини санаб ўтаман.
1. Нерв тизимига таъсири
Алюмин мияда тўпланиб, Алцгеймер касаллиги ва бошқа когнитив бузилишлар хавфини оширади.
Ҳаддан ташқари алюмин таъсири хотира пасайиши ва диққатсизликка олиб келади.
2. Ичак-ошқозон тизимига зарари
Алюмин ошқозон шиллиқ қаватини шикастлаб, гастрит ва ошқозон яраси, сўнг ошқозон ракини келтириб чиқаради.
Овқат ҳазм қилиш жараёнига таъсир қилиб, ич қотиши ёки диарея (ичкилик) келтириб чиқариши мумкин.
3. Буйракларга зарари
Алюмин буйрак орқали чиқарилади, лекин буйрак етишмовчилиги бўлган одамларда у организмда тўпланиб, захарли таъсир кўрсатади.
4. Иммунитет тизимига таъсири
Алюмин ортиқча миқдорда тўпланса, иммунитет тизимига таъсир қилиб, аутоиммун касалликлар хавфини ошириши мумкин.
5. Суюқлик ва минерал мувозанатини бузиши
Алюмин кальцийнинг сўрилишини пасайтириб, суяклар мўртлашиши ва остеопорозга олиб келади.
Алюмин қозон ва онкология ўртасидаги боғлиқлик ҳақида турли тадқиқотлар ўтказилган.
Алюмин ва онкология ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликлар:
1. Ҳужайраларнинг зарарланиши
Алюмин оксидловчи стрессни ошириб, ҳужайраларга зарар етказиши мумкин. Бу ҳолат ДНК мутацияларига сабаб бўлиши ва онкологик жараённи тезлаштириши мумкин.
2. Бўғим ва гипоталамус касалликлари
Алюмин баъзи тадқиқотларда гипоталамус ва кўкрак бези тўқималарида тўпланиши аниқланган. Айрим олимлар бу ҳолат кўкрак бези саратон хавфини ошириши мумкин деб тахмин қилишади.
3. Эстроген таъсир
Алюмин гормонлар мувозанатига таъсир қилади ва шу йўл билан гормонал онкология (масалан, кўкрак бези саратони) хавфини оширади.
4. Ҳарорат ва кислотали озиқ-овқат билан реакция
Иcсиқ ва кислотали озиқ-овқатлар (помидор, лимон, уксусли маҳсулотлар) алюмин қозонда пиширилганда, металл кўпроқ ажралиб чиқиши ва овқат орқали организмга тушиши мумкин….
Мен алюмин қозон сотаётган бешта харидордан “қозонлар анодлангагми, сертификати борми?” деган саволни бердим. Бироқ бешаласи ҳам “арзон қозонда сертификат бўлмайди” деган жавобни беришди. Одамлар эса ўша қозонларни харид қилишяпди.
Улар болалари, невараларига таом пишириб беришади ва ўзлари билиб, билмаган холда яқинларини захарлашларини билишармикан?
Ривожланган давлатларда қозон ва унинг ўрнини босувчи идишлар фақат зангламайдиган пўлатдан ишлаб чиқарилади. Кўп таомлар сирланган яъни эмал сиртли идишларда тайёрланади. Чунки зангламайдиган пўлат ва сирли идишлар максимал даражада соглиқ учун бехатардир.
Ўзимизда эса, ота боболаримиз азалдан чўян қозонларни танлашган. Сабаби
Чўян қозон (чўяндан ясалган қозон) бир нечта муҳим афзалликларга эга:
1. Иссиқликни яхши ушлаб туради – Чўян узоқ вақт давомида иссиқликни сақлайди, бу эса таомларни бир текис пиширишга ёрдам беради.
2. Ҳароратни барқарор ушлаб туради – Таомларни паст ҳароратда узоқ вақт пишириш учун идеал, масалан, ош, шўрва ёки қайнатма таомлар учун.
3. Чўян қозон юзлаб йиллар давомида хизмат қилиши мумкин.
4. Табиий ёпишмага қарши хоссаси – Вақт ўтиши билан қозоннинг ички қисмида табиий ёғли қатлам ҳосил бўлади, бу эса таомларнинг ёнмаслигига ёрдам беради.
5.Таомга махсус мазза беради – Чўян қозонда пишган таомлар ўзгача ва ёқимли мазали бўлади.
6. Барча турдаги плиталар ва оловда ишлатилади – Газ плитаси, электр плита, печка ва ҳатто очиқ оловда ҳам ишлатиш мумкин.
7. Зарарли моддалар чиқармайди – Синтетик ёпишма қопламали идишларга нисбатан табиий ва хавфсиз ҳисобланади.
Танлов сизга хавола!
Бозорга тушсангиз қозон танлашда янглишиб қолманг!
Муаззам опа саҳифасидан…
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли қонуни билан Жиноят Кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 46-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:«Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами ўттиз кундан кўпроғини ўташдан узрли сабабларсиз бўйин товласа ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетса, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товланган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди»;
Бундан ташқари 481-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан уй-жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёхуд ишлаш ёки ўқиш вақтидан, шунингдек иш ёки ўқиш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклашдан иборат»;
Шунингдек, ЖК 73-модда: учинчи қисмининг «в» бандидаги «шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса» деган сўзлар чиқариб ташланиб, тўртинчи қисми «г» бандининг ўзбекча матнидаги «нисбатан қўлланилмайди» деган сўзлар чиқариб ташланди; тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги «д» банд билан тўлдирилди: «д) жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди»; шу билан бирга қуйидаги мазмундаги бешинчи — тўққизинчи қисмлар билан тўлдирилди: «Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида суд асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклатиши мумкин:
а) ишга ёки ўқишга жойлашиш;
б) муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органга хабар бериш;
в) муайян жойларга бормаслик;
г) алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;
д) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни ички ишлар органлари, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хулқ-атвори устидан назоратни эса — ҳарбий қисмлар ёки муассасаларнинг қўмондонлиги амалга оширади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан суд илгари ушбу шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши ёхуд унинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатиши мумкин.
Прокурорнинг тақдимномасига ёки адвокатнинг илтимосномасига биноан суд жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.
Агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўталмаган жазо муддати давомида бажармаса, суд унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ва ўталмаган жазо муддатини ўташи ҳақидаги масалани кўриб чиқади»;
Бундан ташқари ЖК 74-модда учинчи қисмининг «в» бандидаги «шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун» деган сўзлар чиқариб ташланди.
Боборахим Ачилов, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси
Иримларга ишонасиз…(ми?!)
– Онангиз ўргатмаганми, келин, супургини тикка қўйиб бўлмайди, бунақада уйимизга мусибат олиб келасиз. Менга беринг, супургини,- қўшни “холамиз” ҳар кунги жаврашларини бошлади,-қандай “уқмаган” келинсиз-а, супургини қўлга бермайдилар, ерга ташлайдилар.
Дарвоқе, “ирим-сиримлар қироличаси” деб ном олган қўшнимизнинг ҳар бир вазиятга ғалати ёндашиб, воқеа-ҳодисалардан “магия” излашлари бир қарашда кенг тарқалган ҳолат бўлса-да, бунинг асосий сабаби диний билимларимизнинг камлигида.
– Қизим, келинг тасаддуқ, вой остонадан ҳатланг, остонада кўришиш хайрсиз, – қўшнимиз ўз гапларига астойдил ишониб қошларини чимирди. – Келин, чойдан қуйинг, – чойдаги пуфакчаларни бошига суртаркан, давом этди, – ўзи ўнг қўлим анчадан бери қичишяпти. Пенсия келадими, дейман…
Одамлар орасида турли хилдаги ирим-сиримлар талайгина. Қора мушук йўлини кесиб ўтиб қолса, қалампир ёки аччиқ нарсаларни қўлдан-қўлга берса, чап кафт қичишса, бойўғли сайраса бу ҳолатларни бахтсизликка боғлайдиганлар жамиятда топилади.
Келинг, биргаликда бир ирим тарихини кўриб чиқамиз. Айримлар остонада ўтириб, унинг устида кўришиб бўлмайди, деган сафсатага ишонишади. Гап шундаки, қадим замонларда ўликларнинг кули уй остонаси тагига кўмилган. Шунинг учун остонада туриб, олди-берди қилиш уларнинг руҳини безовта қилиши мумкин, деб ҳисобланилган. Бундан ташқари, остона – бехавотир уй билан хавфли дунё ёки яна ҳам қўрқинчлиси – тириклар дунёси билан ўликлар дунёси ўртасидаги чегара ҳисобланармиш. Ана шунақа гаплар…
Бу мақолани ёзишдан олдин анчагина манбааларни кўриб чиқишимга тўғри келди. Аслида, бировнинг ишонч-у эътиқодини чиппакка чиқариш фикридан йироқман. Аммо ирим-сирим бидъат, ҳар бир бидъат залолат, деган жумлани ўқидим-у, бу мавзуда ёзиб хато қилмаётганимни англадим.
Тирноқ олишни қайсидир “махсус” кунга боғлайдиганлар, ёки тунда олиш, оёқ ва қўл тирноғини бир вақтда олиш мумкин эмас, дейдиганлар ҳамиша топилади. Энг қизиғи, салгина тафаккур қилинса, бу “фалсафа” аслида ўйлаб топилган сафсаталиги англашилади. Бундайларга қарата, тирноқ қачон ўсса олинаверади-да, дегим келади.
Аслида, меҳмон кетгач, орқасидан супурилса, хўроз бемаҳал қичқирса, чап қовоқ учса, сафар ойида тўй қилинса, дуо қилинаётганда дастурхон устида туз ёки пичоқ бўлса, биров тишлаган нонни еса, шомдан кейин сут тарқатса, одамнинг эгнида кийим чатилса, ҳеч бир ёмонлик содир бўлмайди. Бахт ёки бахтсизлик синиқ ойнага қарашга, пешонанинг кенглигига, кўрпача ёки хонтахтанинг бурчагига ўтиришга боғлиқ эмас.
Агар Аллоҳ зиён етказмаса, олам бир бўлиб ҳам сизга зиён етказолмайди. Уйингизга осилган тақа-ю исириқ, шода-шода кўзмунчоқ, кези келганда ўзини асролмайди-ку, сизни қандай асрасин?! Белгиланган ризқ эса чойдаги пуфакларни пешонангизга суртмасангиз ҳам, биринчи савдо қилинган даромадни сотиладиган нарсаларга уриб чиқмасангиз ҳам, ўнг кафтингиз қичишмаса ҳам манзилингизни топиб келаверади.
Аёлларни-ку, иримга ишонса, аёл-да, деб қўямиз. Аммо эрталаб йўлини аёл кесиб ўтса, шумланадиган эркаклар ҳам борлиги ачинарли ҳол. Юлдуз учса, қайсидир тақдирнинг сўнгани, дея таърифлайдиганлар, аслида, юлдузлар инсондан олдинроқ яратилганлиги ҳақида тафаккур қилсалар соз бўлар эди. Бешикни икки киши кўтариши мумкин эмас, дегувчиларнинг гапида ҳеч бир мантиқ сезмаймиз.
Дарвоқе, “янгилик” яратишга ўчларга қарата сермаҳсул ижодингизни инсониятга фойда келтирадиган кашфиётлар қилишга қаратинг, дегим келади.
Ситора Шамсиддинова
«Ўзбекистон темир йўллари»нинг ёғоч ковуши ёхуд мақолага муносабат қани?!
Саботаж француз тилидан олинган – sabotage, яъни ёғоч ковуш билан тақиллатмоқ маъносини беради. Хўп, ёғоч ковушнинг бу мавзуга нима қалоқаси бор дерсиз. Тасаввур қилинг, ёғоч ковуш кийган одам у ёқдан буёққа юриб асабингизга тегаяпти. Саботаж сўзининг маъноси онгли ҳолда зараркунандалик, яъни ёғоч ковуш кийган одам сизга онгли равишда зараркунандалик қиляпти.
Яна бир маъноси — шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан онгли ҳолда ўз хизмат вазифасини атайлаб бажармаслик ёки сифатсиз ва бепарволик билан бажариш, ишдан бош тортиш, ислоҳотларга зимдан қаршилик. Мана тўрт кундирки, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Xabar.uz сайтида чиққан «Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти(ми?)» сарлавҳали мақолага ўз муносабатини билдиргани йўқ.
Гапни нима учун саботаждан бошладик, сабаби «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг нафақат йўловчиларга қониқарсиз хизмат кўрсатиб ислоҳотларни йўққа чиқараяпти, балки журналистнинг мақоласига вақтида жавоб бермай онгли ҳолда ўз хизмат вазифасини атай бажармаяпти… Ҳаттоки, ҳаракат ҳам қилмаётганга ўхшаяпти. Ўша мақола чиққанидан кейин мухбиримиз Лайло Ҳайитовага матбуот котиби, «йўқ ҳали текширув ўтказилаяпти, бир-иккитаси ишдан бўшасин кейин жавоб берамиз», деган қуруқ гапдан нарига ўтмаган. Зеро, бундан олдин ҳам худди шундай танқидларга, бўлиб ҳам хориж блогерларининг танқидига от чоптириб жавоб берган «Ўзбекистон темир йўллари» журналистнинг мақоласига жавоб беришга шошмаяпти ёки менсимаяпти.
Матбуот котиби журналистикага оид барча янгиликлар, ўзларига қўйилаётган талаблардан ё хабарсиз ё хабари бўлсаям оч қулоғим тинч дейдиганлардан, шекилли. Агар мабода эсида бўлмаса, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бир йиғилишда айтган гапини эслатиб қўймоқчимиз: «Оммавий ахборот воситаларида чиққан негатив маълумот 1 соат ичида вилоят ҳокимига етказилиши керак. Кўпи билан 3-4 соат ичида расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида дастлабки ўрганиш натижалари эълон қилиниши керак. Яъни «ўрганяпмиз» ёки «кўрдик бу маълумотни», «ҳа ҳақиқатдан ҳам бу масала бизнинг вилоят билан боғлиқ, бизнинг туман билан бўлган масала», деб фикр билдириш керак. 24 соат ичида мазкур воқеа, воқелик ёки ҳодиса бўйича аниқ позиция бўлиши керак».
Шу ўринда журналист Норқобил Жалилнинг facebook саҳифасидаги постига эътибор қаратишингизни сўраймиз: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Xabar.uz» мухбирига нима деб жавоб бераркин?!
«…Эсланг, 2023 йил 18 февраль куни «Шарқ» йўловчи поездининг «Самарқанд – Тошкент» йўналишида ҳаракатланган россиялик сайёҳ-блогер Илья Варламов ўзи келган купе вагонида гувоҳи бўлган камчиликлар ҳақида видеолавҳа тарқалгач, ушбу ҳолатга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ расмий муносабат билдирган ва айбдорлар қонун доирасида жазоланган ҳам эди. Яқинда эса ўзимизнинг уч-тўрт артистларимиз ҳам поездларда (менимча, оддий халқ неча йилларки, бундай миннатли хизматдан баҳра олиб келишаётганини улар билишмагандир балки) йўловчиларга етарли шароитлар яратилмагани ҳақида ижтимоий тармоқда видеолавҳа қўйишганидан сўнг қанча гап-сўзлар бўлганди. Орадан кўп ўтмади яна бир хорижлик, тўғрироғи, эронлик машҳур саёҳатчи блогер Муизин Миратварий ҳам «Афросиёб» поездида кўрган-кечирган хуш-нохуш таассуротларини эълон қилди! Роса ваҳима қилишди-ку, чора-тадбирлар белгиладик, айбдорлар жазоланади, дегандай. Аммо…
«Xabar.uz» сайтида куни кеча эълон қилинган аччиқ ва аламли танқидий мақолага ХАЛҚ билан, ЖАМОАТЧИЛИК бирга жиддий жавоб топиш вақти келмадими?
Мақола муаллифи – таниқли журналист Лайло Ҳайитова ўзи гувоҳ бўлган ўта аянчли воқеаларда, заррача муболаға йўқлигига ишончим комил. Сабаби, айнан аҳолига темир йўл хизмати кўрсатишдаги кўнгилсиз ҳолатлар хусусида Лайло авваллари ҳам бир неча марта жонли, ҳаётий мисоллар орқали мақола эълон қилганига гувоҳман. Лекин, минг афсуски, унинг бу чиқишлари ҳавога учиб кетгани рост!
Хўш, ким жавоб беради: Лайло Ҳайитованинг юқорида, тилга олганларим – хорижлик блогерлардан кам жойи борми? Ким айтади? Нега унинг «огоҳликка чорлов»лари жавобсиз қолмоқда? Танқидий чиқишлари нохолис, бир ёқлама ё нотўғри бўлса муносабат билдириш керак-ку ёки танқидига раддия талаб қилиш керак эмасмиди? Сукут сақлашга устамиз биз.
Хориждаги айрим ОАВлар ёки сайту қандайдир хусусий ТГлар қайсидир соҳамизни тўғрими-нотўғрими, салгина «уриб» чиқса оёғини қўлга олиб зир югурадиган МАТБУОТ КОТИБлари, нега жимсиз? Овоз беринг, қаердасиз? Нега сукут сақлаяпсизлар? Раҳбарингиз имкони борича бундай «совуқ хабар»ларни билмаса, ўқимаса, кўрмаса, сизга яхши-да, тўғрими?
Дангал гапни айтайми, аслида ўша рус блогер Илья Варламов ёки эронлик блогер Муизин Миратварий шов-шув кўтарган видео чиқишлар шахсан менинг назаримда «Xabar.uz» мухбири Лайло Ҳайитованинг «қалампирли» мақоласи олдида ҳатто сариқ чақагаям арзимайди. Уларнинг устунлиги – чет эллик экани-да, қандай бўлмасин, имижимизга соя соладиган бундай чиқишларга «шессекунд»да жавоб тайёрлаймиз. Ўзимизникига келганда эса…
Ҳа, энди, ўзимизники ёзса ёзибди-да, арзимаган битта «узр»минан қутуламиз, дейдиганлар, энди адашасиз! Президент, давлатимиз сизлардан бундай совуққонлик, лоқайдликни кутаётгани йўқ. Энди бор ҳақиқатни хаспўшлаш, хўжакўрсинликка ёзилажак «отписка»лар, ёлғон муносабатлар ёзиш даври ўтди. Халқни, одамларни энди алдаб бўлмаслигини тезроқ англаб етинглар!».
Тасодифни қарангки, ўша кунлари, яъни 6 август куни Президент ҳузурида темирйўл соҳасидаги натижалар ва режалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда йўловчи вагонларининг аҳволи, совитиш тизимидаги муаммолар бўйича кўп эътирозлар бўлаётгани таъкидланди. Ўтган йили 10 октябрда «Ўзбекистон темирйўллари» АЖни трансформация қилишга оид президент қарори қабул қилинган эди. Бу жараёнга кўмаклашиш мақсадида халқаро консалтинг компанияси ҳам жалб этилди.
Ўша йиғилишда таъкидланишича, илгари йиллар давомида зарарга ишлаб келган «Ўзбекистон темирйўллари» бу ислоҳотлар натижасида фойда кўришга ўтган. Аммо Ўзбекистон темир йўлларидаги бугунги аҳвол ислоҳотлар ҳақида эмас, балки норозиликлардан дарак бериб турибди. Айнан мана шундай ҳолатлар онгли ҳолатда зараркунандалик, ислоҳотларга қарши саботаж эмасми?
Тақдимотда кейинги вақтларда йўловчи вагонларининг аҳволи, совитиш тизимидаги муаммолар бўйича кўп эътирозлар бўлаётганига урғу берилгани ҳам бежиз эмас. 143 та вагон таъмирталаб. 59 та локомотив хизмат муддатини ўтаб бўлганлигига ва шунинг учун янги йўловчи вагонлар ишлаб чиқаришга Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 50 млн доллар ажратилаётганига алоҳида урғу бериб ўтилди. 38 та локомотив олиб келиш ва 12 та электровозни модернизация қилиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан 181 млн долларлик келишувга эришилган. Бу чакана маблағ эмас.
Шуууунча ислоҳотлар бўлсаю мақола муаллифи айтганидек «Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖнинг расмий саҳифасида 712-Ф сонли «Тошкент – Бухоро» йўналишида ҳаракатланган йўловчи поезд ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга матбуот котиби томонидан шундай изоҳ билдирилибди: 2024 йилнинг 1-август куни ҳаракатланган мазкур поездда йўловчиларни «Купе» вагонга ўтказишни ваъда қилган вагон кузатувчиси ва поезд бошлиғига нисбатан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан хизмат текшируви бошланди. Хизмат текшируви натижаси ҳақида «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ расмий саҳифаларида эълон қилинади…
Орадан тўрт кун ўтди. Телеграмдаги расмий саҳифада шунча ислоҳотлар кетаётган соҳа ҳақида тўртта хабардан бошқа нарса қўйилмаган. Таҳририят эса ҳар куни бир неча бор саҳифани кузатишдан бўшамаяпти – бизга берилиши керак бўлган муносабатдан ҳали умидини узгани йўқ.
«Ўзбекистон темир йўллари» эса ёғоч ковушини ечиш нияти йўққа ўхшаяпти – тақ-туқ, тақ-туқ…
Бухоролик 18 ёшли йигит Notcoin орқали пул ўмарди
У пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Notcoin орқали ноқонуний тарзда пул ўзлаштирган йигит қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 21 ёшли Ҳ.Ж. ИИОга мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 1.400.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Бухоро вилоятида яшовчи 18 ёшли Ф.Э. содир этганлиги аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган, Ф.Э., Telegram орқали Ҳ.Ж. билан гаплашиб, унга Notcoin сотиб олишини айтган ва уни қизиқтириб, тўловни олдиндан амалга оширишни талаб қилган. У 1.400.000 пулларини ўзининг банк картасига ўтказиб олгандан сўнг ёзишмаларни ўчириб юборган ва пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ф.Э.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми ”г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғиждувондаги қўшнилар «дуэл»и аянчли якун топди
Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида яшовчи 52 ёшли фуқаро асфальт ётқизилган йўлни тўсиб қўйгани учун қўшнисини газ тўппончаси билан отиб қўйди.
Ҳолат Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани судида кўриб чиқилган.
Воқеага кўра, Ғиждувон туманининг Помўза маҳалласида яшовчи Н. В. уйига бориладиган йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги учун йўл қўшнилари Зариф Зиёдов ҳамда Гулшода Каримовалар томонидан шлакаблок билан ёпиб қўйилганига гувоҳ бўлган. Ўз автомашинасини маст ҳолда бошқариб келган Н. бундан жаҳлланган ва қўшниларининг ҳовлисига бақир-чақир қилиб кирган. Қўшнисининг важоҳатини кўрган Зариф ва Гулшодалар уни тинчлантиришга уринишган. Йўл таъмирланаётгани, асфальт янгилиги, шу боис, бир муддатга йўлни тўсиб қўйишганини тушунтиришган. Гулшода ўз хонадонида кўпчилик билан янги асфальт йўлни «ювишаётгани”нини айтиб, улар Нодирни тушликка таклиф қилишган ва спиртли ичимлик тутишган. Ширакайф ҳолатдаги Нодир ароқни рад этмаган.
Орадан кўп ўтмай, Нодир Восиев яна жанжал чиқарган ва кўпчилик олдида Зариф Зиёдовнинг иззат-нафсига тегиб, дастурхон бошидан туриб кетган.
Қоронғу чўка бошлагач, қўни-қўшнилар олдида иззат-нафси топталган Зариф алам устида Нодирга қўнғироқ қилган ва туман марказидаги «Ҳумо» тўйхонаси орқасига «дуэл»га чақирган.
Қўшнилар тўйхона олдида кўришишган ва Зариф ҳали Нодирга нега бундай ҳатти-ҳаракатда ва одамлар олдида ўзини ноқобил тутганини сўрашни бошламасидан, Нодир унга қўл кўтарган. Улар бир-бирлари билан муштлашиб кетишган, дўппослашишган. Шу топда Нодир ёнида бўлган газ тўппонча билан Зарифнинг чап қулоқ қисмидан бир маротаба отган. Тўппончанинг баланд товуши ва Зарифнинг ўкирикли овози атрофдагиларни ўзига жалб этган. Бир пасда одамлар тўпланишган ва кўп ўтмай, ички ишлар органлари ходимлари воқеа жойига етиб келишган.
Жароҳатланган Зариф Зиёдов «Тез ёрдам» машинасида туман марказий касалхонасига олиб кетилган.
Судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, Зариф Зиёдовнинг танасида чап қулоқ супрасидаги яраси, бош тепа-ўнг чакка соҳасидаги шилинмаси кўринишдаги жароҳатлар аниқланган. Ушбу жароҳатлар ўқотар қуролдан етказилгани, оғирлик даражасига кўра соғлигини қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати тоифасига кириши қайд этилган. Худди шунингдек, Нодир Васиевнинг танасида чап билак кафт бўғими юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўкрак қафаси олд юқори ўнг томонидаги қонталаш ва шилинмаси, ўнг ва чап тирсак бўғими орқа, ўнг ва чап тизза олд юзасидаги шилинмалари кўринишидаги тан жароҳатлари аниқланган. Суд-тергов ишлари давомида Нодир ишлатган қурол Германия давлатида «Reck International» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилгани, «Perfecta FBI 8000» русумли, 8 мм. калибрли, «6496547» рақамли газ тўппончаси экани очиқланган. Нодир бу тўппончани Навоий вилоятидаги Айдаркўлга автомашинасида мижозларини олиб борганида топиб олганини, унинг ўзига тегишли эмаслигини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Азамат Норбековнинг маълум қилишича, айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисмининг «в» банди қўлланилган. Ушбу модда билан айбдор 2 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазосини олган.