БАЛЛАР ПАСТ БЎЛСА ҲАМ, БАРИБИР, БУХОРО АБИТУРИЕНТЛАРИ БИРИНЧИГА ЧИҚИШДИ

#Вачач😃

БАЛЛАР ПАСТ БЎЛСА ҲАМ, БАРИБИР, БУХОРО АБИТУРИЕНТЛАРИ БИРИНЧИГА ЧИҚИШДИ😁🤟🏼

Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари якунига етди. 46.9 фоиз абитуриентлар ўқишга кириш учун етарли минимал баллни тўплай олмади.

 

Тест топширган абитуриентларнинг натижалари mandat.uzbmb.uz сайтида эълон қилинди.

 

Бу йил жами 737 351 нафар абитуриент тест синовларида қатнашди. Бу ўтган йилгидан 151 мингга кам. Рухсатнома чиқарилган 65 243 нафар абитуриент имтиҳонга келмаган. Тестдан четлатилганлар – 94 нафар.

 

Ҳудудлар кесимида ўртача баллар қуйидагича:

 

Билимда биринчи ўринни забт этган Бухоро вилояти — 75,9 балл;

 

Тошкент шаҳри — 74,6 балл;

Фарғона вилояти — 69,9 балл;

Наманган вилояти — 68 балл;

Хоразм вилояти — 68 балл;

Навоий вилояти — 67,2 балл;

Самарқанд вилояти — 67 балл;

Қашқадарё вилояти — 65,9 балл;

Жиззах вилояти — 65,5 балл;

Сурхондарё вилояти — 64,7 балл;

Тошкент вилояти — 64 балл;

Андижон вилояти — 63,5 балл;

Қорақалпоғистон Республикаси — 63,3 балл;

Сирдарё вилояти — 62,8 балл

Тестда қатнашган абитуриентларнинг 345 869 нафари ўқишга кириш учун йиғиш керак бўлган минимал 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. Бу жами абитуриентларннинг 46,9 фоизи.

 

Умиджон Тўраев – масофавий таълимдан воз кечиб, анъанавий таҳсилда иштирок этишим учун имкон берилди!

     Вобкент тумани Шифокор маҳалласида яшовчи Умиджон Тўраев айни дамда 20 ёшни қаршилаган бўлиб, тенгдошларига нисбатан жуда ақлли, мулоҳазали ва тадбиркор йигит. Ота-онаси ташкил этган “Умиджон маркет” савдо дўконини маркетинг ва бозор иқтисодиёти талаблари асосида юритиб келаётган қаҳрамонимизда болаликдан ногиронлик мавжуд. Бироқ бу Умиджоннинг ўқишига, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ривожланишда давом этишида умуман тўсқинлик қилмайди. Уч ўғилнинг каттаси бўлган Умиджоннинг отаси тадбиркор, онаси эса ҳамшира бўлиб фаолият юритади. Бизнес, ИТ соҳаларига қизиқувчи Умиджон Жасурбек ва Алибек исмли укаларига ҳам ҳозирда компьютер сирларини ўргатиб келяпти. Ўзи эса айни дамда Тошкент давлат Аграр университетининг 1-босқич таҳсилини якунлади.

Умиджонни қийнаб келаётган муаммолардан бири унинг электрон аравачага муҳтожлигидир. Чунки ҳозирда масофавий таълим олаётган йигит дарсларда иштирок этиши, турли ўқув курсларида малака оширишга бориб-келиши учун ҳам бу мосламага эҳтиёжи жуда юқори эди. Туман “Инсон” ижтимоий хизматлари марказига қилинган мурожаат бесамар кетмади. Яқинда унда ўзи истаганидек электрон аравача тақдим этилди. Табиатан мустақил бўлишни хоҳлайдиган қаҳрамонимиз учун аравачанинг берилиши айни муддао бўлди.

Эндиликда Умиджон бемалол ҳаракатланиши, ўз устида ишлаши, ўқув машғулотларига қатнашиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, Умдижоннинг тадбиркорлик соҳасидаги таклифлари оилавий савдо шахобчасида тадбиқ этилганидан сўнг, савдо ҳажми 30-40 фоизга ошганининг ўзиёқ, Умиджон кейинги муваффақиятлари янада юксакроқ бўлишидан дарак беради,.

 

Бухоролик 18 ёшли йигит Notcoin орқали пул ўмарди

У пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Notcoin орқали ноқонуний тарзда пул ўзлаштирган йигит қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 21 ёшли Ҳ.Ж. ИИОга мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 1.400.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Бухоро вилоятида яшовчи 18 ёшли Ф.Э. содир этганлиги аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган, Ф.Э., Telegram орқали Ҳ.Ж. билан гаплашиб, унга Notcoin сотиб олишини айтган ва уни қизиқтириб, тўловни олдиндан амалга оширишни талаб қилган. У 1.400.000 пулларини ўзининг банк картасига ўтказиб олгандан сўнг ёзишмаларни ўчириб юборган ва пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ф.Э.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми ”г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Amerikani zabt etayotgan buxorolik!

Vobkent tumanining iste’dodli yosh arxitektori va 3D dizayneri Jamshid Kamolov hozirda erkin freelancer sifatida o’z ishini Amerikadan buyurtmalar olib bajaradi va uning loyihasi asosida Amerikada bir nechta uylar va loyihalar qurilib kelmoqda.                                                                           Avvaliga Jamshid uy sharoitida ishlashga majbur edi, bu esa ko’p noqulayliklar keltirib chiqardi. Shaharda ham mos joy topa olmagan. Ammo, Vobkent tumani Yoshlar ishlari bo’limi boshlig’i Xushnutbek Rajabov unga tumandagi Yoshlar markazi binosidan maxsus xona ajratib berdi va barcha kerakli sharoitlarni yaratib berdi. Bugungi kunda Jamshid Kamolov to’laqonli ishlab, yuqori daromad topmoqda. Shuningdek, u o’z sohasining bilimlarini tuman yoshlariga o’rgatishga tayyor.

Ijodga qiziqadigan odam rivojlanadi, mablag’ga qiziqsangiz uzoqga bormaysiz — deydi Jamshid Kamolov

Qahramonimizning hikoyasi bizga shuni ko’rsatadiki, hech qanday qiyinchiliklar orzularimizga erishishga to’sqinlik qila olmaydi. Siz ham o’z maqsadlaringiz sari intilib, harakat qiling va hech qachon taslim bo’lmang!

Тошкентлик талаба: «Шаҳарда Соктаре қишлоғи шароитини тополмайсиз…»

Ғиждувон туманидаги Соктаре маҳалла фуқаролар йиғинида томонидан Соктари ҳудудидан Соктаре, Чоробод, Тагиқўрғон, Садриддин Айний, Шўробот, Янгиобод қишлоқлари ўрин олган. Мавжуд барча қишлоқлар ички хўжалик автомобил йўллари «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 4876 та овоз йиғиб, 1 млрд 360 млн сўм маблағ эвазига асфальтлаштирилган. Бири-биридан бўй талашган дарахтлару, гул чорбоғлар қишлоқлар кўркига кўрк бағишлаган. Турли цех ва ишлаб чиқариш корхоналари, маиший хизмат шахобчаларию тадбиркорлик субъектлари аҳоли хизматида.

«Бухоро давлат университетида ўқув жараёнлари 8 та бинода олиб борилса-да, йилдан-йилга талабгорлар сафи кенгаяётгани бевосита вилоятнинг турли туманларида жойлашган қулай имконият ва шароитга эга ўқув биноларида олийгоҳ филиалларини ташкил этишга чорлади. Шунда биз ривожланиш ва тараққиётда илдамлашаётган Ғиждувон туманининг Соктаре қишлоғини танладик. Аввалига бу қишлоқ туман марказидан икки-уч километр масофа олисда, деган қарашлар бўлди. Бироқ, бунда талаба-ёшлар учун зарур шарт-шароитларнинг етарлилиги, айниқса, аввалги Ғиждувон Транспорт ва Саноат касб-ҳунар коллежининг ўз даврида мустаҳкам барпо этилгани, айнан шу манзилда олийгоҳ филиалини ташкил этиш мақсади устивор бўлди. Айнан шу бинода 1806 нафар сиртқи таълим битирувчи курс талабаларимиз таҳсил олиб, жамиятимизга салоҳиятли кадрлар бўлиб етишди ва жорий йилда илк битирувчи бакалавр ва магистрларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди»,-деди Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳафизов.

Билдирилишича, Соктаре қишлоғининг қоқ ўртасида манзил топган Олийгоҳнинг мазкур филиалида 2023-2024-ўқув йили давомида сиртқи таълимнинг ўзида 9 та факультетдан 7 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. 233 та гуруҳнинг 4334 нафари қизлар, 2577 нафари эса йигитлардан иборат. Таълим жараёнларига 34 та кафедралардан 276 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар жалб қилинган.

Туманимизда Олийгоҳ филиали фаолиятини ташкил этиш ташаббуси мамлакати президенти томонидан маъқуллангач, талаба-ёшларнинг қатнаб ўқиши учун имтиёзли нархларда «Бухоро-Ғиждувон-Соктаре» йўналишида 2 та автобус хизмати йўлга қўйилган. Бошқа вилоятлардан келиб ўқийдиган талабалар учун 68 та аҳоли хонадонлари ва коттеджлар талабалар хоҳиш-истаклари даражасида тайёрланган. 10 ой давомида 2360 нафардан ортиқ талаба квартира ва меҳмонхоналарга жойлаштирилган. 2024/2025-ўқув йилида талабалар учун Соктаре маҳалласида 200 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилган.

«Айни пайтда Соктаредаги олийгоҳ филиалида 8 минг нафар талаба таҳсил олиб келмоқда. Куни кеча 1806 нафар битирувчи бакалаврига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимда талаба-ёшлар учун нима керак ва уни қандай кўнгилли ўтказиш лозим бўлса, ўзларининг талаб-истакларидан келиб чиқиб, баҳолиқудрат адо этишга ҳаракат қилдик. Биримиз ҳоким, биримиз ректор, яна биримиз ҳу-у, анови, казо-казо эмас, ёшларга ёшлардек қўшилишиб кетдик. Биз эмас, талаба-ёшлар бизга ёшлик завқини улашишди. Нафақат, битирувчи ва таҳсил олаётган талаба-ёшлар, балки қишлоқ ва маҳаллалардаги оддий-оддий одамларимиз ҳам кайфиятига жуда гўзал ижобий таъсир бўлди, деб ўйлайман. Умид қиламанки, ўқишни тамомлаб, қўлига диплом олган 1806 нафар талаба борки, жамиятимизга салоҳиятли кадрлар бўлиб етишади»,-деди Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров.

Мамлакатнинг турли вилоятларидан келиб, Ғиждувоннинг чекка қишлоғида ташкил этилган Олийгоҳида таҳсил олаётган талабалар Соктаренинг сўлим иқлими, яшил табиати ва шаҳар шароитидан қолишмайдиган имкониятлари ҳақида сўзлашди.

«Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида «мен шаҳарлик, сен қишлоқлик» дея бири-бирини камситадиган ёхуд ўрни келса, ҳақоратомуз сўзлайдиган тенгдошларимиз ҳақида хабарлар тарқалаётганига гувоҳмиз. Мен Тошкент шаҳрида туғилганман. Сўлим Соктаре қишлоғида қўним топган Олийгоҳ филиалида таҳсил олганимдан жудаям бахтиёрман. Бир хонадонда ижарада туриб яшадим. 5 йил давомида оиламдек бўлишди. Ҳатто, дарс соатларимда боламга қараб туришди. Самимий, дилкаш қишлоқ одамларидан кўп нарсани, жоиз бўлса, иш ва ҳунарлар ўргандим. Мен энди сигир соға оламан, қўй-қўзиларга ўт-ўлан териб, гул-гулзорларга қарай оламан, тикиш-бичиш кундалик ишимга айланди. Соктаре ва соктареликлардан миннатдорман, мен бунда ҳам илм, ҳам меҳнат, ҳунар топдим. Бир нарсани дадил айтишим мумкинки, шаҳарда Соктаре қишлоғи шароитини тополмайсиз…»,-деди Эъзоза Алихўжаева.

 

Бош мақсад: сифатли таълим яратиш, малакали мутахассис тайёрлаш

Сифатли таълим ва юқори салоҳият мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва маънан юксалиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Бунда тажрибали кадрлар сонини ошириш муҳим.

Хабарингиз бор, жорий йилда юртимизда Олий таълимга ўқишга кириш имтиҳонлари 14 июлдан старт олди. Билдирилишича, жами 805 минг нафар абитуриент талаба бўлиш истагида тест синовларида иштирок этади. Batafsil Бош мақсад: сифатли таълим яратиш, малакали мутахассис тайёрлаш

Бухорода йўлкира масаласида келиб чиққан жанжал нохуш якун топди

Бухоро шаҳрида такси ҳайдовчисини ўз яшаш хонадони ёнигача олиб борган мижоз, уни пичоқлади. «Xabar.uz» га манбасига кўра, такси ҳайдовчиси ва мижоз ўртасида йўлкира устида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 9 июль куни Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Н. йўлдан ўз яшаш хонадонига бориш учун такси тўхтатган. Асли Шофиркон туманилик такси ҳайдовчиси Н.А. мижозга автомашинасини тўхтатган ва кира ҳақини ўзаро келишишган. Шундан сўнг такси ҳайдовчиси мижозни унинг яшаш манзилигача олиб борган. Бироқ, мижоз ёнида келишилган миқдордаги пули йўқлигини рўкач қилган ва такси ҳайдовчиси билан ўзаро келишмовчиликка борган. Мижоз такси ҳайдовчисига пул керак бўлса, унга уйигача чиқишини билдирган. Н.А. мижозни унинг хонадони эшиги олдида кутишга мажбур бўлган. Ҳаял ўтмай, мижоз уйидан қўлида пичоқ билан чиққан ва кутилмаганда, такси ҳайдовчисининг елка қисмига пичоқ санчган. Ҳайдовчи воқеа жойида ҳушини йўқотган. Кўп вақт ўтмай, ҳолатга қўни-қўшнилар воқиф бўлишган ва зудлик билан «Тез ёрдам» чақиришган. Такси ҳайдовчиси оғир аҳволда Бухоро шаҳар марказий касалхонасига келтирилган. Тиббий ходимлар томонидан жабрланувчига зарурий тиббий муолажалар кўрсатилиб келинмоқда, ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли.

Маълум бўлишича, Р.Н. бир неча маротаба судланган ва хавфли рецедивист сифатида рўйхатда турган бўлган.

 

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Шуҳрат Жалоловнинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Тергов ҳаракатлари тўла ва холисона олиб борилиб, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади»,-деди Шуҳрат Жалолов.

Умида Раупова – иродамни мустаҳкамлашга, касаллик билан курашишга айнан мана шу ишим ёрдам беряпти

Жорий йилнинг 20-феврал куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бюджет ташкилотларига 20 минг нафар  банкларга 1 000 нафар ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш вазифаси юклатилган эди.

Шундан сўнг электрон сўровнома асосида хатлов ўтказилиб, 73 минг нафар давлат ташкилотларида ишлаш истаги бор ишсиз ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлари шакллантирилди.

Уларнинг орасида болаликдан ногиронлиги бўлган, Когон шаҳри Мирзо Улуғбек маҳалласида истиқомат қилувчи Умида опа Раупова ҳам бор. Умида опа 1974-йилда туг;илган бўлиб, ўз вақтида Маданият техникумини кутубхоначилик мутахассислиги бўйича тамомлаган. 23 йил давомида умумий ўрта таълим мактабларида кутубхоначи бўлиб ишлаган.

Қаҳрамонимиз яқинда ногиронлиги бўлган шахслар учун vacancy.argos.uz платформаси орқали эълон қилинган бўш иш ўринларидан бирига ариза топшириб, очиқ танловларда суҳбатдан яхши ўтиб, Когон шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабига кутубхоначи лавозимига ишга қабул қилинди.

– Узоқ йиллар давомида соҳам бўйича ишладим, – дейди Умида Раупова. Сўнгги йилларда эса соғлиғим анча ёмонлашиб, ишдан кетишга мажбур бўлган эдим. Даволанишлар натижасида ўзимга келган бўлсам-да, аммо ўзимга мос иш топиш муаммо эди. Ҳудудимиздаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари барча корхона ва ташкилотларда мен каби ногиронлиги бўлганлар учун бўш иш ўринлари эълон қилинганини айтганида қизиқиб кўрдим. Ариза қолдирдим ва суҳбат асосида ишга қабул қилиндим. Бир ўғлим бор. Ҳозирда Тошкент Ахборот технологиялари университетида таҳсил оляпти. Шу ўглимнинг келажаги учун ҳам ишлашим керак. Касал бўлишга, ётиб қолишга ҳаққим йўқ. Иродамни мустаҳкамлашга, мен ҳам жамиятнинг муҳим бўлаги эканлигимни яна бир бора англаб, касаллик билан курашишга айнан мана шу ишим ёрдам беряпти.

Ҳасан Рўзиқулиев ўзи орзу қилган замонавий аравачага эга бўлди

Олот тумани “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рўзиқулиевлар оиласини кўпчилик яхши танийди. Бу оилада тўрт фарзанд вояга етган бўлиб, 2002-йилда туғилган Ҳасан Рўзиқулиев тақдир тақозосига кўра биринчи гуруҳ ногирони. Шунга қарамасдан, у ўз матонати, теран тафаккури, ота-онаси ҳамда мураббийларининг руҳий далдаси туфайли спортнинг шахмат тури бўйича паралимпиада мусобақаларида Ўзбекистон чемпиони бўлган. Ҳозирда бу йигит уйда, яқинда бўлиб ўтадиган турнирга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

— Ногиронлик яшашдан, ҳаракатдан тўхташ дегани эмас,—дейди Ҳасан Рўзиқулиев.— Кимгадир юк бўлмасдан меҳнат қилиш, мақсад сари дадил бориш керак. Чунки олий мақсад билан яшаш ҳар қандай дард билан курашишнинг энг яхши йўлидир. Бугун туман ҳокими Наргиза Нематова бошчилигида туман “Инсон” ижтимоий хизматлари берилган электрон ҳаракатланадиган аравача менинг ҳаракатланишимни янада осонлаштирди. Бу эса менга спорт мусобақаларига тиайёрланишим учун спорт мактабларига боришга, мураббийлар билан биргаликда тайёрланишимга имкон беради.

Ҳасан Рўзиқулиевнинг шу кунгача фойдаланган аравачаси жуда ноқулай бўлиб, бу унинг ҳаракатланишини ҳам чеклаган. Туман “Инсон” ижтимоий хизматлари марказига мурожаат қилганидан сўнг, соҳа мутахассислари келиб Ҳасаннинг ҳолидан хабар олиб, унга мана шу замонавий, электрон аравачани тақдим этдилар. Хуллас, ибратли оиланинг мақсадлари талайгина, ҳаракатлари ҳам шунга муносиб, Ҳасан Рўзиқулиев эса мусобақалар олдидан машғулотларга жиддий эътибор қаратмоқда.