Ромитан тумани Қоқуштувон маҳалласида яшовчи Рўзимаматовлар оиласида 4 нафар фарзанд бўлиб, тўнғичлари Нозимжон болаликда теккан дард сабаб, ҳозирда ногиронлиги бор.
17 ёшли Нозимжон тенгдошларига ўрнак бўла оладиган даражада ақлли, ҳар соҳада фаол, интилувчан бола.
Роботехника, бино макетлари ясаш билан шуғулланадиган Нозимжоннинг бу йўналишда буюртмалари ҳам анчагина. Ён-атрофдаги мактаблар, ҳаттоки олий таълим муассасаларидан ҳам фанга, қурилишга оид макетлар ясаш учун буюртмалар келиб тушади. Шунингдек, ҳозирда компьютерда дастурлашни ҳам ўрганяпти. Қолаверса, уяли алоқа телефонлари тузатиш, турли базмлар, туғилган кунларга видеолавҳалар тайёрлашга ҳам қизиқишига ҳавас қилмай илож йўқ.
Нозимжонга туман “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази томонидан электрон юритмали аравача тақдим этилганидан сўнг, унинг кўчага чиқиши, ука-сингиллари билан айланиши, ўртоқлари билан кўришиб келиши учун имконият яратилди.
Келажакда архитектор бўлишни мақсад қилган қаҳрамонимиз ташқарида ҳам бемалол ҳаракатланиш имкони берилганидан жуда хурсанд.
Zarnigor Nafiddinova