Тошкентда II Марказий Осиё халқаро аёл медиа-мутахассислари конференцияси ўз ишини бошлади. Унда Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан келган 100 дан ортиқ аёл медиа соҳаси вакиллари қатнашмоқда.
Бугунги ахборот маконида минтақавий бирдамлик журналистиканинг ривожи учун муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Турли ҳудуд ва давлатлардаги журналистлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорликни кучайтириш ҳамда умумий муаммоларга биргаликда ечим излаш ахборотнинг тезкор ва ишончли етказилишига хизмат қилади. Айниқса, рақамли платформалар кенгайиб бораётган шароитда журналистларнинг киберхавфсизлик бўйича билимларини ошириш, шахсий маълумотлар ва манбаларни ҳимоя қилиш долзарб вазифадир.
Айни пайтда, «Минтақавий бирдамлик, рақамли хавфсизлик ва журналистиканинг инклюзив келажаги» II Марказий Осиё халқаро аёл медиа-мутахассислари конференциясида Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан келган 100 дан ортиқ аёл журналист, муҳаррир, медиа-менежер, рақамли контент яратувчи ва экспертлар рақамли хавфсизлик, сунъий интеллект, гендер стандартлари ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази (МЖДC) ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент ишлаб чиқариш маркази, Миллий оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондаги ваколатхоналари, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ЙХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, ЙХҲТнинг Душанбедаги дастурлар офиси, ЙХҲТнинг Бишкекдаги дастурлар офиси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ваколатхоналари ҳамда Қирғизистон ижодий индустриялар парки ҳамкорлигидаги конференциядан Марказий Осиё медиа соҳасидаги аёллар фаолиятига тобора кучлироқ таъсир кўрсатаётган долзарб чақириқлар ўрин олган.
Шунингдек, рақамли зўравонлик, дипфейклар ҳамда сунъий интеллект технологияларидан суиистеъмол қилишнинг бошқа шакллари, дезинформация, касбий толиқиш, аёлларнинг медиа-менежментга кириб боришидаги ғовлар ва минтақа мамлакатлари ўртасида барқарор касбий қўллаб-қувватлаш борасида музокаралар кечмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори Саида Сулаймановага кўра, бундан икки йил илгари Марказий Осиё аёл журналистларини бирлаштириш зарурати туғилган.
«Бугун эса навбатдаги қадамни ташлаш — минтақавий ҳамкорликни касбий алоқалар ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлашнинг амалдаги тизимига айлантириш муҳимдир. Медиа соҳасидаги аёллар қайси мамлакатда бўлишидан қатъи назар, бир-бирига жуда ўхшаш чақириқларга — рақамли таъқиб ва касбий босимдан тортиб, сунъий интеллект олиб келаётган шиддатли ўзгаришларгача бўлган муаммоларга дуч келишмоқда. Бошга тушаётган бу чақириқларга эса биргаликда жавоб бериш анча самаралироқдир», — дея таъкидлайди Саида Сулаймонова.
Штат ва таҳририятлар ишида сунъий интеллектнинг таъсири конференциянинг марказий мавзуларидан бирига айланди. Экспертлар ва иштирокчилар таҳририят фаолиятида СИдан фойдаланишнинг этик тамойиллари, унинг ахборотни таҳлил қилиш ҳамда журналистик суриштирувлардаги имкониятлари, шунингдек, синтетик контент ва дипфейкларнинг тарқалиши ҳамда ахборот манипуляциясининг янги шакллари билан боғлиқ муҳокамалар қизғин кечди.
Айтиш жоизки, дастурнинг салмоқли қисми рақамли хавфсизлик ҳамда касбий барқарорлик масалаларига бағишланди. Марказий Осиё медиасида аёл журналистлар ва медиа мутахассисларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Шунга қарамай, уларнинг раҳбарлик лавозимларига кўтарилиши, муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирок этишида турли тўсиқлар учрайди. «Шиша шифт» атамаси ана шу кўзга кўринмас, бироқ, касбий ўсишни чеклайдиган тўсиқларни англатади. Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун аёлларнинг профессионал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, тенг имкониятлар яратиш ва раҳбарлик кўникмаларини ривожлантириш муҳим.
«Амалий сессияларда иштирокчи аёллар аккаунтлар ва маълумотларни муҳофаза қилиш воситалари билан ишлайдилар, онлайн-ҳужумлар ссенарийларини таҳлил қиладилар ҳамда тезкор касбий ёрдам кўрсатишнинг эҳтимолий механизмларини муҳокама этадилар. Аёл журналистлар ОАВ воқеаларни ҳақиқатда бўлгани каби акс эттиришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. «Шиша шифт»ни енгиб ўтаётган аёллардан кўпинча мураккаб ёки нотинч шароитларда ҳам муваффақиятга эришиш кутилади. Ҳақиқий тенглик мунтазам менторлик, институционал қўллаб-қувватлаш ва узоқ муддатли инвестицияларни талаб қилгани боис, Европа Иттифоқи Марказий Осиё минтақасидаги мустақил ОАВни ўқитиш дастурлари, жумладан, гендер-сезгир журналистика ва журналистлар хавфсизлиги бўйича, шунингдек, журналистлар учун грант ва стипендиялар ажратиш орқали қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда»,-деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар.

