Устоз жамиятга учувчи, ҳисобчи, шифокор, тикувчи ва ҳоказо кўпсонли касб-кор эгасини етказиб беради. Демакки, бу касб вакилларига эҳтиром кўрсатиш ва эътироф этиш лозим. Шу жиҳатдан “1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев соҳа вакиллари билан келгусидаги устувор вазифалар юзасидан мулоқот ўтказди. Давлатимиз раҳбари юртимизда таълим-тарбия соҳасида фаолият юритаётган ходимларни байрам билан қутлар экан, “…Аввало, ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланиши керак”, дея Янги Ўзбекистонда устозлар қадри ва ҳуқуқий манфаатлари яна баланд бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Педагогларнинг эътибори ҳамиша таълим беришга қаратилган бўлиши ва ортиқча юмушларга жалб қилиш эса “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, жавобгарликка тортилишини айтиб ўтди. Ушбу қонун касб эгаларининг ҳуқуқий ҳимоясини ўзида намоён этса, молиявий томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам катта эътибор қаратилган. Ўз устида ишлаган ва доимий равишда маҳоратини ошириб борувчи педагоглар саъй-ҳаракати билан улар 10 миллион сўмдан ортиқ маош олиш имконига ҳам эга бўлдилар. Маълумотларга кўра, бу маблағда маош олучилар сони 2020-йилда 102 нафарни ташкил этган бўлса, сўнгги икки йил ичида бу кўрсаткич 5.3 баробарга ошган.
Жонкуяр устозлар меҳнати билан мамлакатимизда таълим йўналишида кўплаб ютуқларга эришиляпти. Жумладан, Ўзбекистоннинг энг олди таълим даргоҳларидан ҳисобланган Президент мактаби ва ижод мактаблари битирувчиларининг 100 нафари дунёнинг ТОП-100 олийгоҳларида таҳсил олишмоқда. Юртимизда бир йилда 310 минг нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Илмли йигит-қизлар халқаро фан олимпиадаларида 122 та медални қўлга киритишди.
Мулоқот давомида Шавкат Мирзиёев таълим ва педагогика соҳасида эришилган кўплаб ютуқ ва муваффақиятларни фахр билан бирма-бир санаб ўтди. Аммо, соҳада айрим камчиликларни бартараф этиш лозимлиги, уларнинг ҳал қилиниши борасида ишлар ҳали борлигини таъкидлади. “Қанча ислоҳот қилмайлик, биринчи навбатда ўқитувчининг билими ва касб маҳоратини оширмас эканмиз, сифатли таълимни таъминлай олмаймиз”, – деди Президент.
Таълим камчиликлари тўғрисида сўз борар экан, педагогларнинг малака ошириши шартлигини англаш мумкин. Бу борада ўқитувчиларнинг касб маҳоратини яхшилашга масъулият билан ёндашиш керакли белгиланди. Эндиликда барча малака ошириш марказлари замонавий қиёфага келтирилиши вазифаси берилди. Педагогикани ўргатишга асосланган таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш жараёнига эътибор ортиши таъкидланди. Тажриба ўрнида Андижон ва Бухоро шаҳарларида педагогика институтлари бошқарувида педагогика коллежлари барпо этилади. Бу эса бир неча йилдан сўнг педагог-кадрларнинг ўрни ва мавқеи ҳозиргидан анча ортишига ишора. Фаол педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни”, “Касбий ривожланиш соати” ташкил этиладиган бўлди.
Ишонч билан айтиш мумкинки, таълимнинг ривожи учун амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда етакчи ўқитувчилар сафи кенгаяди. Ўқувчи ва талабаларнинг китоб ўқиш, таълим олишга бўлган иштиёқи ортади. Айниқса, педагогларнинг ҳам молиявий, ҳам қонуний қўллаб-қувватланиши, ҳатто, уй-жой билан таъминланиши таълим тизими пойдеворини мустаҳкамлашга муносиб такбир бўлади. Бундан ташқари, ёшларга таълим бериш, тарбиялаш, ўз устида ишлаш уларнинг асосий эътибор марказида бўлишини мустаҳкамлайди. Зеро, таълимга эътибор – келажакка эътибор, демакдир.
Рустам Раҳимбоев, Бухоро давлат педагогика институти ректори ёрдамчиси