Бухородаги “Қора олтин”, дея ном олган Қоровулбозор тумани ўзининг нефти билан довруғ таратган. Атрофи чўл ҳудуди билан ўралган ушбу манзилни қумтупроқли илонизи йўллараро босиб ўтаркансиз, бир қарашда ишлаб чиқариш, саноат ва ривожланишдан йироқдек туюлади. Бироқ, сизни чўл бағрида ҳам катта-катта бунёдкорлик ишлари қаршилайди. Бунда табиатнинг мўъжаз мўъжизалари билан ҳам юзлашасиз. Ўзига хос ҳавоси, чангин шамоллари, дам иссиқлиги, дам изғирини билан таассуротли.
Қоровулбозор чўли кенгликларини бирлаштирувчи, тўғрироғи оддий тилда “экватор чизиғи” деб номланувчи манзилга етиб келдик. Қуёш нурининг тикка тушадиган нуқтаси бўлгани учун ҳам ушбу манзилни шундай аташар экан. Чўлнинг салкам 1000 гектар майдонида ўрнатилаётган қуёш фотоэлектр станцияси бунёд қилинмоқда.
Хитойнинг “China Gezhouba Group Overseas Investment Co. LTD” компанияси томонидан 400 минг доллар ҳисобига бунёд этилаётган қуввати 500 МВга тенг ушбу станция келгуси 2024 йилнинг декабрь ойида тўлиқ ишга туширилиши мўлжалланган. Бунга кўра, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 473 млн кВт-с электр энергияси қувватига эга бўлади.
Компания иш бошқарувчиси Хуан Солингнинг айтишича, дастлабки босқич қуввати 200 МВт ҳисобилда жорий йилнинг декабрь ойи охирида ишга туширилади. Бунда ишлаб чиқариладиган ҳажми 39 млн кВт-с электр энергиясига тенг бўлади.
997 гектар ер майдонида қисқа муддат ичида хорижий инвесторлар учун 5,0 км масофага сув қувурлари ётқизилиб, ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган.
“Лойиҳа доирасида 5,0 км масофага электр симёғочлар ва трансформаторлар ўрнатилган бўлиб, электр тармоғи тўлиқ уланди. Компаниямиз томонидан 120 мВт дан ортиқ қуёш фотоэлектр панеллари ҳамда 160 мВт дан ортиқ бўлган қуёш фотоэлектр панеллари устунлари ўрнатилди. Ҳозирда объектда 180 дан ортиқ махсус техника воситалари жумладан, юклагич, юк ташиш ҳамда юк кўтариш воситалари, экскаватор, автосамосвал, бурғулаш машиналари ишламоқда. Қиймати 140,0 миллион доллардан ортиқ бўлган LR5-72HGD-570M русумидаги ва LR5-72HGD-575M русумидаги қуёш фотоэлектр станцияси панеллари ҳамда металдан ясалган металлоконструкция ва бошқа жиҳозлар олиб келдик. 730 нафарга яқин хитойлик ҳамда 270 нафар маҳаллий аҳоли ишчи-ходимлари билан қуввати 120 мВт бўлган қуёш панеллари устунлари ҳамда қуввати 140,0 мВт бўлган қуёш панеллари ўрнатишга эришдик”,-деди Хуан Солинг.
Маълумотларга кўра, хорижий компаниянинг бош пудратчиси томонидан ишчи ходимларини ётоқхона билан таъминлаш мақсадида
120 дан ортиқ ҳамда юк сақлашга мўлжалланган 160 дона контейнер вагонлар олиб келиб қўйилган.
Бухоронинг иқтисодий бой зонасига айланиб бораётган “қора олтин”нинг илонизи қум йўллари аро елиб борарканмиз, ҳад-ҳудудсиз бу чўл манзилларида келгуси 2-3 йил ичида ҳам бугун биз хаёлимизга келтирмаган: саноат, техник-технологик тараққиётдан дарак берадиган юксалишлар бўлса, эҳтимол, дея ўйланамиз. Зеро, кечагина, узоқ эмас, 10-15 йил бурун бу чўллардан “қора олтин” – янги нефть булоғи отилиб чиққанида, қуёш фото электр станцияси бунёд бўлишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик.
Замон, давр тараққийлашаверар экан, бундай ўзгариш, янгилик ва бунёдкорликлар ҳам жадаллашиб бораверади.