Нигора Ходжаева: «Бола интернетга киради. Интернет боланинг дунёсига кирмасин…»

«Ўзкомназорат» инспекцияси Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш ва онлайн платформаларда ноқонуний контент билан ишлаш бўлими бошлиғи Нигора Ходжаеванинг маълум қилишича, бугун болани интернетдан узиб қўйиш, деярли, мумкин эмас. У ерда бола ўқийди, ўрганади, мулоқот қилади, янгилик қидиради, дўст орттиради. Бироқ, виртуал оламнинг эшиги очиқ бўлгани каби унинг хавфлари ҳам эшик қоқмай киради. Энг ташвишлиси, бола нима фойдали-ю, нима зарарли эканини ажрата олмайди.

– Шу боис, болани интернетдан ҳимоя қилиш масаласи фақатгина ота-онанинг ёки мактабнинг эмас, давлат, ОАВ, ахборот тарқатувчилар, платформалар ва жамиятнинг ҳам биргаликдаги масъулиятидир. Бола интернетга киради, аммо, интернет боланинг дунёсига кирмасин. Бунинг учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак,-дейди Нигора Ходжаева.

Нукус шаҳрида ўтказилган «Ахборот маконидан миллий қонунчилик талаблари, контент масъулияти ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги ҳудудлараро ўқув-семинарда, айнан, шу масала ўртага ташланди. Унда маҳаллий ҳокимликлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлик соҳаси ва тегишли ташкилотлардан 200 нафардан ортиқ вакиллар иштирок этди. Хоразм ва Бухоро вилоятлари мутахассислари эса мулоқотга онлайн тарзда уланди.

Семинарда келтирилган мониторинг натижалари масаланинг кўлами ҳақида жиддий ўйлашга ундайди. Билдирилишича, жорий йилнинг ўтган даврида болалар соғлигига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлар билан боғлиқ 3 159 та ҳолат қайд этилган. «UZ» доменидаги 915 та сайтда 1 854 та қонунбузилиш аниқланган. Уларнинг асосий қисми қимор, ножўя материлалар, тамаки ва алкогол маҳсулотлари рекламаси билан боғлиқ. Бундан ташқари, интернет ресурслари, телерадиоканаллар ва босма нашрларда яна 1 400 та ҳолатда белгиланган қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган. Бу рақамларни шунчаки статистика сифатида қабул қилиш қийин. Чунки, ҳар бир рақам ортида муайян аудитория бор. Уларнинг ичида эса ҳали ҳаёт ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаган, кўрганини ҳақиқат, деб қабул қилиши мумкин бўлган болалар ҳам бор.

Бу эса хавф энди фақат кўчада эмас, ичкарида эканини ҳам англатади. Аввал ота-она фарзанди ким билан дўстлашгани, қаерга боргани ва кўчада кимлар билан юрганига эътибор қиларди. Бугун эса яна бир савол пайдо бўлди: «Фарзандимиз интернетда ким билан «дўст»? Унинг телефони экрани ортида ким бор? У қандай контент кўраяпти? Қандай видеоларни томоша қилаяпти? Қайси каналларга обуна? Кимнинг фикрига эргашаяпти? Узлуксиз саволлар қийнамоқда ота-оналарни. Кибербуллинг, турил таваккалчиликларга асосланган ўйинлар, гиёҳвандлик ва беҳаёлик тарғиботи каби хавфлар бола учун виртуал митни ҳам назоратсиз қолдириб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Аммо, шу ўринда болани интернетдан бутунлай узиб қўйиш муаммо ечими эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Асосий вазифа интернетни ёпиш эмас, болага ундан хавфсиз фойдаланишни ўргатишдан иборат бўлиши керак.

Бугун ахборот тарқатиш учун катта таҳририят ёки телестудия шарт эмас. Бир телефоннинг ўзи кичик медиа майдон сифатини ўтай олади. Шу боис, контент яратувчи ўзининг бир видеоси, бир пости ёки бир рекламаси кимларга ва қандай аудиторияга етиб боришини ҳам ўйлаши керак. Ўқув-семинарда ахборот маҳсулотларини ёш тоифаларга кўра, тўғри таснифлаш, экспертизадан ўтказиш ва ОАВни рўйхатга олиш тартиблари юзасидан амалий тавсиялари берилди.

– Ахборот эркинлиги «Мен учун ҳамма нарса мумкин» деган тушунча эмас. Журналист ҳам, блогер ҳам, ношир ҳам, реклама тарқатувчи ҳам аудитория олдида бирдек масъул. Айниқса, болалар аудиторияси ҳақида гап кетганда, бу масъулият янада ортиши керак,-дея сўзида давом этади бўлим бошлиғи.

Ўқув-семинарда эътибор қаратилган муҳим жиҳатлардан бири, муаммони фақат жазолаш орқали эмас, балки, унинг олдини олиш зарурлиги бўлди. Замонавий IT – ечимлар, рақамли мониторинг, хавфли контентни аниқлаш механизмлари, ахборот тарқатувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги – буларнинг барчаси болалар хавфсизлигининг муҳим воситаларидир. Бироқ, технологиянинг ўзи етарли эмас. Энг кучли «фильтр» боланинг ўзида шаклланган танқидий қараш. У қайси ахборотга ишониш, нимани қабул қилмаслик, шубҳали ҳаволани очмаслик, нотаниш инсон билан мулоқотда эҳтиёт бўлиш кераклигини англаши лозим. Бу эса бир кунда шаклланмайди. Баъзан биз, катталар боланинг телефонини олиб қўйиш муаммонинг энг осон ечими, деб ўйлаймиз. Аммо, бу билан боланинг ҳаётидан интернетни бутунлай олиб ташлаш қийин. «Телефонинг бер» деган назоратдан кўра, «Интернетда нималарни кўраяпсан?» – деган мулоқот самаралироқ.

Нукусда бўлиб ўтган ҳудудлараро ўқув-семинар болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш фақат интернетдаги қонуний қонтентни аниқлашдан иборарт эмаслигини яна бир бор намоён этди. Бу борада ОАВ ва давлат органлари ҳамкорлигини кучайтириш, ота-оналарнинг рақамли саводхонлиги асосий омил эканини кўрсатди.

Бир сўз билан айтганда, ҳар биримиз болани бу оламдан асрашимиз керак. Лекин, бу уни интернет оламидан узиш ёки чеклаш билан эмас, виртуал оламни тўғри англайдиган, ахборотни саралай оладиган даражага етказиш орқали амалга ошади. Болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш уларга таъқиқдан кўра, тўғри тушуниш, ишонч ва медиасаводхонлик бериш асосий вазифамизга айланиши лозим.

 

 

 

Тошкентда II Марказий Осиё халқаро аёллар медиа конференцияси бошланди

    Тошкентда II Марказий Осиё халқаро аёл медиа-мутахассислари конференцияси ўз ишини бошлади. Унда Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан келган 100 дан ортиқ аёл медиа соҳаси вакиллари қатнашмоқда.

 

Бугунги ахборот маконида минтақавий бирдамлик журналистиканинг ривожи учун муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Турли ҳудуд ва давлатлардаги журналистлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорликни кучайтириш ҳамда умумий муаммоларга биргаликда ечим излаш ахборотнинг тезкор ва ишончли етказилишига хизмат қилади. Айниқса, рақамли платформалар кенгайиб бораётган шароитда журналистларнинг киберхавфсизлик бўйича билимларини ошириш, шахсий маълумотлар ва манбаларни ҳимоя қилиш долзарб вазифадир.

Айни пайтда, «Минтақавий бирдамлик, рақамли хавфсизлик ва журналистиканинг инклюзив келажаги» II Марказий Осиё халқаро аёл медиа-мутахассислари конференциясида Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан келган 100 дан ортиқ аёл журналист, муҳаррир, медиа-менежер, рақамли контент яратувчи ва экспертлар рақамли хавфсизлик, сунъий интеллект, гендер стандартлари ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази (МЖДC) ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент ишлаб чиқариш маркази, Миллий оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондаги ваколатхоналари, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ЙХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, ЙХҲТнинг Душанбедаги дастурлар офиси, ЙХҲТнинг Бишкекдаги дастурлар офиси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ваколатхоналари ҳамда Қирғизистон ижодий индустриялар парки ҳамкорлигидаги конференциядан Марказий Осиё медиа соҳасидаги аёллар фаолиятига тобора кучлироқ таъсир кўрсатаётган долзарб чақириқлар ўрин олган.

Шунингдек, рақамли зўравонлик, дипфейклар ҳамда сунъий интеллект технологияларидан суиистеъмол қилишнинг бошқа шакллари, дезинформация, касбий толиқиш, аёлларнинг медиа-менежментга кириб боришидаги ғовлар ва минтақа мамлакатлари ўртасида барқарор касбий қўллаб-қувватлаш борасида музокаралар кечмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори Саида Сулаймановага кўра, бундан икки йил илгари Марказий Осиё аёл журналистларини бирлаштириш зарурати туғилган.

«Бугун эса навбатдаги қадамни ташлаш — минтақавий ҳамкорликни касбий алоқалар ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлашнинг амалдаги тизимига айлантириш муҳимдир. Медиа соҳасидаги аёллар қайси мамлакатда бўлишидан қатъи назар, бир-бирига жуда ўхшаш чақириқларга — рақамли таъқиб ва касбий босимдан тортиб, сунъий интеллект олиб келаётган шиддатли ўзгаришларгача бўлган муаммоларга дуч келишмоқда. Бошга тушаётган бу чақириқларга эса биргаликда жавоб бериш анча самаралироқдир», — дея таъкидлайди Саида Сулаймонова.

Штат ва таҳририятлар ишида сунъий интеллектнинг таъсири конференциянинг марказий мавзуларидан бирига айланди. Экспертлар ва иштирокчилар таҳририят фаолиятида СИдан фойдаланишнинг этик тамойиллари, унинг ахборотни таҳлил қилиш ҳамда журналистик суриштирувлардаги имкониятлари, шунингдек, синтетик контент ва дипфейкларнинг тарқалиши ҳамда ахборот манипуляциясининг янги шакллари билан боғлиқ муҳокамалар қизғин кечди.

Айтиш жоизки, дастурнинг салмоқли қисми рақамли хавфсизлик ҳамда касбий барқарорлик масалаларига бағишланди. Марказий Осиё медиасида аёл журналистлар ва медиа мутахассисларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Шунга қарамай, уларнинг раҳбарлик лавозимларига кўтарилиши, муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирок этишида турли тўсиқлар учрайди. «Шиша шифт» атамаси ана шу кўзга кўринмас, бироқ, касбий ўсишни чеклайдиган тўсиқларни англатади. Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун аёлларнинг профессионал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, тенг имкониятлар яратиш ва раҳбарлик кўникмаларини ривожлантириш муҳим.

«Амалий сессияларда иштирокчи аёллар аккаунтлар ва маълумотларни муҳофаза қилиш воситалари билан ишлайдилар, онлайн-ҳужумлар ссенарийларини таҳлил қиладилар ҳамда тезкор касбий ёрдам кўрсатишнинг эҳтимолий механизмларини муҳокама этадилар. Аёл журналистлар ОАВ воқеаларни ҳақиқатда бўлгани каби акс эттиришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. «Шиша шифт»ни енгиб ўтаётган аёллардан кўпинча мураккаб ёки нотинч шароитларда ҳам муваффақиятга эришиш кутилади. Ҳақиқий тенглик мунтазам менторлик, институционал қўллаб-қувватлаш ва узоқ муддатли инвестицияларни талаб қилгани боис, Европа Иттифоқи Марказий Осиё минтақасидаги мустақил ОАВни ўқитиш дастурлари, жумладан, гендер-сезгир журналистика ва журналистлар хавфсизлиги бўйича, шунингдек, журналистлар учун грант ва стипендиялар ажратиш орқали қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда»,-деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар.

 

 

Сенат «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси» ҳақидаги қонунни маъқуллади

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун муҳокама қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Анваржоновичнинг маълум қилишича, қонун кучга киргач, 2027 йилдан 1-синф дарсликлари янги алифбода чоп этилади.

Қолган синфлар дарсликлари эса амалдаги янгиланиш даврийлиги асосида босқичма-босқич янги алифбога ўтказилади. Хусусан, 2–4-синф дарсликлари ҳар 3 йилда, 5–11-синф дарсликлари эса ҳар 5 йилда янгиланади.

Шу тариқа, вазирлик режасига кўра, 2027 йилдан 2031 йилга қадар барча мактаб дарсликлари янги алифбога тўлиқ ўтказилади.

Вазир ўринбосари бу жараён учун қўшимча маблағ талаб этилмаслигини таъкидлади. Чунки дарсликлар белгиланган муддатларда барибир режали равишда янгиланади.

 

Шунингдек, янги алифбога ўтиш муносабати билан ўқитувчиларни тайёрлаш ишлари ҳам бошланган. 24–28 август кунлари мактаб таълими тизимида ўқув-семинарлар ташкил этилган.

Сенат раиси Танзила Нарбаева эса қонун кучга киришини кутиб ўтирмасдан, тайёргарлик ишларини ҳозирдан бошлаш зарурлигини таъкидлади.

Сенат «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси» ҳақидаги қонунни маъқуллади

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди.

Қонунга кўра, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топади.

Янги алифбога ўтиш жараёнида аввалги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар ўз кучини сақлаб қолади. Шунингдек, амалдаги миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмайди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичларидан улар яроқсиз ҳолга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланиш мумкин бўлади.

Сенаторлар янги алифбо ўзбек тилининг имло қоидаларини такомиллаштириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва тилни рақамлаштириш жараёнини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳокама якунида қонун Сенат томонидан маъқулланди.

ОАВ янгиланган ўзбек алифбосида ишлаши мажбурий қилинади

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун кучга киргач, оммавий ахборот воситалари янгиланган алифбода иш юритиши мажбурий қилинади. Бу ҳақда Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев маълум қилди.

 

Унинг айтишича, янгиланган алифбо расмий иш юритиш ва давлат идораларида ҳам ягона стандарт сифатида қўлланади.

 

«Қонун кучга киргандан кейин барча оммавий ахборот воситалари тасдиқланган, такомиллаштирилган алифбода иш юритишини қатъий қилиб қўйишни режалаштиряпмиз», – деди Холбўтаев.

 

Шу билан бирга, фуқаролар шахсий ёзишмаларда ўзлари ўрганган алифбодан фойдаланишда давом этиши мумкин. Мажбурий талаб асосан расмий иш юритиш ва расмий ОАВга тааллуқли бўлади.

 

Холбўтаевнинг таъкидлашича, янги алифбога ўтиш учун технологик шароитлар ҳам яратилади. Жумладан, клавиатураларга янги ҳарфларни жойлаштириш, матнларни амалдаги кирилл ва лотин ёзувидан янгиланган алифбога автоматик ўгирувчи дастурларни кенг жорий этиш режалаштирилган.

 

Унинг маълум қилишича, алифбони такомиллаштириш бўйича сўнгги 10 йилда 10 дан ортиқ конференция ва муҳокамалар ўтказилган, ҳозир қабул қилинаётган вариант эса бешинчи лойиҳа ҳисобланади.

Янги вариантни тайёрлашда рақамли технологияларга мослик, қардош халқлар ва Европа давлатлари алифболари тажрибаси инобатга олинган. Холбўтаевга кўра, янгиланган ҳарфлар жадидлар 100 йил аввал қўллаган алифбо ва 1993 йилда қабул қилинган лотин алифбосидаги шаклларга яқин.

18 йиллик орзу 

Бугун ҳунар ўрганиш аёл учун ўз иқтидорини намоён этиш билан бирга, мустақил қадам ташлаш йўлини ҳам беради. Тикувчилик соҳасида кўп йиллик тажриба тўплаган Юлдуз Юнусова ҳам ўз маҳоратини кенгроқ майдонга олиб чиқишга қарор қилди. У 18 йил давомида хонадонида тикувчилик билан шуғулланиб, касбнинг нозик сирларини амалиётда пухта эгаллади. Энди эса унинг меҳнати янги босқичга кўтарилди. Юлдуз Юнусова ўзининг “Yulduz” номли ательесини очиб, касбий фаолиятини кенгайтирди.

Batafsil 18 йиллик орзу 

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ОДИЛ СУДЛОВНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

 

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишгша қаратилган. Шунингдек, бу ислоҳотлар халқнинг давлатга ва унинг институтларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдан иборат. Бу мақсадларни амалга оширишда, албатта, суд ҳокимиятининг алоҳида ўрни бор.

Batafsil ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ОДИЛ СУДЛОВНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Маҳалла муаммоларига ечим очиқликдан бошланади

Бухоронинг турли маҳалла ва кўчалари бўйлаб кезар экансиз, беихтиёр турли манзараларга гувоҳ бўласиз. Бир манзилда замонавий, ҳашаматли бинолар, қатор-қатор аҳоли турар жойлари қад ростлаган, аммо, кўчалар тозаликка муҳтож. Бошқа бир манзилда эса оддийгина хонадонлар бўлса-да, атрофи озода, кўнгилга яқин. Яна бир жойда муқаддас қадамжолар ва мозорлар обод қилинган бўлса, бошқа ҳудудларда улар қаровсизлик ва ҳашарга муҳтож аҳволга келиб қолган. Batafsil Маҳалла муаммоларига ечим очиқликдан бошланади