Ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахслардан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинган қонун лойиҳасига кўра, хусусан, ахборот тизимларидан олиш имконияти яратилгани учун давлат ташкилотлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва меҳнат дафтарчаларни ҳамда жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини талаб қилиш бекор қилиняпти.

 

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси билан партия электорати учун қатор енгилликлар берилаётгани, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинаётганини таъкидлаб, уни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар беришди.

 

Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

 

Йиғилишда, шунингдек, «Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли Конвенциясини (Женева, 1970 йил 24 июн) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

 

Қайд этилишича, Конвенциянинг асосий мақсади — барча ишлайдиган ходимларга дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган таътилларни таъминлашдан иборат.

 

Фракция аъзолари Конвенциянинг ратификация қилиниши миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, шу жумладан, дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилишини алоҳида қайд этиб, уни қўллаб-қувватладилар.

Кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-938-сонли қонуни билан Жиноят Кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 46-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:«Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами ўттиз кундан кўпроғини ўташдан узрли сабабларсиз бўйин товласа ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетса, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товланган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди»;

Бундан ташқари 481-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан уй-жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёхуд ишлаш ёки ўқиш вақтидан, шунингдек иш ёки ўқиш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклашдан иборат»;

Шунингдек, ЖК 73-модда: учинчи қисмининг «в» бандидаги «шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса» деган сўзлар чиқариб ташланиб, тўртинчи қисми «г» бандининг ўзбекча матнидаги «нисбатан қўлланилмайди» деган сўзлар чиқариб ташланди; тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги «д» банд билан тўлдирилди: «д) жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди»; шу билан бирга қуйидаги мазмундаги бешинчи — тўққизинчи қисмлар билан тўлдирилди: «Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида суд асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклатиши мумкин:

а) ишга ёки ўқишга жойлашиш;

б) муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органга хабар бериш;

в) муайян жойларга бормаслик;

г) алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;

д) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни ички ишлар органлари, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хулқ-атвори устидан назоратни эса — ҳарбий қисмлар ёки муассасаларнинг қўмондонлиги амалга оширади.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан суд илгари ушбу шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши ёхуд унинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатиши мумкин.

Прокурорнинг тақдимномасига ёки адвокатнинг илтимосномасига биноан суд жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.

Агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўталмаган жазо муддати давомида бажармаса, суд унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ва ўталмаган жазо муддатини ўташи ҳақидаги масалани кўриб чиқади»;

Бундан ташқари ЖК 74-модда учинчи қисмининг «в» бандидаги «шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун» деган сўзлар чиқариб ташланди.

Боборахим Ачилов,                                                                  Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси

O‘zbekiston yoshlar uchun keng imkoniyatlar diyori

Bugun mamlakatimizda har bir sohada keng ko‘lamli islohotlar amalga oshirilib, jamiyatdagi dolzarb muammolarni bartaraf etish borasidagi ishlar jadal olib borilmoqda, yoshlarning har tomonlama barkamol bo‘lib voyaga yetishi va ta’lim-tarbiya olishi uchun shart-sharoit yaratilmoqda. O‘zbekistonda istiqlolning dastlabki yillaridan boshlab xalqimizning asrlar davomida intilib kelgan orzu-maqsadlari va zamon talablarini, dunyoviy taraqqiyot mezonlarini hisobga olgan holda, jamiyat hayotida yoshlar masalasiga va ularning har tomonlama rivojlanishiga alohida e’tibor qaratildi.             Yurtimiz aholisining 31 foizi, yoki 10 million nafari 30 yoshgacha bo’lgan yoshlardir. Ularning ta’lim olishi, kasb-hunar egallashi uchun zamonaviy sharoit va imkoniyatlar yaratilgan. Shu bilan birga, yoshlarning bo’sh vaqtini mazmunli o’tkazishni tashkil etish dolzarb masala hisoblanadi. Yoshlar qanchalik ma’naviy barkamol bo’lsa, turli yot illatlarga qarshi immunitеti ham shuncha kuchli bo’ladi. Davlatimiz rahbari nufuzli xalqaro tashkilotlar minbarlaridan turib, jahon hamjamiyatini yosh avlod turli buzg’unchi g’oyalar va radikal guruhlarga qo’shilib kеtishining oldini olishga chaqirmoqda. Asosiy e’tiborni ma’rifatga, yoshlarning ma’naviy va axloqiy tarbiyasiga qaratish lozimligini jonkuyarlik bilan ta’kidlamoqda. Bu bеjiz emas, albatta. “Tarbiya qancha mukammal bo’lsa, xalq shuncha baxtli yashaydi”, dеydi donishmandlar.                                 Bugun biz har jabhada ilm-fan, madaniyat, sport qolavеrsa san’at sohalarida, ijod olamida katta yutuqlarni qo’lga kiritib, yuksak muvaffaqiyatlarni qayd etayotgan yoshlarni ko’rishimiz shubhasiz. Ular o’zlarining ertangi kuni uchun bugundan harakat qilib o’zlari qiziqqan sohaning kеlajakdagi еtuk mutaxassisi bo’lish maqsadida tinmay harakat qilish bilan bir kasb-hunarlar ham o‘rganishayotgani bizni quvontiradi.                         Men mehnat faoliyatimni 2023-yildan buyon “Hamid Olimjon” hozirda esa “Bog‘idasht” mahalla fuqarolar yig‘inida davom ettirar ekanman, turli toidagi yoshlar bilan ishlab juda ko‘p narsalarni o‘rganishga, o‘rgatishga muvaffaq bo‘ldim. Bugun Prezidentimiz Shavkat Miromonovich biz yoshlarga har jabhada keng imkoniyatlar eshigini ochib berdilar. “Ibrat farzandlari”, “Mutolaa”, “Ustoz Al” kabi loyihalar kirib bormagan xonadon qolmadi deya ishonch bilan ayta olaman, birgina Buxoroning o‘zida “Ibrat farzandlari” loyihasi doirasida mobil ilova orqali xorijiy tillarni onlayn o’rganayotgan yoshlar soni 404 472 nafarni tashkil qiladi. Shundan, xorijiy tillarni yuqori darajada o’zlashtirib, sеrtifikat olgan yoshlar soni 21 730 nafarni tashkil qilmoqda. Bundan tashqari, mahallalardagi va ta’lim muassasalaridagi yoshlarning intеllеktual salohiyatlarini oshirish maqsadida 831 ta “Zakovat” to’garaklariga 18 963 nafar va 206 ta “Shaxmat” to’garaklariga 3 110 nafar yoshlar qamrab olingan. Yoshlarning bo’sh vaqtini mazmunli tashkil etish, ularni kitobxonlik, madaniyat, sport, IT, harbiy vatanparvarlik ruhida tarbiyalash yo’nalishlariga jalb qilish maqsadida “Bеsh muhim tashabbus” loyihasi doirasida ham qator ijobiy ishlar amalga oshirilmoqda.     Qolaversa, bugun yoshlarni sportga jalb qilish maqsadida sport maydonchalari va tungi vaqtlarda maktabdagi sport zallarida bemalol yoshlar kelib sport bilan shug’ullana oladi. Yaratilayotgan barcha imkoniyatlar biz yoshlar uchun oddiygina misol qilib aytadigan bo‘lsak davlat g’amxo’rligini kutayotgan, hayotda o‘z o‘rnini topishga yordam berishlari, bir otaning bolasiga qilgan ekan katta yaxshiligidir deya olaman. Zero hechkim e’tibor va mehrdan chetda qolmas.                                                                                       Turli-tuman illatlar yoshlar ongini zaharlab, ma’naviy tubanlik sari dadil odimlab borayotgan shunday davrda uyg‘onmaslikning, ma’naviy sohaga, milliy va umumbashariy qadriyatlar targ‘ibotiga e’tibor qaratmaslik aslo mumkin emas. Biz buni chuqur anglagan holda o‘z faoliyatimizni yuritamiz va yoshlarimizning imkoniyatlarini ro‘yobga chiqarishni, ularni har tomonlama qo‘llab-quvvatlashni asosiy maqsadimiz deb bilamiz.

Mustafo Ismatov,                                                          Buxoro shahar “Bog‘idasht” mahallasi yoshlar yetakchisi

Иримларга ишонасиз…(ми?!)

– Онангиз ўргатмаганми, келин, супургини тикка қўйиб бўлмайди, бунақада уйимизга мусибат олиб келасиз. Менга беринг, супургини,- қўшни “холамиз” ҳар кунги жаврашларини бошлади,-қандай “уқмаган” келинсиз-а, супургини қўлга бермайдилар, ерга ташлайдилар.

Дарвоқе, “ирим-сиримлар қироличаси” деб ном олган қўшнимизнинг ҳар бир вазиятга ғалати ёндашиб, воқеа-ҳодисалардан “магия” излашлари бир қарашда кенг тарқалган ҳолат бўлса-да, бунинг асосий сабаби диний билимларимизнинг камлигида.

– Қизим, келинг тасаддуқ, вой остонадан ҳатланг, остонада кўришиш хайрсиз, – қўшнимиз ўз гапларига астойдил ишониб қошларини чимирди. – Келин, чойдан қуйинг, – чойдаги пуфакчаларни бошига суртаркан, давом этди, – ўзи ўнг қўлим анчадан бери қичишяпти. Пенсия келадими, дейман…

Одамлар орасида турли хилдаги ирим-сиримлар талайгина. Қора мушук йўлини кесиб ўтиб қолса, қалампир ёки аччиқ нарсаларни қўлдан-қўлга берса, чап кафт қичишса, бойўғли сайраса бу ҳолатларни бахтсизликка боғлайдиганлар жамиятда топилади.

Келинг, биргаликда бир ирим тарихини кўриб чиқамиз. Айримлар остонада ўтириб, унинг устида кўришиб бўлмайди, деган сафсатага ишонишади. Гап шундаки, қадим замонларда ўликларнинг кули уй остонаси тагига кўмилган. Шунинг учун остонада туриб, олди-берди қилиш уларнинг руҳини безовта қилиши мумкин, деб ҳисобланилган. Бундан ташқари, остона – бехавотир уй билан хавфли дунё ёки яна ҳам қўрқинчлиси – тириклар дунёси билан ўликлар дунёси ўртасидаги чегара ҳисобланармиш. Ана шунақа гаплар…

Бу мақолани ёзишдан олдин анчагина манбааларни кўриб чиқишимга тўғри келди. Аслида, бировнинг ишонч-у эътиқодини чиппакка чиқариш фикридан йироқман. Аммо ирим-сирим бидъат, ҳар бир бидъат залолат, деган жумлани ўқидим-у, бу мавзуда ёзиб хато қилмаётганимни англадим.

Тирноқ олишни қайсидир “махсус” кунга боғлайдиганлар, ёки тунда олиш, оёқ ва қўл тирноғини бир вақтда олиш мумкин эмас, дейдиганлар ҳамиша топилади. Энг қизиғи, салгина тафаккур қилинса, бу “фалсафа” аслида ўйлаб топилган сафсаталиги англашилади. Бундайларга қарата, тирноқ қачон ўсса олинаверади-да, дегим келади.

Аслида, меҳмон кетгач, орқасидан супурилса, хўроз бемаҳал қичқирса, чап қовоқ учса, сафар ойида тўй қилинса, дуо қилинаётганда дастурхон устида туз ёки пичоқ бўлса, биров тишлаган нонни еса, шомдан кейин сут тарқатса, одамнинг эгнида кийим чатилса, ҳеч бир ёмонлик содир бўлмайди. Бахт ёки бахтсизлик синиқ ойнага қарашга, пешонанинг кенглигига, кўрпача ёки хонтахтанинг бурчагига ўтиришга боғлиқ эмас.

Агар Аллоҳ зиён етказмаса, олам бир бўлиб ҳам сизга зиён етказолмайди. Уйингизга осилган тақа-ю исириқ, шода-шода кўзмунчоқ, кези келганда ўзини асролмайди-ку, сизни қандай асрасин?! Белгиланган ризқ эса чойдаги пуфакларни пешонангизга суртмасангиз ҳам, биринчи савдо қилинган даромадни сотиладиган нарсаларга уриб чиқмасангиз ҳам, ўнг кафтингиз қичишмаса ҳам манзилингизни топиб келаверади.

Аёлларни-ку, иримга ишонса, аёл-да, деб қўямиз. Аммо эрталаб йўлини аёл кесиб ўтса, шумланадиган эркаклар ҳам борлиги ачинарли ҳол. Юлдуз учса, қайсидир тақдирнинг сўнгани, дея таърифлайдиганлар, аслида, юлдузлар инсондан олдинроқ яратилганлиги ҳақида тафаккур қилсалар соз бўлар эди. Бешикни икки киши кўтариши мумкин эмас, дегувчиларнинг гапида ҳеч бир мантиқ сезмаймиз.

Дарвоқе, “янгилик” яратишга ўчларга қарата сермаҳсул ижодингизни инсониятга фойда келтирадиган кашфиётлар қилишга қаратинг, дегим келади.

Ситора Шамсиддинова

 

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг ёғоч ковуши ёхуд мақолага муносабат қани?!

 

Саботаж француз тилидан олинган – sabotage, яъни ёғоч ковуш билан тақиллатмоқ маъносини беради. Хўп, ёғоч ковушнинг бу мавзуга нима қалоқаси бор дерсиз. Тасаввур қилинг, ёғоч ковуш кийган одам у ёқдан буёққа юриб асабингизга тегаяпти. Саботаж сўзининг маъноси онгли ҳолда зараркунандалик, яъни ёғоч ковуш кийган одам сизга онгли равишда зараркунандалик қиляпти.

 

Яна бир маъноси — шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан онгли ҳолда ўз хизмат вазифасини атайлаб бажармаслик ёки сифатсиз ва бепарволик билан бажариш, ишдан бош тортиш, ислоҳотларга зимдан қаршилик. Мана тўрт кундирки, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Xabar.uz сайтида чиққан «Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти(ми?)» сарлавҳали мақолага ўз муносабатини билдиргани йўқ.

 

Гапни нима учун саботаждан бошладик, сабаби «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг нафақат йўловчиларга қониқарсиз хизмат кўрсатиб ислоҳотларни йўққа чиқараяпти, балки журналистнинг мақоласига вақтида жавоб бермай онгли ҳолда ўз хизмат вазифасини атай бажармаяпти… Ҳаттоки, ҳаракат ҳам қилмаётганга ўхшаяпти. Ўша мақола чиққанидан кейин мухбиримиз Лайло Ҳайитовага матбуот котиби, «йўқ ҳали текширув ўтказилаяпти, бир-иккитаси ишдан бўшасин кейин жавоб берамиз», деган қуруқ гапдан нарига ўтмаган. Зеро, бундан олдин ҳам худди шундай танқидларга, бўлиб ҳам хориж блогерларининг танқидига от чоптириб жавоб берган «Ўзбекистон темир йўллари» журналистнинг мақоласига жавоб беришга шошмаяпти ёки менсимаяпти.

 

Матбуот котиби журналистикага оид барча янгиликлар, ўзларига қўйилаётган талаблардан ё хабарсиз ё хабари бўлсаям оч қулоғим тинч дейдиганлардан, шекилли. Агар мабода эсида бўлмаса, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бир йиғилишда айтган гапини эслатиб қўймоқчимиз: «Оммавий ахборот воситаларида чиққан негатив маълумот 1 соат ичида вилоят ҳокимига етказилиши керак. Кўпи билан 3-4 соат ичида расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида дастлабки ўрганиш натижалари эълон қилиниши керак. Яъни «ўрганяпмиз» ёки «кўрдик бу маълумотни», «ҳа ҳақиқатдан ҳам бу масала бизнинг вилоят билан боғлиқ, бизнинг туман билан бўлган масала», деб фикр билдириш керак. 24 соат ичида мазкур воқеа, воқелик ёки ҳодиса бўйича аниқ позиция бўлиши керак».

Шу ўринда журналист Норқобил Жалилнинг facebook саҳифасидаги постига эътибор қаратишингизни сўраймиз: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Xabar.uz» мухбирига нима деб жавоб бераркин?!

«…Эсланг, 2023 йил 18 февраль куни «Шарқ» йўловчи поездининг «Самарқанд – Тошкент» йўналишида ҳаракатланган россиялик сайёҳ-блогер Илья Варламов ўзи келган купе вагонида гувоҳи бўлган камчиликлар ҳақида видеолавҳа тарқалгач, ушбу ҳолатга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ расмий муносабат билдирган ва айбдорлар қонун доирасида жазоланган ҳам эди. Яқинда эса ўзимизнинг уч-тўрт артистларимиз ҳам поездларда (менимча, оддий халқ неча йилларки, бундай миннатли хизматдан баҳра олиб келишаётганини улар билишмагандир балки) йўловчиларга етарли шароитлар яратилмагани ҳақида ижтимоий тармоқда видеолавҳа қўйишганидан сўнг қанча гап-сўзлар бўлганди. Орадан кўп ўтмади яна бир хорижлик, тўғрироғи, эронлик машҳур саёҳатчи блогер Муизин Миратварий ҳам «Афросиёб» поездида кўрган-кечирган хуш-нохуш таассуротларини эълон қилди! Роса ваҳима қилишди-ку, чора-тадбирлар белгиладик, айбдорлар жазоланади, дегандай. Аммо…

«Xabar.uz» сайтида куни кеча эълон қилинган аччиқ ва аламли танқидий мақолага ХАЛҚ билан, ЖАМОАТЧИЛИК бирга жиддий жавоб топиш вақти келмадими?

Мақола муаллифи – таниқли журналист Лайло Ҳайитова ўзи гувоҳ бўлган ўта аянчли воқеаларда, заррача муболаға йўқлигига ишончим комил. Сабаби, айнан аҳолига темир йўл хизмати кўрсатишдаги кўнгилсиз ҳолатлар хусусида Лайло авваллари ҳам бир неча марта жонли, ҳаётий мисоллар орқали мақола эълон қилганига гувоҳман. Лекин, минг афсуски, унинг бу чиқишлари ҳавога учиб кетгани рост!

Хўш, ким жавоб беради: Лайло Ҳайитованинг юқорида, тилга олганларим – хорижлик блогерлардан кам жойи борми? Ким айтади? Нега унинг «огоҳликка чорлов»лари жавобсиз қолмоқда? Танқидий чиқишлари нохолис, бир ёқлама ё нотўғри бўлса муносабат билдириш керак-ку ёки танқидига раддия талаб қилиш керак эмасмиди? Сукут сақлашга устамиз биз.

Хориждаги айрим ОАВлар ёки сайту қандайдир хусусий ТГлар қайсидир соҳамизни тўғрими-нотўғрими, салгина «уриб» чиқса оёғини қўлга олиб зир югурадиган МАТБУОТ КОТИБлари, нега жимсиз? Овоз беринг, қаердасиз? Нега сукут сақлаяпсизлар? Раҳбарингиз имкони борича бундай «совуқ хабар»ларни билмаса, ўқимаса, кўрмаса, сизга яхши-да, тўғрими?

Дангал гапни айтайми, аслида ўша рус блогер Илья Варламов ёки эронлик блогер Муизин Миратварий шов-шув кўтарган видео чиқишлар шахсан менинг назаримда «Xabar.uz» мухбири Лайло Ҳайитованинг «қалампирли» мақоласи олдида ҳатто сариқ чақагаям арзимайди. Уларнинг устунлиги – чет эллик экани-да, қандай бўлмасин, имижимизга соя соладиган бундай чиқишларга «шессекунд»да жавоб тайёрлаймиз. Ўзимизникига келганда эса…

Ҳа, энди, ўзимизники ёзса ёзибди-да, арзимаган битта «узр»минан қутуламиз, дейдиганлар, энди адашасиз! Президент, давлатимиз сизлардан бундай совуққонлик, лоқайдликни кутаётгани йўқ. Энди бор ҳақиқатни хаспўшлаш, хўжакўрсинликка ёзилажак «отписка»лар, ёлғон муносабатлар ёзиш даври ўтди. Халқни, одамларни энди алдаб бўлмаслигини тезроқ англаб етинглар!».

Тасодифни қарангки, ўша кунлари, яъни 6 август куни Президент ҳузурида темирйўл соҳасидаги натижалар ва режалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

 

Йиғилишда йўловчи вагонларининг аҳволи, совитиш тизимидаги муаммолар бўйича кўп эътирозлар бўлаётгани таъкидланди. Ўтган йили 10 октябрда «Ўзбекистон темирйўллари» АЖни трансформация қилишга оид президент қарори қабул қилинган эди. Бу жараёнга кўмаклашиш мақсадида халқаро консалтинг компанияси ҳам жалб этилди.

Ўша йиғилишда таъкидланишича, илгари йиллар давомида зарарга ишлаб келган «Ўзбекистон темирйўллари» бу ислоҳотлар натижасида фойда кўришга ўтган. Аммо Ўзбекистон темир йўлларидаги бугунги аҳвол ислоҳотлар ҳақида эмас, балки норозиликлардан дарак бериб турибди. Айнан мана шундай ҳолатлар онгли ҳолатда зараркунандалик, ислоҳотларга қарши саботаж эмасми?

Тақдимотда кейинги вақтларда йўловчи вагонларининг аҳволи, совитиш тизимидаги муаммолар бўйича кўп эътирозлар бўлаётганига урғу берилгани ҳам бежиз эмас. 143 та вагон таъмирталаб. 59 та локомотив хизмат муддатини ўтаб бўлганлигига ва шунинг учун янги йўловчи вагонлар ишлаб чиқаришга Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 50 млн доллар ажратилаётганига алоҳида урғу бериб ўтилди. 38 та локомотив олиб келиш ва 12 та электровозни модернизация қилиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан 181 млн долларлик келишувга эришилган. Бу чакана маблағ эмас.

Шуууунча ислоҳотлар бўлсаю мақола муаллифи айтганидек «Ўзбекистон темир йўллари»даги хизмат 90-йилларни эслатяпти.

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖнинг расмий саҳифасида 712-Ф сонли «Тошкент – Бухоро» йўналишида ҳаракатланган йўловчи поезд ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга матбуот котиби томонидан шундай изоҳ билдирилибди: 2024 йилнинг 1-август куни ҳаракатланган мазкур поездда йўловчиларни «Купе» вагонга ўтказишни ваъда қилган вагон кузатувчиси ва поезд бошлиғига нисбатан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ томонидан хизмат текшируви бошланди. Хизмат текшируви натижаси ҳақида «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ расмий саҳифаларида эълон қилинади…

 

Орадан тўрт кун ўтди. Телеграмдаги расмий саҳифада шунча ислоҳотлар кетаётган соҳа ҳақида тўртта хабардан бошқа нарса қўйилмаган. Таҳририят эса ҳар куни бир неча бор саҳифани кузатишдан бўшамаяпти – бизга берилиши керак бўлган муносабатдан ҳали умидини узгани йўқ.

«Ўзбекистон темир йўллари» эса ёғоч ковушини ечиш нияти йўққа ўхшаяпти – тақ-туқ, тақ-туқ…