Жондор тумани Кўлиён маҳалласида яшовчи Солиевлар оиласини маҳалладагилар жуда яхши танишади. Уларнинг оиласида тўрт фарзанд бўлиб, 2001-йилда туғилган кенжа ўғил Асрбек Солиев 2021-йилда чет элда ишлаб юрганида автоҳалокатга учради. Қаттиқ шикастланиш натижасида ўнг оёғидан айрилган йигит оиласининг, бобо-бувисининг руҳий далдаси билан оёққа туриб, яна меҳнат қилишда давом этди. Ҳозирда томорқасида барпо этган иссиқхонада 35 туп лимон кўчатларини парваришлаб, ҳар бир тупдан ўртача 1 млн сўмдан даромад қиляпти.
Асрбекнинг фойдаланиб келаётган протези жуда ноқулай бўлиб, бу унинг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди. Туман “Инсон” ижтимоий хизматлари марказига мурожаат қилганидан сўнг, соҳа мутахассислари келиб, Асрбекдан ўлчам олишди ва яқинда унга замонавий протез тақдим этилди. Шу билан бир қаторда, “Инсон” маркази томонидан берилган 2 қути асалари билан асаларичилик фаолиятини ҳам бошлади. Бу орада бобоси олиб берган 3 қути асалари билан фаолияти янада кенгайди. Тииниб-тинчимас Асрбек яқинда ёшлар учун 30 йилга фойдаланиш учун бериладиган ер ҳам олиб, ҳозирда дуккакли ўсимликлар экишни мақсад қилган.
– Ногиронлик гуруҳининг белгиланиши, яшашдан, ҳаракатдан тўхташ дегани эмас, – дейди Асрбек. Кимгадир юк бўлмасдан меҳнат қилиш, мақсад сари дадил бориш керак. Тўхтасанг, ўтирасан, ўтирсанг ётиб қолишинг мумкин. Меҳнатни севган одамдан дард ҳам чекинади. Айниқса, янги берилган протез билан юришим, ҳаракатланишим янада осонлашди. Бу эса менга янги режаларни бошлашимга имкон берди.