“Фуқаро-маҳалла-адлия” тизими Қоракўл туманида

Адлия вазирлигининг кўрсатмасига мувофиқ аҳоли муаммоларини “фуқаро-маҳалла-адлия” тизими орқали ҳал этиш бўйича Бухоро тажрибаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Шу жиҳатдан навбатдаги пресс-тур Қоракўл туманида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги ПФ-80-сон Фармони асосан, адлия органларининг ҳудудлардаги фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига 6 та янги вазифалар юклатилди. Бу борада маҳаллаларда “Адлия куни” ва “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирларининг ўтказилиши белгиланди.

-Фармонга асосан туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриш, сайёр қабуллар, “хонадонбай” тарғибот тадбирлари, аҳолининг “маҳалла еттилиги”га мурожаати, “Адлия куни”, “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирлари орқали аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилмоқда,-дейди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева.

Пресс-тур доирасида Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Қоракўл туманида “Қозон”, “Ташаббус”, “Янги турмуш”, “Истиқлол”, “Дарғали” ва “Дарғабоғи” МФЙлари аҳолиси иштирокида “АДЛИЯ КУНИ” тадбири ўтказилди. Қоракўл туманидаги 6 та маҳалла аҳолиси учун сайёр қабул ташкиллаштирилиб, фуқаролар мурожаати бўйича масъулларга вазифалар юкланди. Сайёр қабул давомида вилоят адлия органлари ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилди. Керакли маслаҳатлар берилди. Тадбир давомида фуқароларга давлат ва ҳуқуқий хизматлар (нотариус, ФҲДЁ ва бошқа) сайёр тартибда кўрсатилди. Шунингдек, бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Бухоро тажрибаси бўйича туманда нафақат раислар, балки “маҳалла еттилиги”ни улар фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари мазмунини тушунтириш бўйича семинарлар ўтказиб борилмоқда. Хусусан, тадбир давомида “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси доирасида 6 та маҳалланинг еттилигини ўқитиш ташкил этилди ҳамда ушбу маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш бўйича методик ёрдам кўрсатилди.