Murojaatlar e`tiborda

2014 йилнинг апрель ойида қабул қилинган  “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги тўғрисида”ги,  шунингдек,  “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг жорий этилиши, нафақат, ОАВ ходимлари учун ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришда, балки, аҳоли ҳуқуқий саводхонлиги маданиятининг ошишида, шунингдек, уларни қийнаётган масалаларнинг бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун барча  давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида фуқаролар сўровлари ва мурожаатлари бўйича назорат кучайтирилган. Шу маънода мурожаат ёки сўров оғзаки, ёзма ёки интернет тармоғи орқали етказилишидан қатъий назар, ҳеч бири эътибордан четда қолдирилиши, ёхуд унга нисбатан беписанд

қаралиши мумкин эмас.

Эътиборингизга фуқаролар мурожаатлари ва сўровлари юзасидан Бухоро вилоят Адлия бошқармаси томонидан ўрганилган ҳолатлар ва уларнинг натижаларини ҳавола этамиз.

 

Мурожаат:

“Мен Гала Осиё шаҳридаги “Назира Парвина Сабрина” МЧЖда фаолият кўрсатиб келаман. Бироқ ойлик иш ҳақимни олишда муаммоларга дуч келаяпман. Маошимни ундириб олишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман

Ҳ. МАЛИКОВА,

Бухоро тумани.

Натижаси:

Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида  “Назира Парвина Сабрина” МЧЖ   томонидан, дарҳақиқат, 2 нафар ходимнинг 810 000 сўм миқдоридаги иш ҳақлари тўланмаганлиги ҳолати  аниқланди. Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризалари киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорларига асосан, даъво аризалари қаноатлантирилди.

Шунингдек, ушбу ҳолатда корхона томонидан меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги сабабли Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасига маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилди ҳамда корхона раҳбари Т.Саломов маъмурий жаримага тортилди.

 

Мурожаат:

“Когон туман “Сиёз поён” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Агросаноат Ҳосил Сервис” фермер хўжалиги раҳбариман. Расман менинг фермер хўжалигимга тегишли ер майдони Когон туман ҳокимлиги қарори билан ноқонуний тарзда олиб қўйилди. Ушбу муаммоани бартараф этилишида адолатли кўмагингизга таянман”.

Б. ҒУЛОМОВ

Натижаси:

Мазкур ҳолат ўрганилганда ҳақиқатан ҳам  қонунбузилишлари содир этилгани кузатилди. Ва келгусида бундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги юзасидан Когон туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди. Ушбу тақдимномага асосан, Когон туман ҳокимининг “Агросаноат Ҳосил Сервис” фермер хўжалигига қарашли ер майдонининг  қарори бекор қилинди.

 

“ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ” орқали:

Мурожаат:

Мен, Олот тумани фуқароси Ҳ. Йўлдошев бўламан. “Агробанк” АТБ Олот тумани филиали томонидан бериладиган кредитга эга бўлиш учун қилаётган барча саъй-ҳаракатларим зое кетяпти”.

 

Натижаси:

“Ишончли телефони” орқали қилинган мазкур мурожаат “Агробанк” Олот туман филиали томонидан фуқаро Ҳ. Йўлдошевга кредит ажратилишини таъминланиши билан қаноатлантирилди.

 

Мурожаат:

“Бухоро шаҳридаги “Мустақиллик” кўчасида жойлашган “Рустам Камол плюс” МЧЖ раҳбари Р.Очиловман.  Масъулияти чекланган жамият учун лицензия олишда муаммоларга дуч келаяпман. “Ўзавтодарётранс” агентлиги Бухоро вилоят ҳудудий бўлими лицензия бериш масаласини пайсалга солаётгани сабаби менга ноаён. Ушбу муаммони бартараф этишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман”

Натижаси:

Мурожаат юзасидан ҳолатлар ўрганилди ҳамда “Рустам Камол плюс” МЧЖ  белгиланган тартибда “Ўзавтодарётранс” агентлиги Бухоро вилоят ҳудудий бўлими томонидан берилган лицензияга эга бўлди.

Мурожаат:

“Ғиждувон тумани “Соктаре” қишлоғи фуқароси М. Шаропов бўламан. Тумандаги “Кўкча” наслчилик ширкат хўжалиги билан ўртамизда ижара шартномаси бор. Бироқ, наслчилик ширкат хўжалиги томонидан шартнома шартларига риоя қилинмаётганлиги оқибатида турли муаммолар келиб чиқмоқда. Ушбу масалада ёрдам беришингизни илтимос қиламан”

Натижаси:

Мазкур мурожаатни  Бухоро вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганиш жараёнида, дарҳақиқат, ечимини кутаётган масалалар борлиги аниқланди. Ва “Кўкча” наслчилик ширкат хўжалиги томонидан фуқаро М.Шароповнинг ижара шартномаси асосида берилган яйлов чегаралари белгилаб берилиб, мурожаат қаноатлантирилди.

 

Ҳомид  ҲОТАМОВ,Бухоро вилоят адлия бошқармаси, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси.

 “Шартномамни ким имзолайди?!”

 Биринчи гуруҳ ногирониман, номимда квартирам бор. Гапиришни билмайман, қулоғим ҳам эшитмайди. Кар, соқовлар мактабида ўқимаганман. Аммо саводим бор. Квартирамни сотмоқчиман. Нотариал идорасида шартномани мен учун ким имзолайди?

Ю. ВОСИЕВ.

 Жавоб: Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида Йўриқноманинг 14-бандига асосан сиз нотариал идорага келиб  ўз  хоҳиш ва  истагингизни ёзма равишда нотариусга ёзиб берсангиз, квартира олди-сотди шартномаси  нотариал тартибда расмийлаштирилади. Шартномани эса сотувчи номидан ўзингиз имзолаб берасиз. Сизнинг нотариусга квартира олди-сотди шартномасини расмийлаштириб бериш тўғрисидаги ёзма мурожаатингиз сақланадиган шартнома нусхаси  ва  бошқа тегишли ҳужжатлар билан бирга нотариал идорада олиб қолинади.

 Мерос гувоҳномаси бериладими?

“Бизлар беш нафар фарзандмиз. Отамдан қолган уй-жойга мерос гувоҳномасини олмоқчимиз. Бир нафар укамиз Россия Федерациясига чиқиб кетган, манзили аниқ эмас. У  нотариал идорасига келмаса ҳам мерос гувоҳномаси бериладими?”

Д.ҚОДИРЖОНОВ,  Бухоро тумани.

.         Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1146-моддасига асосан мерос очилган жой, яъни марҳум отангиз вафот этган жойдаги нотариал идораси марҳумнинг фарзандлари яъни сизларга марҳумдан мерос қолган уй-жойга меросга бўлган ҳуқуқ гувоҳномасини расмийлаштириб беради.Бунинг  учун меросхўрлар нотариал идорасига боришлари  ёки  ўзлари яшаб турган жойдаги нотариал идорасига мурожаат этиб, мерос мулкидан улуш олиш  ёки мерос улушидан воз кечиш ҳақидаги аризасини расмийлаштириб мерос очилган жойдаги нотариал идорасига юборишлари лозим бўлади. Нотариал идорасига келмаган, аризасини юбормаган, яшаш манзили номаълум бўлган меросхўрларнинг мерос улуши очиқда қолдирилиб қолган меросхўрларнинг мерос улушига меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаси берилади.

Келиним ўғлим билан яшамайди

Ўғлимни уйлантиргандан кейин келинни уй-жой рўйхатига (пропискага) киритган эдим. Ўрталарида фарзанд туғилмаганлиги сабабли эр-хотин ўртасида никоҳ суд томонидан бекор қилинди. Келиним уй-жойдан чиқиб кетди. Икки йилдан буён менинг уйимда яшамайди. Лекин рўйхатда туради. Собиқ келинни уй-жой рўйхатидан чиқариш тартибини тушунтирсангиз?”

Т.МАҲМУДОВА, Ғиждувон тумани.

          Жавоб: Уй-жой  рўйхатига яшаш яъни фойдаланиш учун рўйхатга киритилган собиқ  келинингиз олти ойдан ортиқ рўйхатда бўлган уй-жойдан фойдаланмаётган бўлса, ўзингиз яшаб турган жойдаги туманларо фуқаролик ишлари судига мурожаат этиб, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 52-моддаси 3-қисмига асосан турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топишни талаб қилишингиз  мумкин.

Фарзандимни синглимга бераман

     “Вояга етмаган фарзандимни  синглимнинг  тарбиясига бермоқчиман. Қайси идорага  мурожаат  этишим лозим?”

О.ПЎЛАТОВА, Пешкў тумани.

         Жавоб: Вояга етмаган фарзандни фарзандликка олиш фарзандликка олувчининг аризасига кўра васийлик  ва  ҳомийлик органининг хулосасига асосан  суд  томонидан амалга оширилади.

 Ушбу   саволларга   Ғиждувон  туман 2-сон  давлат  нотариал идораси  нотариуси,  ҳуқуқшунос  Нодира  АБДУЛЛАЕВА  жавоб  берди.