Ўзбекистон Президенти болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади. Ҳужжат билан бешта кодекс ва олтита қонунга ўзгартиришлар киритилди.
Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
Янги қонунга мувофиқ, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган барча шахслар, жумладан, таълим муассасалари ходимлари ва жабрланган боланинг қариндошлари ҳам жавобгарликка тортилади.
14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Хусусан, бундай жиноятлар учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Шунингдек, ушбу тоифадаги жиноятларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддати қўлланилмайди.
Бундан ташқари, боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятларда енгиллаштирувчи ҳолатлар жазони енгиллаштириш учун асос бўлмайди.
Саида Мирзиёева қонуннинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, болалар хавфсизлиги ҳар қандай вазиятда таъминланиши шартлигини таъкидлади.
«Боланинг хавфсизлиги вазиятга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва қадр-қимматига тажовуз қилган ҳар бир шахс қатъий жазодан қочиб қутула олмаслигини билиши керак», – деди у.
Қонун болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва шаънини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этиладиган оғир жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.