Архив рубрики: Nigoh

МАРКАЗИЙ ОСИЁ:тинчлик, барқарор ҳаёт ва фаровонлик диёри!

Бугун дунёда тўғридан тўғри денгизга чиқиш имконияти бўлмаган 32 давлат мавжуд. Буларнинг 16 таси Африка, 10 таси Осиё, 4 таси Европа, яна 2 таси Лотин Америкасида жойлашган. Ушбу давлатларда дунё аҳолисининг 7 фоизи, яъни 500 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилади. Ўзбекистон ҳам мана шу давлатлар рўйхатида.

Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 4-5 август куни БМТнинг “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси”да иштирок этди. Ушбу конференциядаги иштирок Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги лидерлик ўрнини янада мустаҳкамлаш, ривожланиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлди.

Айниқса, бой тарихий тажриба, қардошлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик, азалий қўшни ва биродар халқ раҳбарларининг учрашувлари ҳар галгидек юксак манфаатлар, эзгу мақсадларга сабаб бўлди. Шу маънода “Биз учун Туркманистон – минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор. Бизнинг кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилишимиз қатъий, энг яқин қўшнимиз билан стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ниятидамиз”, дея бежизга айтмаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Ўзбек-туркман муносабатлари ҳақида

Тарихдан аёнки, туркманлар Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён яшаб келадилар. Улар ўзларининг кўп асрлик маданияти ва анъаналарини сақлаган ҳолда Ўзбекистоннинг кўп миллатли ягона оиласига уйғун тарзда қўшилиб кетганлар. Туркманларни ўзбек халқи билан тили, маданият, урф-одат ва тарихий илдизларининг яқинлиги, шунингдек, иккала халқ учун умумий бўлган эпос, афсона ва халқ достонлари бирлаштиради.

Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотига кўра, мамлакатимизда 1990 йилда 123 711 нафар, 2000 йилда 144 601, 2019 йилда 198 797 нафар ва 2022 йил ҳолатида эса 200 000дан ортиқ туркман миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилаётир.

130дан ортиқ миллат ва элатни “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида бирлаштириб келаётган жонажон юртимизда икки юз мингдан ортиқ туркманлар ўз миллий маданиятлари, тили, анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантириш бўйича конституциявий ҳуқуқларини 2001 йил 7 май куни ташкил қилинган Республика Туркман маданий маркази орқали амалга ошириб келмоқда. Айтиш ўринлики, бугунги кунга келиб ушбу марказнинг таркибий тузилмаси ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Туркман маданий маркази, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари фаолият юритиб келмоқда.

Бағрикенг диёримизда миллат ва элат вакиллари сингари туркман миллатига мансуб фуқаролар ҳам юртимизнинг муҳим саналари: “Наврўз”, “Мустақиллик куни”, “Конституция куни” сингари умумхалқ байрамларида фаол қатнашадилар. Ушбу миллатнинг тарихий шахслари, алломалари жумладан, туркман тилининг асосчиси, ХVIII асрда яшаб ўтган буюк шоир ва аллома Маҳтумқули, туркман мумтоз шоири Молланапес Қодирберди ўғли каби инсонлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Шунингдек, туркман халқи буюк шахслари, шоиру арбобларининг ўзбек тилига таржима қилинган китобларининг тақдимоти ўтказилади, туркман санъати ва халқ ҳунармандчилиги намуналари намойиш қилинади. Айтиш керакки, юртимизнинг кўпгина маҳаллалари, кўчалари, истироҳат боғлари, муассасаларига туркман халқининг шаҳар/туманлари, таниқли шахслари, арбоблари, шоирларининг масалан, “Ашхабот” истироҳат боғи, “Махтумқули” номидаги маҳалла, кўчалари номи берилган. Бу эса, бағрикенг Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ғоясини кенг қулоч очишига, “Инсон қадри учун” умумхалқ ҳаракати миллатидан қатъий назар тенг ва кенг амалда йўлга қўйилганининг ёрқин ифодасидир.

Ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ўзбек-туркман муносабатларининг ривожланишига кўмаклашиш баробарида марказлар жамоатчилиги томонидан ҳар йили ўзбек-туркман дўстлиги кечалари ташкил қилинади. Бугунги кунда миллий маданият марказлар ўқитиш туркман тилида олиб бориладиган 40 дан ортиқ мактабларга кўмаклашадилар, ушбу мактаблар учун мутахассислар Қорақалпоқ давлат университетининг туркман филологияси факультетида, Беруний шаҳридаги Педагогика коллежида тайёрланади. Бундан ташқари, республикада туркман тилида бир қатор газета ва журналлар чоп этилади. Ёшлар билан ишлаш дастурлари доирасида марказлар қошида ҳаваскор бадиий жамоалар ташкил этилган бўлиб, улар орасида энг машҳури Қорақалпоғистон Туркман маданий маркази қошида фаолият юритувчи “Орзу” ансамбли ҳисобланади. Ушбу марказда “Мекан” газетаси ҳам чоп этилади.

 

Тинч ва фаровон ҳаёт сари…

Сўнги саккиз йилда дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилди. Бунинг ягона сабаби Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кучли иродаси туфайли Марказий Осиё давлатлари, айниқса, қўшни мамлкатлар билан “яхши қўшничилик”, дўстона муносабатларни ўрнатиш, тинчлик ва фаровон ҳаёт сари бирлашиш, биргаликда минтақани ривожланган мамлакатларга айлантириш каби улуғвор мақсадларни интилишда кузатиш, кўриш мумкин.

Юртимиз Раҳбарининг бу борадаги саъй ҳаракат натижаларини қайси мамлакатгага ташриф буюрмасин, юксак минбарлардан туриб давлат раҳбарлари эътироф этаётганида ёки муносиб даражадаги олий орденлар, нишонлар билан тақдирлаш жараёнларида кўриб гувоҳи бўляпмиз. Қозоғистоннинг “Олтин қиран” ва “Дўстлик”, Қирғизистоннинг “Данакер”, Тожикистоннинг “Зарринтож”, Россиянинг Александр Невский, Франция Фахрий легиони, Туркиянинг “Республика” орденлари, Туркий дунёнинг олий ордени, МДҲ фахрий нишони, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони ва бошқалар шулар жумласидан.

БМТ конференцияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени билан тақдирланди. Жорий йилда Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистоннинг олий мукофоти – “Олий даражали Дўстлик” ордени топширилган эди. Бу ҳам икки давлат ўртасидаги ҳурматнинг юксак даражасини англатади.

Тантанали маросимда “Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қиламан”, – деди Давлатимиз Раҳбари.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва минтақанинг барча давлатлари раҳбарлари Марказий Осиёда ҳамкорликни илгари суришга улкан ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди. Бугун бутун халқаро ҳамжамият минтақавий шериклик ва ўзликнинг янги моделини барпо этишдаги умумий муваффақиятларимизни эътироф этаётгани таъкидлади.

Шу ўринда эсга олиш муҳимки, 2022 йил октябрдаги ташрифда Президентимизга Туркманистон давлат университетининг Фахрий профессори унвони берилгани, Ашхобод шаҳрида «Тошкент» боғи очилгани, «Хоразм – Тошовуз» чегараолди савдо маркази қурилиши бошлангани ташрифнинг муҳим воқеаси бўлган эди.

Турманистон республикасига ташриф ва “БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси” саломоғи жиҳатидан жуда катта мақсадлар ва натижаларга эришилди. Жумладан: икки мамлакат ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида декларация имзоланди. Шунингдек, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича ўндан ортиқ ҳужжат қабул қилинди.

Айтиш ўринлики, ушбу конференция минтақавий ўзига хослик ва маданий ранг-барангликнинг навбатдаги намунаси сифатида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳамда Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик макони сифатида намоён этишда муҳим қадам бўлди. Унинг доирасида қабул қилинган Аваза декларациясида белгиланган чора-тадбирлар рўёбга чиқиши Марказий Осиё давлатларининг ўзаро интеграциясини кучайтириш, дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун янги ва ёруғ истиқболларни очишга хизмат қилади. Умуман олганда, Президентимизнинг ушбу амалий ташрифи Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари ривожига янги суръат бағишлаши билан бирга давлатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик, қон-қардошлик, яхши қўшничилик алоқаларининг ўзига хос ёрқин ифодаси бўлди.

Зеро, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда шаклланган протокол тартиб-қоидаларидан четга чиқиб, Президентимизни аэропортда шахсан кузатиб қўйгани ҳам ўзаро ҳурматга асосланган самимий ва дўстона муносабатларимиз, халқларимиз ўртасидаги чинакам қардошлик ришталарининг бебаҳо намунасидир.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг

34 йиллигининг “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” бош ғоясига ҳамоҳанг олий мақсадларимизга уланган бу ташриф халқимиз тинчлиги, фаровонлигини таъминлаш ҳамда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини янада намоён этиш, асосийси, халқлар ўртасидаги орзу мақсадларни рўёбга чиқаришга замин бўлади.

 

Азизбек АМОНОВ,

Бухоро давлат университети Ёшларни маънавий юксалишига кўмаклашиш депаратменти бошлиғи, доцент

Ёшлар – келажагимизга асос

Инсон ҳаёт йўлида ўз мақсадларига эришиш учун тинимсиз изланишда яшаса, у ўз ҳаётини мазмунли ва бой қилиши тайин. Ёшлар эса бу йўлнинг энг илк қадамларида юрибди, улар – Ватаннинг эртанги кун эгалари, улкан вазифалар учун масъул инсонлардир. Ёшларнинг орзу-интилишлари ва ўзига хос ташвишлари билан ҳамнафас бўлиш, уларнинг ишончини оқлаш йўлида куну тун меҳнат қилиш шарафи менга насиб этганидан жуда мамнунман.

Бизнинг маҳалламизда 1675 нафар ёшлар бор. Ҳар бири бир олам, ўзига хос хусусият ва имкониятлар жамланмаси. Улар билан индивидуал ишлаб, уларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш, муаммоларини ечиш мен учун биргина масъулият эмас, балки руҳий завқ манбаи ҳамдир. Ёшлар билан ишлаш жараёнида уларнинг феъл-атворини тушуниш, ҳаётий масалаларни ечишда кўмак бериш инсонни ўзига тортувчи жараёндир. Бу эса менга янада кўпроқ илҳом бағишлайди.

Ҳаётда мени тарбиялаган, тўғри йўл кўрсатган инсон бу – отажонимдир. Унинг ақлли маслаҳатлари, ҳаёт ҳақидаги ўгитлари доимо ёрқин юлдуз каби йўл кўрсатиб туради. Унинг меҳри ва эътиборидан доим ўрнак олганман, унинг буюк мероси менинг ҳаёт йўлимга ёруғлик бағишлаб келади. Отажонимнинг маслаҳати билан маҳаллада шахмат хонаси ва кутубхона ташкил қилдик. Бугунги кунда кутубхонамизда 2500 дан ортиқ китоблар мавжуд. Бу жой ёшлар учун маънавий оламга йўл очувчи, илм ва зеҳн манбаига айланди.

Қолаверса, маҳалламиздан миграцияда бўлган 23 нафар ёшлар билан ҳам доимий боғланиб турамиз. Улар ҳам биздан руҳий қўллаб-қувватлаш олиб, ўз мақсадлари сари интилишмоқда.

Ёшлар – биз учун келажакка йўл, уларнинг куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, орзу-умидларини амалга ошириш учун астойдил хизмат қилиш биз учун фахрдир.

Мирфайз Муҳаммедов, 

 Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ” МФЙ ёшлар етакчиси

Таълимга эътибор – келажакка эътибор

Устоз жамиятга учувчи, ҳисобчи, шифокор, тикувчи ва ҳоказо кўпсонли касб-кор эгасини етказиб беради. Демакки, бу касб вакилларига эҳтиром кўрсатиш ва эътироф этиш лозим. Шу жиҳатдан “1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев соҳа вакиллари билан келгусидаги устувор вазифалар юзасидан мулоқот ўтказди. Давлатимиз раҳбари юртимизда таълим-тарбия соҳасида фаолият юритаётган ходимларни байрам билан қутлар экан, “…Аввало, ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланиши керак”, дея Янги Ўзбекистонда устозлар қадри ва ҳуқуқий манфаатлари яна баланд бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Педагогларнинг эътибори ҳамиша таълим беришга қаратилган бўлиши ва ортиқча юмушларга жалб қилиш эса “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, жавобгарликка тортилишини айтиб ўтди. Ушбу қонун касб эгаларининг ҳуқуқий ҳимоясини ўзида намоён этса, молиявий томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам катта эътибор қаратилган. Ўз устида ишлаган ва доимий равишда маҳоратини ошириб борувчи педагоглар саъй-ҳаракати билан улар 10 миллион сўмдан ортиқ маош олиш имконига ҳам эга бўлдилар. Маълумотларга кўра, бу маблағда маош олучилар сони 2020-йилда 102 нафарни ташкил этган бўлса, сўнгги икки йил ичида бу кўрсаткич 5.3 баробарга ошган.

Жонкуяр устозлар меҳнати билан мамлакатимизда таълим йўналишида кўплаб ютуқларга эришиляпти. Жумладан, Ўзбекистоннинг энг олди таълим даргоҳларидан ҳисобланган Президент мактаби ва ижод мактаблари битирувчиларининг 100 нафари дунёнинг ТОП-100 олийгоҳларида таҳсил олишмоқда. Юртимизда бир йилда 310 минг нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Илмли йигит-қизлар халқаро фан олимпиадаларида 122 та медални қўлга киритишди.

Мулоқот давомида Шавкат Мирзиёев таълим ва педагогика соҳасида эришилган кўплаб ютуқ ва муваффақиятларни фахр билан бирма-бир санаб ўтди. Аммо, соҳада айрим камчиликларни бартараф этиш лозимлиги,  уларнинг ҳал қилиниши борасида ишлар ҳали борлигини таъкидлади. “Қанча ислоҳот қилмайлик, биринчи навбатда ўқитувчининг билими ва касб маҳоратини оширмас эканмиз, сифатли таълимни таъминлай олмаймиз”, – деди Президент.

Таълим камчиликлари тўғрисида сўз борар экан, педагогларнинг малака ошириши шартлигини англаш мумкин. Бу борада ўқитувчиларнинг касб маҳоратини яхшилашга масъулият билан ёндашиш керакли белгиланди. Эндиликда барча малака ошириш марказлари замонавий қиёфага келтирилиши вазифаси берилди. Педагогикани ўргатишга асосланган таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш жараёнига эътибор ортиши таъкидланди. Тажриба ўрнида Андижон ва Бухоро шаҳарларида педагогика институтлари бошқарувида педагогика коллежлари барпо этилади. Бу эса бир неча йилдан сўнг педагог-кадрларнинг ўрни ва мавқеи ҳозиргидан анча ортишига ишора. Фаол педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни”, “Касбий ривожланиш соати” ташкил этиладиган бўлди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, таълимнинг ривожи учун амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда етакчи ўқитувчилар сафи кенгаяди. Ўқувчи ва талабаларнинг китоб ўқиш, таълим олишга бўлган иштиёқи ортади. Айниқса, педагогларнинг ҳам молиявий, ҳам қонуний қўллаб-қувватланиши, ҳатто, уй-жой билан таъминланиши таълим тизими пойдеворини мустаҳкамлашга муносиб такбир бўлади. Бундан ташқари, ёшларга таълим бериш, тарбиялаш, ўз устида ишлаш уларнинг асосий эътибор марказида бўлишини мустаҳкамлайди. Зеро, таълимга эътибор – келажакка эътибор, демакдир.

Рустам Раҳимбоев,                                                       Бухоро давлат педагогика институти ректори ёрдамчиси

Китоб ўқиб олим ва бой бўлганлар

Француз файласуфи ва ёзувчиси Дени Дидро: «Одам ўқишни тўхтатса, фикрлашдан тўхтайди», деб бежиз айтмаган.

Айни пайтда, бадавлат одамлар кўпроқ китоб ўқийдилар. Бойларнинг 88 фоизи кунига камида ярим соат китоб ўқийди. Масалан, Билл Гейтс йилига 50 та китоб ўқийди. Уоррен Баффет кунига беш-олти соат китоб ўқийди. Илон Маск ўқишни яхши кўргани учун ракета ясашни ўрганганини тан олган.

Олимларнинг фикрига кўра, ўқиш мусиқа, юриш ва спортдан кўра стрессни самаралироқ камайтиради. Фақат 6 дақиқа ўқишдан сўнг, стресс даражаси 60 фоизга камаяди. Шунинг учун бойлар сифатли адабиётларни ўқишга кўпроқ вақт ажратишади — бу ўз-ўзини ривожлантиришнинг энг самарали усули. Бундай ўқиш муваффақият учун зарур бўлган асосий кўникмаларни ривожлантиради: фикрлаш, тасаввур, диққат, фикрларни чиройли ва аниқ ифодалаш қобилияти, ҳамдардлик. Ва бу борада китобни ҳали ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди.

Тадбиркор ва инвестор Уоррен Баффет янги билимларни эгаллашни қизиқиш тўпланадиган сармояга қиёслайди. Унинг таъкидлашича, бир киши кунига тахминан 500 саҳифа ўқиши керак.

Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг ўқишни шарт деб ҳисоблайди. У икки ҳафтада камида битта китоб ўқийди. Китоб ўқиш учун ўз-ўзига бундай талаб сизга замонавий дунё тенденциялари билан мослашишга ва ўз маҳсулдорлигингизни йўқотмасликка имкон беради.

Муваффақиятга эришган одамлар маданий меросга айланган китобларни ҳам ўқишни яхши кўрадилар. Миллиардер Марк Кубаннинг айтишича, у кунига тахминан 3 соат вақтини китоб ўқишга сарфлайди, лекин у ўзини муайян мавзулар ёки жанрлар билан чекламайди. Унинг фикрича, ҳатто битта яхши фикр ҳаётингизни ўзгартириши мумкин ва ҳар бир китоб уни топиш учун имкониятдир.

Бундан ташқари, бой ва омадга эришган одамлар классикаларни, замонавий нашрларни, фалсафий рисолаларни, фантастика ва илмий-оммабоп тадқиқотларни ўқишни яхши кўрадилар.

O‘zbekiston yoshlar uchun keng imkoniyatlar diyori

Bugun mamlakatimizda har bir sohada keng ko‘lamli islohotlar amalga oshirilib, jamiyatdagi dolzarb muammolarni bartaraf etish borasidagi ishlar jadal olib borilmoqda, yoshlarning har tomonlama barkamol bo‘lib voyaga yetishi va ta’lim-tarbiya olishi uchun shart-sharoit yaratilmoqda. O‘zbekistonda istiqlolning dastlabki yillaridan boshlab xalqimizning asrlar davomida intilib kelgan orzu-maqsadlari va zamon talablarini, dunyoviy taraqqiyot mezonlarini hisobga olgan holda, jamiyat hayotida yoshlar masalasiga va ularning har tomonlama rivojlanishiga alohida e’tibor qaratildi.             Yurtimiz aholisining 31 foizi, yoki 10 million nafari 30 yoshgacha bo’lgan yoshlardir. Ularning ta’lim olishi, kasb-hunar egallashi uchun zamonaviy sharoit va imkoniyatlar yaratilgan. Shu bilan birga, yoshlarning bo’sh vaqtini mazmunli o’tkazishni tashkil etish dolzarb masala hisoblanadi. Yoshlar qanchalik ma’naviy barkamol bo’lsa, turli yot illatlarga qarshi immunitеti ham shuncha kuchli bo’ladi. Davlatimiz rahbari nufuzli xalqaro tashkilotlar minbarlaridan turib, jahon hamjamiyatini yosh avlod turli buzg’unchi g’oyalar va radikal guruhlarga qo’shilib kеtishining oldini olishga chaqirmoqda. Asosiy e’tiborni ma’rifatga, yoshlarning ma’naviy va axloqiy tarbiyasiga qaratish lozimligini jonkuyarlik bilan ta’kidlamoqda. Bu bеjiz emas, albatta. “Tarbiya qancha mukammal bo’lsa, xalq shuncha baxtli yashaydi”, dеydi donishmandlar.                                 Bugun biz har jabhada ilm-fan, madaniyat, sport qolavеrsa san’at sohalarida, ijod olamida katta yutuqlarni qo’lga kiritib, yuksak muvaffaqiyatlarni qayd etayotgan yoshlarni ko’rishimiz shubhasiz. Ular o’zlarining ertangi kuni uchun bugundan harakat qilib o’zlari qiziqqan sohaning kеlajakdagi еtuk mutaxassisi bo’lish maqsadida tinmay harakat qilish bilan bir kasb-hunarlar ham o‘rganishayotgani bizni quvontiradi.                         Men mehnat faoliyatimni 2023-yildan buyon “Hamid Olimjon” hozirda esa “Bog‘idasht” mahalla fuqarolar yig‘inida davom ettirar ekanman, turli toidagi yoshlar bilan ishlab juda ko‘p narsalarni o‘rganishga, o‘rgatishga muvaffaq bo‘ldim. Bugun Prezidentimiz Shavkat Miromonovich biz yoshlarga har jabhada keng imkoniyatlar eshigini ochib berdilar. “Ibrat farzandlari”, “Mutolaa”, “Ustoz Al” kabi loyihalar kirib bormagan xonadon qolmadi deya ishonch bilan ayta olaman, birgina Buxoroning o‘zida “Ibrat farzandlari” loyihasi doirasida mobil ilova orqali xorijiy tillarni onlayn o’rganayotgan yoshlar soni 404 472 nafarni tashkil qiladi. Shundan, xorijiy tillarni yuqori darajada o’zlashtirib, sеrtifikat olgan yoshlar soni 21 730 nafarni tashkil qilmoqda. Bundan tashqari, mahallalardagi va ta’lim muassasalaridagi yoshlarning intеllеktual salohiyatlarini oshirish maqsadida 831 ta “Zakovat” to’garaklariga 18 963 nafar va 206 ta “Shaxmat” to’garaklariga 3 110 nafar yoshlar qamrab olingan. Yoshlarning bo’sh vaqtini mazmunli tashkil etish, ularni kitobxonlik, madaniyat, sport, IT, harbiy vatanparvarlik ruhida tarbiyalash yo’nalishlariga jalb qilish maqsadida “Bеsh muhim tashabbus” loyihasi doirasida ham qator ijobiy ishlar amalga oshirilmoqda.     Qolaversa, bugun yoshlarni sportga jalb qilish maqsadida sport maydonchalari va tungi vaqtlarda maktabdagi sport zallarida bemalol yoshlar kelib sport bilan shug’ullana oladi. Yaratilayotgan barcha imkoniyatlar biz yoshlar uchun oddiygina misol qilib aytadigan bo‘lsak davlat g’amxo’rligini kutayotgan, hayotda o‘z o‘rnini topishga yordam berishlari, bir otaning bolasiga qilgan ekan katta yaxshiligidir deya olaman. Zero hechkim e’tibor va mehrdan chetda qolmas.                                                                                       Turli-tuman illatlar yoshlar ongini zaharlab, ma’naviy tubanlik sari dadil odimlab borayotgan shunday davrda uyg‘onmaslikning, ma’naviy sohaga, milliy va umumbashariy qadriyatlar targ‘ibotiga e’tibor qaratmaslik aslo mumkin emas. Biz buni chuqur anglagan holda o‘z faoliyatimizni yuritamiz va yoshlarimizning imkoniyatlarini ro‘yobga chiqarishni, ularni har tomonlama qo‘llab-quvvatlashni asosiy maqsadimiz deb bilamiz.

Mustafo Ismatov,                                                          Buxoro shahar “Bog‘idasht” mahallasi yoshlar yetakchisi

Бухородаги Тиббиёт институти халқаро рейтингдан жой олди

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасалари миллий рейтинггида кучли бешликдан жой олди.

Жорий ўқув йилида Бухоро давлат тиббиёт институти Round University ranking (RUR) халқаро рейтингида илк бор қатнашиб, TOP-1000 университетлар рўйхатига киритилди.

Айтиш жоизки, халқаро рейтингда дунёнинг 85 та давлатидан жами  54 000 та олий таълим муассасаси иштирок этган. Round University ranking томонидан 1200 та етакчи олий таълим муассасалари фаолияти баҳоланган. Ушбу умумий рўйхатда АҚШдан  149 та, Германиядан 15 та, Англиядан 71 та, Россиядан 13 1та университет жой олганн бўлиб, Бухоро Давлат Тиббиёт институти мазкур рейтингда 974-ўринни эгаллаган. Бу орқали институт Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасалари миллий рейтинггида кучли бешликдан жой олишга эришган.

Билдирилишича, мазкур рейтинг Олий таълим муассасаларининг глобал рейтинги бўлиб, унда дунёнинг бир неча минглаб етакчи университетлари фаолияти тўртта асосий йўналиш бўйича тақсимланган ҳолда 20 та кўрсаткич асосида баҳоланади.

«Бугунги кунда институтимизнинг 15 фоизини хорижлик талабалар ташкил қилади. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Россия, Польша, Туркия, Италия, АҚШ давлатларининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Қўшма лойиҳалар доирасида факультетлар ташкил этилган. Иорданиянинг «Adam Аhmad consulting» компанияси билан ҳам ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Икки йилдан буён Иордания, Миср ва бошқа араб давлатлардан ҳам талабаларимиз талайгина. Айниқса, янги академик ўқув йилидан бошлаб, иорданияликлар институтимизнинг Даволаш иши ва Стоматология йўналишлари бўйича таҳсил ола бошлашади. 700 дан ортиқ хорижлик талаба қабул қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, Жанубий Кореянинг “Daegu Haany University” халқ табобати йўналиши бўйича ҳам ҳамкорлик ошмоқда. Бу амаллар олийгоҳнинг халқаро ва миллий рейтингини оширишда таълим соҳада олиб бориётган ислоҳотлари натижасидир»,-деди институт ректори Шуҳрат Тешаев.

Халқаро ва Миллий рейтингда ўз ўрнини мустаҳкамлаб олган институтда 1500 га яқин ҳорижий талабалар таҳсил олишади. Уларга институт профессор-ўқитувчилари томонидан 100дан ортиқ фанлар бўйича инглиз тилида сабоқ берилади. Маълум бўлишича, 150 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга.

 

Чанг кўчаларингдан айланай, қишлоқ!

Қумтупроқ йўлда оёқяланг бўлиб олиб, бўйи баробар қум чангитиб, ёғочни «от» қилиб, югуриб келаётган болаларни кўриб, кўз тўймайди. Чувиллашиб келаётган болалар шу кўйи ўзларини қишлоқ ўртасидан оқиб ўтаётган лойқа сувли ариққа отишади. Ариқдан чиқа солиб, майсалар устида ўмбалоқ ошишади… Жуда гўзал манзара!

Одатда кўпчилик қаттиқ қишлоқ ҳаётидан ўзини орқага тортади. Шунинг учун ранги униққан кўйлакларидан тутун ҳиди анқиб турадиган холалар мол тезагидан таппи қилишга мажбур бўлишади. Тўғри, шаҳар иқлими сизга янгидан янги енгилликлар, қулай имкониятларни беради. Лекин, қишлоқда ҳаммаси бошқача.

Қишлоқда тонг саҳарлаб уйғониб, ишни тугаллаётганингизда шаҳарликлар еттинчи осмонида туш кўраётган бўлади. Қулоғи бураб қўйилган бўлса-да, фалон пуллик будильникларнинг эгасини уйғотишга “дух”и етмайди. Қуёш ғазабланиб, бошининг устига келсагина тўшагидан зўрға уйғонади аксар аҳли шаҳар.

Бувим: “Қуёшдан кейин турсанг, майитлар қаторига қўшиласан, қанча вақтли турсанг, елкангга фаришталар қўниб ишингнинг омади чопқиллайди, унум бўлади,” – дердилар.

Шаҳарнинг қулайлигию имкони, ўша 24 соат “вип” бўладиган свет, гази ўз йўлига. Балки, шунинг учун табиатнинг қайноқ меҳрини, нафасини ҳис қилишдан, овозини тинглашдан мосуво бўлишади баъзи шаҳарликлар… Бунинг учун қишлоқ одамларидаги соддалик-оддийлик, беғуборлик керак, бу “рецепт” эса уларнинг ҳаммасида ҳам йўқ.

Қишлоқ… Бу ерда текис асфальт ётқизилмаса-да бағрини ерга бериб ётган лаппак тошлар бора-бора одамларга фойдам тегсин, маъносида текислайди ўз-ўзини (балки, қадамлар зарбидан текисланар у тошлар, ким билади, дейсиз), аммо тили эндигина чиқаётган гўдаклар устини кир қилиб, тупроқда эмаклаб юришни машқ қилиши учун энг яхши жой – бу қишлоқ. Янги тушган келинчакнинг уялиб, қизариб тонг саҳарда кўча супураётгани тасвири билан янада гўзаллашади қишлоқ. Онасининг елинларидан баҳраманд бузоқчанинг “кўрсатиб қўяман ҳали” қабилидаги эркаланиб, ер тепишларини ҳаяжон билан фақат қишлоқда кузатса бўлади. Осмонўпар биноси бўлмаса бўлмасин, лекин ака-ука, опа-сингилчалар кир кўйлакчаларини ўйнатиб, варрак учирса бўладиган кенглиги бор қишлоқнинг. Кўнгил яйрайди, кўз қувнайди, руҳият тинчиб, роҳатланади киши.

Қишлоқда меҳр сероб, олтмишдан ошган кампир ҳам меҳри товлаб набирасини опичлайди, уради-чертади (албатта, яхши бўлсин, деб).

Қарангки, қишлоқда оналар, опалар киприк уламайди, андакка соч бўямайди, тирноқ қўймайди, баланд пошна киймайди. Чунки, билишади: тандирга кирса, улама киприкларининг, чангда юрса, бўялган сочларининг, хамир қорса, кир ювса, тирноқларининг, қишлоқнинг ўнқир-чўнқирида юрса, баланд пошнасининг бир тийинлик қадри қолмайди…

Баъзан ернинг энг яхши оналари қишлоқ аёлларимикин, деган хаёлга ҳам бориб қоламан (аслида, оналарнинг ҳаммаси яхши) Ҳатто, буни эътиборсизликдан эмас, ташвиши кўплигидан ўзи учун вақт ажратолмайдиган мунисаларимизнинг бошидаги эгри боғланган рўмоллар билдириб қўяди.

Оталар-чи? Улар ҳам шундай, шубҳасиз. Айниқса, далани иккинчи уйи, деб билган оталар… Пешонасидан оққан ҳар томчи тер учун минг рози фарзандларини, деб. Шунга яраша жажжи қўлчалари билан дадасининг терлаган бўйнидан энтикиб қучиб олган қизалоқнинг зум ўтмай, ўша қўлчалари билан отасининг пайпоғини чала бўлса-да, меҳр билан юқишлари… энтикиб кузатасан қишлоқ ҳаётини..

Сабр қилиш нималигини ўргатади, меҳр-оқибат, самимиятдан дарс беради қишлоқ…

Жасмина Жамолова,

Ромитан туманидаги 

“Фарҳод Фармон хусусий мактаби” ўқувчиси.

MUHABBAT TUKLIYEVA — UMIDLI YOSH SPORTCHI

 2024 yil — Yoshlar va biznesni qo‘llab-quvvatlash yili

Yurtimizda sport ravnaqiga, xalqimizni sportga ommaviy tarzda keng jalb etishga, ayniqsa, kelajagimiz egalari bo‘lgan yosh avlodni har jihatdan yetuk va komil insonlar bo‘lib kamolga yetishlariga hukumat darajasida e’tibor qaratilmoqda. Bu kabi sa’y-harakatlar o‘zining ijobiy samaralarini berayotgani quvonarli.

Muhabbat Tukliyeva Buxoro shahridagi 29-ixtisoslashgan davlat umumta’lim maktabining 4-sinfida o‘qiydi. Muhabbat maktabga qadam qo‘ygan ilk kunlaridan shu kunga qadar bilimga chanqoq, tirishqoqligi bilan tengdoshlariga o‘rnak bo‘lib kelmoqda.

— U nafaqat fanlardan a’lo baholarda o‘qiydi, balki sport yo‘nalishida ham bir qator yutuqlarni qo‘lga kiritgan. Uni doimo tengdoshlariga o‘rnak sifatida ko‘rsatamiz, — deydi mazkur muassasaning fidoyi muallimasi Dilrabo Fayzulloyeva.

Muhabbat bolaligidan sportga qiziqib, nafis sport turi bo‘lmish gimnastika bilan shug‘ullanishni boshlab, bugungi kunga kelib bir qator yutuqlarni qo‘lga kiritib, maktab faxri bo‘lib kelmoqda. U bir necha yillardan buyon xalqaro sport musobaqalarida ham faxrli o‘rinlarni qo‘lga kiritib kelmoqda.

Kuni kecha faol singlimiz Ojarbayjonning Boku shahrida o‘tkazilgan “GymStar International Cup” xalqaro musobaqasida o‘z yosh toifasida ishtirok etib, faxrli birinchi o‘rinni qo‘lga kiritib, viloyat ahlini yana bir bor mamnun etdi. Qolaversa, Olmaota shahrida bo‘lib o‘tgan badiiy gimnastika bo‘yicha “Mensulu”, Buxoro shahrida bo‘lib o‘tgan “Жемчужина востокс”, “Золотие минарети”, “Ташкентская осень” ochiq turnirida faxrli 1-o‘rinni, “Финал Кубка России” ochiq turnirida faxrli 2-o‘rinni egallagan singlimizdan umidimiz katta.

Zero, imkoniyatlar mamlakatida har bir dadil qadam o‘zining ijobiy samarasini berishi muqarrar.

Donishmandlar aytganidek:

Umid bilan suqilgan tayoq

Bir kun berar mevayu yaproq. 

Dilnavoz TO‘XTAYЕVA, 

                                              “Buxoro yoshlari” muxbiri

Бухорода уч ғилдиракли юк мотоцикллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Бухоро вилояти, Олот туманида уч ғилдиракли юк мотоцикллари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилгани қизиқишларга сабаб бўлмоқда.

Олот туманида «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси»нинг барпо қилингани ташаббускор маҳаллий ёшлар, ўзини бизнесда синаб кўрмоқчи бўлган ҳаваскорлар учун қулай имконият бўлди. Маълум бўлишича, мазкур лойиҳа учун 2021 йилда туман ҳокимининг қарорига асосан, тумандаги «Халифа» маҳалласидан 2 гектар ер майдони ажратилган. Унда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этиш ишлари жадал бошланган. Бунда зарур инфратузилма-муҳандислик-коммуникация тармоғи шай қилиниб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 300 миллион сўм электр тармоқлари қурилишига, 350 миллион сўм маблағ табиий газ тармоқлари қурилиши учун ажратилган.

Саноат зонада фаолияти йўлга қўйилаётган дастлабки бизнес лойиҳаларидан бири ёш тадбиркор Фарҳод Тўрамуродов раҳбарлигидаги “Buxoro Gold Star Moto” МЧЖдир. Бунда умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган уч ғилдиракли юк мотоцикллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда. Корхона таъсисчиси эса дастлабки босқичда 50 нафар ишчи-мутахассис бандлигини таъминлаш, ишни барқарор ташкиллаштириш орқали йилига замонавий русумдаги 3 минг дона юк мотоцикли йиғиб тайёрлашни мақсад қилган.

«Бугунга келиб ҳудудда белгиланган қурилиш-монтаж ишларининг аксар қисми бажарилган бўлиб, айни кунда ичимлик суви ҳамда оқава тармоғини барпо қилиш, йўл қисмини асфальтлаштириш ва атрофни ободонлаштириш чора-тадбири кўрилмоқда. Бундан беш йил илгари Қоровулбозор туманида «Lochin» бренди остидаги замонавий ҳамда қулай юк мотоцикллари, шунингдек, мотокультиватор ва квадроцикллар ишлаб чиқарила бошлаган эди. Уч ғилдиракли юк мотоцикли тайёрлайдиган конвееримиз эса «Lochin» нинг муқобилидир»,-деди ёш тадбиркор Фарҳод Тўрамуродов.

Ёш тадбиркор мазкур уч ғилдиракли мототранспорт воситасининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, дала-деҳқончилик ишларида, жумладан, иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотлар ва бошқа юкларни ташишда тиркагичли техникаларга нисбатан қулайлиги, кам ёнилғи сарф қилиши ва бошқа жиҳатлари билан анча афзалликларига эгалиги ҳақида сўзлади.

«Бир тонна ва ундан кўпроқ юк кўтариш қувватига эга. Бу улов четдан харид қилинадиган техник воситалардан нархи арзонлиги билан ажралиб туради. Айниқса, деҳқон ҳамда фермер хўжаликлари учун қулай, яъни ҳамёнбоп. Қолаверса, ҳадемай бу ерда дастлабки йиғиладиган шоссе, борт, рессор ва бошқа бутловчи қисмлар цехлари ҳам ишга туширилади. Цехда меҳнат қиладиган ишчи-мутахассисларга 3 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача ойлик маош тайинланган. Шунингдек, ижтимоий муҳофазага олинган оилалар, ишсиз фуқароларга юк мотоциклларини имтиёзли кредит маблағлари асосида ҳам расмийлаштириб беришни йўлга қўйдик»,-деди ёш тадбиркор.

 

ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИК МАҲСУЛИ

Ёшлар сиёсати жамиятни ривожлантириш ва ижтимоий ўзгаришларнинг муҳим омили сифатида турли механизм, услуб ва стратегияларни ишлаб чиқишни ҳамда изчил равишда амалиётга тадбиқ этишни тақозо этади.

Давлатдаги ижтимоий барқарорлик кўп жиҳатдан ёшларнинг барча қатламларига йўналтирилган кучли ижтимоий ҳимояга, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имкониятларини юзага чиқаришга етарли ва зарур шарт-шароит яратилганига боғлиқдир.

Бухоро шаҳар Тошмачит маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Исмоил Боймуродов  маҳалла аҳолиси, ёшлари билан таништирар экан, бу ернинг тубжой аҳолиси ниҳоятда камтарин, меҳнаташ ҳамда ширинсухан инсонлардан иборат эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида жами 3998 нафар фуқаро, жумладан, ёшлар: 14-30 ёшлилар 1238 та, ёшлар жами нафарни ташкил этади. Маҳалла ҳудудида 1 та умумтаълим мактаби мавжуд.

Ёшлар дафтарига кириш истагини билдирган 49 нафар ёшларнинг 43 тасига ёрдам кўрсатилган.

Кўпгина ёшларга даромад топиб, ҳам оилаларига, ҳам жамият наф келтиришлари учун турли хилдаги асбоб-ускуналар олиб берилди.

– Маҳалламиз ёшлари беш босқичли олимпиадалар фахрли ўринларни қўлга киритишиб, ўзларининг неларга қодир эканликларини кўрсатишди. Қолаверса, маҳалламизнинг фаол ва иқтидорли ёшлари томонидан спортнинг футбол ва волейбол туридан туман миқёсидаги, турли хил ўйинлар, мусобақалар ташкил этиб келинмоқда, – дейди фаол етакчи.

Биз унинг ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

Дилнавоз ТЎХТАЕВА,

“BYO” мухбири