Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан 2024 йил 28 июнда вилоятдаги ОАВ вакиллари учун Жондор тумани мисолида адлия органларининг аҳоли муаммоларини “фуқаро-маҳалла-адлия” тизими орқали ҳал этиш фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги ПФ-80-сон Фармони билан жойларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолига давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатишни кенгайтириш мақсадида адлия органларининг янги фаолият йўналишлари белгилаб берилди.
Фармонга асосан адлия органлари томонидан аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, адлия органларининг ҳудудлардаги фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига 6 та янги вазифалар юклатилди. Бу борада маҳаллаларда “Адлия куни” ва “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирларининг ўтказилиши, аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилиши ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши, ҳуқуқий муаммоларнинг ҳал этиб борилиши каби вазифалар адлия органларининг чинакам халқчил идорага айлантиришга хизмат қилади.
Шу мақсадда Адлия вазирлигининг кўрсатмасига мувофиқ аҳоли муаммоларини “фуқаро-маҳалла-адлия” тизими орқали ҳал этиш бўйича Бухоро тажрибаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Унга кўра, Фармон ижроси бўйича ишларни намунали ташкил этиш мақсадида туманларда маҳалла фуқаролар йиғинлари танлаб олинди. Уларда уйма-уй юриш, сайёр қабуллар ва тарғибот тадбирлари давомида ҳуқуқий муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Пресс-тур доирасида Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Жондор тумани “Ушот” маҳалласи марказида “Ушот”, “Хумдонак”, “Кўлиён”, “Самончуқ” ва “Шўробод” МФЙлари аҳолиси иштирокида “АДЛИЯ КУНИ” тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирда тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда 5 та маҳалла фуқаролар йиғинининг аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Сайёр қабул давомида вилоят адлия органларининг масъул ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди, айрим мурожаатлар ўрганиб чиқиш мақсадида иш юритувга олинди. Шунингдек, тадбир давомида фуқароларга давлат ва ҳуқуқий хизматлар (нотариус, ФҲДЁ ва бошқа) сайёр тартибда кўрсатилди. Маҳаллалар аҳолиси учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди-деди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева.
Маълумки, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш учун, аввало, маҳаллада ишлайдиган ходимларнинг ҳуқуқий билими юқори бўлиши шарт. Эндиликда маҳалла раислари адлия ходимлари ёрдамида ўз ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бепул ошириб боради. Шунга кўра, Бухоро тажрибаси бўйича нафақат раислар, балки “маҳалла еттилиги”ни улар фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари мазмунини тушунтириш бўйича семинарлар ўтказиб борилмоқда. Хусусан, тадбир давомида “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси доирасида 5 та маҳалланинг еттилигини ўқитиш ташкил этилди ҳамда ушбу маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш бўйича методик ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, Фармонга асосан туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриш, сайёр қабуллар, “хонадонбай” тарғибот тадбирлари, аҳолининг “маҳалла еттилиги”га мурожаати, “Адлия куни”, “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирлари орқали аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Бугунги кунга қадар аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича Бухоро тажрибаси асосида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан вилоятдаги 180 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2,5 мингга яқин хонадонларга уйма-уй кирилиб, 120 дан ортиқ ҳуқуқий муаммолар аниқланди, ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан маҳаллабай чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Уйма-уй юриш давомида фуқароларга 2 мингга яқин ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Жойларда 1,5 мингдан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Шу билан бирга, режа-график асосида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирлари ҳам ўтказилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Фармон қабул қилинган кундан ҳозирга қадар 204 та маҳаллаларда 1850 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди, 1600 нафар шахсларга, энг аввало, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилди.
Умуман олганда, адлия ходимлари белгиланган график асосида ҳар қандай об-ҳаво шароитида “маҳаллабай” усулда ўз хизмат вазифаларини бажариши орқали “маҳалла еттилиги”га фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишга яқиндан кўмаклашилади.
“Адлия куни” доирасида аҳолига Ушот маҳалласида ўрнатилган инфикиоск орқали давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Ушбу инфокиоск орқали ҳозирда 40 турдан ортиқ давлат хизматларидан маҳалладан туриб онлайн фойдаланиш мумкин, бу эса фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олади ҳамда уларнинг вақти ва маблағини тежаш имкониятини беради.
Пресс-тур давомида Жондор тумани адлия бўлими биносида аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича яратилган имкониятлар билан яқиндан танишилди. Замонавий шарт-шароитларга эга бўлган бинода адлия бўлими билан бирга давлат хизматлари маркази, юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ бўлими ва “Мадад” ННТ ҳуқуқий маслаҳат бюроси ҳам фаолият кўрсатади. Жондор туман адлия бўлими биносида аҳолига бир жойнинг ўзида давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.