Сенат «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси» ҳақидаги қонунни маъқуллади

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун муҳокама қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Анваржоновичнинг маълум қилишича, қонун кучга киргач, 2027 йилдан 1-синф дарсликлари янги алифбода чоп этилади.

Қолган синфлар дарсликлари эса амалдаги янгиланиш даврийлиги асосида босқичма-босқич янги алифбога ўтказилади. Хусусан, 2–4-синф дарсликлари ҳар 3 йилда, 5–11-синф дарсликлари эса ҳар 5 йилда янгиланади.

Шу тариқа, вазирлик режасига кўра, 2027 йилдан 2031 йилга қадар барча мактаб дарсликлари янги алифбога тўлиқ ўтказилади.

Вазир ўринбосари бу жараён учун қўшимча маблағ талаб этилмаслигини таъкидлади. Чунки дарсликлар белгиланган муддатларда барибир режали равишда янгиланади.

 

Шунингдек, янги алифбога ўтиш муносабати билан ўқитувчиларни тайёрлаш ишлари ҳам бошланган. 24–28 август кунлари мактаб таълими тизимида ўқув-семинарлар ташкил этилган.

Сенат раиси Танзила Нарбаева эса қонун кучга киришини кутиб ўтирмасдан, тайёргарлик ишларини ҳозирдан бошлаш зарурлигини таъкидлади.

Сенат «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси» ҳақидаги қонунни маъқуллади

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди.

Қонунга кўра, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топади.

Янги алифбога ўтиш жараёнида аввалги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар ўз кучини сақлаб қолади. Шунингдек, амалдаги миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмайди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичларидан улар яроқсиз ҳолга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланиш мумкин бўлади.

Сенаторлар янги алифбо ўзбек тилининг имло қоидаларини такомиллаштириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва тилни рақамлаштириш жараёнини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳокама якунида қонун Сенат томонидан маъқулланди.

ОАВ янгиланган ўзбек алифбосида ишлаши мажбурий қилинади

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун кучга киргач, оммавий ахборот воситалари янгиланган алифбода иш юритиши мажбурий қилинади. Бу ҳақда Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев маълум қилди.

 

Унинг айтишича, янгиланган алифбо расмий иш юритиш ва давлат идораларида ҳам ягона стандарт сифатида қўлланади.

 

«Қонун кучга киргандан кейин барча оммавий ахборот воситалари тасдиқланган, такомиллаштирилган алифбода иш юритишини қатъий қилиб қўйишни режалаштиряпмиз», – деди Холбўтаев.

 

Шу билан бирга, фуқаролар шахсий ёзишмаларда ўзлари ўрганган алифбодан фойдаланишда давом этиши мумкин. Мажбурий талаб асосан расмий иш юритиш ва расмий ОАВга тааллуқли бўлади.

 

Холбўтаевнинг таъкидлашича, янги алифбога ўтиш учун технологик шароитлар ҳам яратилади. Жумладан, клавиатураларга янги ҳарфларни жойлаштириш, матнларни амалдаги кирилл ва лотин ёзувидан янгиланган алифбога автоматик ўгирувчи дастурларни кенг жорий этиш режалаштирилган.

 

Унинг маълум қилишича, алифбони такомиллаштириш бўйича сўнгги 10 йилда 10 дан ортиқ конференция ва муҳокамалар ўтказилган, ҳозир қабул қилинаётган вариант эса бешинчи лойиҳа ҳисобланади.

Янги вариантни тайёрлашда рақамли технологияларга мослик, қардош халқлар ва Европа давлатлари алифболари тажрибаси инобатга олинган. Холбўтаевга кўра, янгиланган ҳарфлар жадидлар 100 йил аввал қўллаган алифбо ва 1993 йилда қабул қилинган лотин алифбосидаги шаклларга яқин.