Бухоро вилояти, Олот туманида уч ғилдиракли юк мотоцикллари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилгани қизиқишларга сабаб бўлмоқда.
Олот туманида «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси»нинг барпо қилингани ташаббускор маҳаллий ёшлар, ўзини бизнесда синаб кўрмоқчи бўлган ҳаваскорлар учун қулай имконият бўлди. Маълум бўлишича, мазкур лойиҳа учун 2021 йилда туман ҳокимининг қарорига асосан, тумандаги «Халифа» маҳалласидан 2 гектар ер майдони ажратилган. Унда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этиш ишлари жадал бошланган. Бунда зарур инфратузилма-муҳандислик-коммуникация тармоғи шай қилиниб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 300 миллион сўм электр тармоқлари қурилишига, 350 миллион сўм маблағ табиий газ тармоқлари қурилиши учун ажратилган.
Саноат зонада фаолияти йўлга қўйилаётган дастлабки бизнес лойиҳаларидан бири ёш тадбиркор Фарҳод Тўрамуродов раҳбарлигидаги “Buxoro Gold Star Moto” МЧЖдир. Бунда умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган уч ғилдиракли юк мотоцикллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда. Корхона таъсисчиси эса дастлабки босқичда 50 нафар ишчи-мутахассис бандлигини таъминлаш, ишни барқарор ташкиллаштириш орқали йилига замонавий русумдаги 3 минг дона юк мотоцикли йиғиб тайёрлашни мақсад қилган.
«Бугунга келиб ҳудудда белгиланган қурилиш-монтаж ишларининг аксар қисми бажарилган бўлиб, айни кунда ичимлик суви ҳамда оқава тармоғини барпо қилиш, йўл қисмини асфальтлаштириш ва атрофни ободонлаштириш чора-тадбири кўрилмоқда. Бундан беш йил илгари Қоровулбозор туманида «Lochin» бренди остидаги замонавий ҳамда қулай юк мотоцикллари, шунингдек, мотокультиватор ва квадроцикллар ишлаб чиқарила бошлаган эди. Уч ғилдиракли юк мотоцикли тайёрлайдиган конвееримиз эса «Lochin» нинг муқобилидир»,-деди ёш тадбиркор Фарҳод Тўрамуродов.
Ёш тадбиркор мазкур уч ғилдиракли мототранспорт воситасининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, дала-деҳқончилик ишларида, жумладан, иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотлар ва бошқа юкларни ташишда тиркагичли техникаларга нисбатан қулайлиги, кам ёнилғи сарф қилиши ва бошқа жиҳатлари билан анча афзалликларига эгалиги ҳақида сўзлади.
«Бир тонна ва ундан кўпроқ юк кўтариш қувватига эга. Бу улов четдан харид қилинадиган техник воситалардан нархи арзонлиги билан ажралиб туради. Айниқса, деҳқон ҳамда фермер хўжаликлари учун қулай, яъни ҳамёнбоп. Қолаверса, ҳадемай бу ерда дастлабки йиғиладиган шоссе, борт, рессор ва бошқа бутловчи қисмлар цехлари ҳам ишга туширилади. Цехда меҳнат қиладиган ишчи-мутахассисларга 3 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача ойлик маош тайинланган. Шунингдек, ижтимоий муҳофазага олинган оилалар, ишсиз фуқароларга юк мотоциклларини имтиёзли кредит маблағлари асосида ҳам расмийлаштириб беришни йўлга қўйдик»,-деди ёш тадбиркор.