ОТА УМИДИ БЎЛГАН ЭГИЗАК СПОРТЧИЛАР!

Ҳар гал Жаҳон ареналарида юртимиз мадҳияси янграганда қалбимизни ўзгача ҳислар қамраб олади. Ўзбекистон номини бугун юқори чўққиларга олиб чиқаётган ёш спортчиларимизнинг асл мақсади ҳам юрт байроғини юксакка кўтаришдир.


Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сони ортиб бормоқда. Мана шундай спортсевар опа-сингиллар Камила ва Сабина Адизовалардир. Адизовалар 10 йилдан ортиқ вақт давомида спортнинг хоккей тури билан шуғулланиб келишмоқда.

– Бизни бу спорт турига қизиқишимизда отамнинг ўринлари юқоридир. Спортчи бўлишимизни ҳаммадан ҳам кўп отам хохлаганлар (кулиб). Чунки отам туғилганимиздаёқ қизларимни спортчи қиламан деб ният қилган экан. Шу кунга қадар 7 маротаба Ўзбекистон кубогини қўлга киритдик. 2014-йилда Малайзияда, 2015-йилда Таиланд давлатининг Чонбури шаҳрида ўтказилган ўйинларда ва 2019-йилда Таиланд шаҳрида ташкиллаштирилган Осиё кубогида 3-ўринларни қўлга киритдик. Шунингдек, Цингапур шаҳрида бўлиб ўтган 21 ёшлилар тоифасидаги Осиё чемпионатида ҳам фахрли ўринга эришдик,- дейди Камила


Сабина ва Камила Адизовалар эришган ютуқлари орқали имтиёзга эга бўлиб Университет талабасига айланишди. Ҳозирда улар БухДунинг Жисмоний маданият ва спорт факультетида таълим олишмоқда. Айни кунларда мураббийлари Ғайрат Бердиев ва Инобат Бердиевалар қўл остида яна янги марраларга эришиш учун тинмай шуғулланишмоқда. Кўпгина ёш қизларга ўрнак бўлаётган опа-сингил спортчиларга бунданда улкан зафарларни тилаб қоламиз.