«Мен ишлайман!», «Шу Ватан корига камарбастаман!» деб кўксини тоғдек тутиб юрган ўғлонларимизни кўриб, қалбимизда ғурур ҳаприқади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Вобкент туман Кенгаши томонидан ташкил этилган «Жасорат» клуби аъзолари бугун туманнинг 44 та маҳалла ҳудудларида жамоатчилик асосида тунги навбатчиликни ўтаб, маҳалла-кўйнинг тинчлиги, осойишталигини таъминлашда сидқидилдан киришишмоқда.
– «Жасорат»чи йигитлар саъй-ҳаракати билан тун ярмигача ота-онаси хабарисиз мақсадсиз кўчада юрган, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор ёшлар тенгдошлари назоратидан четда қолмади. Уларга талаблар қўйилди, тавсиялар берилди. Қарангки, кечагина ножоиз қадам босишга уринган ёшлар тўғри йўлни танлаш – уларнинг келажаги учун чинакам пойдевор эканлигини англаб етишди. Қувонарли жойи шундаки, ёшлар ҳам кўксида юрт осойишталигини таъминлашга ҳисса қўшиш мақсади ётган «Жасорат» клуби аъзолари қаторидан жой олишди,-дейди туман Кенгаши раиси Нодир Қўлдошев.
Айтиш жоизки, ҳарбий хизматни ўтаб келган, хориж давлатларидан қайтган, шунингдек, турли таълим муассасаларини тугатиб, иш иш излаб юрган ёшлардан ташкил топган «Жасорат» клуби аъзолари билан учрашув қизғин кечди. 40 нафардан зиёд клуб аъзоларининг тунги навбатчиликни астойдил адо этишаётгани билдирилди. Уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш эса куннинг долзарб мавзусига айланган. Шу нуқтайи-назардан, туман бандликка кўмаклашиш маркази 92 та корхона, ташкилотнинг 403 та бўш иш ўрни билан ташрифи 8 нафар ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлашда катта имконият бўлади.
– Тумандаги «Ғарибшоҳ» ҚФЙдаги «Кўлхатиб» қишлоғида яшайман. Бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаганман. Мен ИИБда ишлашни ўз олдимга мақсад қилганман. Аммо, ҳозирча бу соҳада бўш иш ўриннинг йўқлиги мени тушкунликка туширмади. Мен ўзимни, салоҳиятимни «Жасорат» орқали янада намоён этаман. Юрт тинчлиги ва аҳоли фаровонлиги, тенгдошларимнинг тўғри йўлда давом этишлари учун куч-ғайратмни кўрсатаман. Ва албатта, мақсадимга эришаман,- дейди Муродали Неъматов.
Ҳар бир ёш ҳам, унинг орзу-мақсадлари ҳам ёшлар иттифоқининг доимий эътиборида!