“Ҳоким ва ёшлар” учрашувларининг ёшлар минбарига айланиб бораётгани йигит-қизларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли англашаётганидан далолат.
Пешкўда бўлиб ўтган мазкур учрашувда Умрзоқ Рўзимуродов туманда қишлоқ кутубхоналарининг жиддий эътиборга муҳтожлигини сўзлаган бўлса, Дилнура Қобилова, Меҳриноз Муҳаммедова, Тўйбегим Чориева, Муҳаммадали Чориев каби 20 нафардан ортиқ ёшлар ўрта махсус маълумотга эга бўлгани учун ҳеч қаерга ишга қабул қилишмаётганидан шикоят қилишди. Айрим ёшлар олий маълумотга эга бўлишмагани учун ишлаб турган жойида бошқа вазифага кўчириш ёки иш билан бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмай туриб, ишдан бўшатилгани аниқланди.
– Ўрта маълумотли ҳам, олий маълумотли ҳам фарзандимиз. Бировини четга суриб қўйишга ҳеч ким ҳақлимас. Имкониятидан келиб чиқиб, қўллаб-қувватлаш, иш ва меҳнат билан бандлигини таъминлашга ҳамма бир хилда бурчли. Шуни унутмайлик!-дейди туман ҳокими Амрилло Назаров.
Шу куни туман ҳокими 22 нафар уюшмаган ёшнинг иш ва меҳнат билан бандлиги таъминлаш юзасидан турли корхона, идора ва ташкилот, мактабгача таълим муассасаси раҳбарларига бириктирди. Туман тиббиёт бирлашмаси, “Пешкў текстил кўрки” корхонаси, Халқ банки, “Агробанк” туман филиаллари, 32-ўрта умумтаълим мактаби, қурилиш ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари, маиший хизмат шохобчалари шулар жумласидандир.
-Ўрта махсус касб-ҳунар коллежини тугатибоқ, Россия Федерациясига ишга жўнадим. Мана, орадан ана-мана, демай, беш йил ўтибди. Қиш-қировли, совуқ ўлкада ҳайдовчилик қилиш осон кечмади. Мана, бугун давр ўзгариб, биз сингари ёшларни ўз юртимизда иш билан таъминлаш имкониятлари ошиб кетибди. “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида мен сингари Россия Федерациясида ишлаб келган 4 нафар ёш туманнинг ўзида ҳайдовчилик бўйича иш билан таъминландик. Эртадан ишни бошлашимиз билдирилди. Жудаям хурсандман,-дейди пешкўлик Беҳруз Фахриддинов.
2018 йилда эса “Зандане матолари” фабрикаси фаолиятининг йўлга қўйилиши 1500 нафар йигит-қизларнинг иш билан банлигини таъминлашдаги муҳим қадам эканлиги билдирилди. Айниқса, ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ихтиёрига ёшларнинг иш билан бандлигини ошириши учун 15 та замонавий тикув машинаси берилгани ёшлар томонидан олқишлар билан қарши олинди. Тадбир сўнггида ўз иш танловида иккиланаётган айрим йигитлар эса ўз вақтларини бекор ўтказмаслик учун юрт корига камармаста бўлиш мақсадида ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Жасорат” клубига сидқидилдан фаоллик кўрсатишларини билдиришди.
Лайло ҲАЙИТОВА