Спортга қизиқиши баланд Бекзод Ражабов ўрта махсус касб-ҳунар коллежини битиргач, ҳарбий хизмат бурчини ҳам сидқидилдан ўтади. Унинг шижоати ва ғайратига кўпчилик ҳавас қилган. Ёшлик-бебошлик, дегандек, Бекзод ёшлигига бордими, ўзи англаб-анламаган ҳолда жиноятга қўл урди. Айни навқирон чоғида жазо муддатини ўташига тўғри келди…
Жазо муддатини ўтаб қайтган Бекзод куни кеча Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида: “Мен ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган “Жасорат” клубига аъзо бўлиб, эл корига ярашга қарор қилдим. Шу билан бир қаторда, айни пайтда ишсиз эканлигимни инобатга олиб, иш билан бандлигимни таъминлашда ҳам амалий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман. Бундан кейин бор куч ва имкониятимни иш, меҳнат, ўқишим орқали намоён этаман”,-деди дадиллик билан.
–Ёшлар иттифоқи сиз сингари ёшларни ҳам жамият билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлишингизни ўз зиммасига олган экан, ҳақ-ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланишингиз шубҳасиз, кафолатланади,-дейди вилоят Кенгаши раиси Зариф Комилов.
Шу куни иш ва меҳнат билан банд бўлмаган 27 нафар ёшнинг иш билан бандлиги таъминланди. Тумандаги ёш ишбилармон Хуршид Пўлатов раҳбарлигидаги биргина “Сардор-Омад” миллий либослар ишлаб чиқариш цехида 5 нафар қиз ва икки нафар йигит иш билан банд этилди. Ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш учун ер ажратиш бўйича мурожаат этган ёшларнинг бизнес-режалари тақдимоти тингланиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, ногиронлик аравачаси сўраган икки фуқарони ташвишлантираётган масала жорий йил охиригача ҳал этилиши билдирилди.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашуви давомида тумандаги 51-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Оқила Бозорованинг иш сўраб келган ёшларга нисбатан совуққонлиги қаттиқ танқид остига олинди. Бундан ташқари, жорий йилда “Менинг бизнес ғоям” танловининг республика босқичида ғолиб бўлиб, имтиёзли кредитга эга бўлиш Сертификатини қўлга киритган Фармон Истамов ҳалигача ўз имкониятларидан фойдалана ололмай, сарсон. Миллий банк туман филиали бу борада қаттиқ огоҳлантирилди.
Ёшларнинг таклиф, талаб ва мурожаатлари тингланар экан, ғиждувонлик ёшларнинг талай қисми тадбиркорлик ва ишбилармонликка эҳтиёжи баландлигини кузатиш мумкин. Фақат уларнинг ўз иш ва тадбиркорлик субъектларини йўлга қўйиб олишлари учун имконият ва имтиёзлар тўлақонли яратилиши лозим.
-Айни кунда уч юз минг нафардан зиёд Ғиждувон аҳолисининг 16536 нафарини ёшлар ташкил этади. Шундан 2475 нафари турли хориж давлатларига иш излаб кетган. Маълумки, туманимиз эркин иқтисодий зона ҳисобланади. Шу нуқтайи-назардан, 2018 йилдан бошлаб, ишлаб чиқариш корхоналари сонини кескин кўпайтирамиз. Бу Ғиждувон ёшларининг барчасини иш билан таъминлаш имкониятини яратади. Биз бу мақсадга, албатта, эришамиз,-дейди туман ҳокими Мурод Умаров.
Туманда турли ишлаб чиқариш тармоқлари, саноат корхоналари ва кўплаб цехлар барпо этилаётганини кузатиб, туман ҳокими фикрлари янги йилда ўз тасдиғини топишига умид қиламиз.