РАНГИН ОРЗУЛАР САРИ

  • Нега йиғлаяпсан, ахир, сен “Камалак”ка аъзо бўлдинг!
  • Мен буни орзиқиб кутдим, тенгдошларимга ҳавас қилардим!
  • Ҳамиша орзулар билан яша ва мақсад сари интил! Бу сенинг шиоринг бўлиб қолсин.

  • Мен бугун тенгдошларимга, сиздек опа-акаларимга, жонажон Ватанимизга керак эканлигимни англадим. Энди ҳеч қачон тушкунликка тушмайман ва бор билим-маҳоратим, истеъдодимни ошириб бораман!-дейди Ромитаннинг “Тарнаут” қишлоғида яшовчи 11 ёшли Севинч Йўлдошева.орзулар
  • Севинч уйда таълим олади. Шеъриятга ихлоси баланд. Расмлар чизади. Тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг меҳрибон муаллимлари қизалоқнинг билимли бўлиб етишиши учун доимо бош-қош. Шунга қарамай, Севинч ўзини ҳамиша ёлғиз ҳис қиларди. Тенгдошлари қатори ўйнаб-кулиб мактабга қатнаб ўқишни, турли танлов ва тўгаракларга қатнашни жуда-жуда истардию, ўз соғлигидан бироз ийманарди.  Бироқ, “Камалак”ка аъзоман!” лойиҳаси доирасида ташкилотчиларнинг мультфильм қаҳрамонлари билан қизалоқнинг хонадонига бўлган ташрифи унинг орзу-мақсадларини янада мустаҳкамлади. Кўксига “Камалак” нишони тақиб қўйилганда, ўз завқу шавқини қўшиқ орқали изҳор этди. Ширали ва жозибали овози Севинчнинг яна бир истеъдод қиррасини кашф этди. Севинч сингари болажонларни рангин орзулар сари етаклаётган “Камалак” болалар ташкилотининг “Камалак”ка аъзоман!” лойиҳаси доирасида таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўғил-қизлардан ташқари, уйда таълим олувчи имконияти чекланган болажонларнинг ҳам аъзоликка қабул қилинаётгани миллатимизнинг болажон халқ эканлигини яна бир карра исбот этди. Ҳозирги кунга қадар Бухоро вилоятида мавжуд 529 та умумий ўрта таълим мактабларидан минглаб болажонлар “Камалак”ка аъзо бўлишди.Шулардан 4764 нафари “Камалак” ёшидаги синф сардорлари, 4761 нафари “Камалак” ёшидаги мактаб сардорларидан иборат. Бундан ташқари, 64080 нафар ўғил-қизлар “Камалак” сафига тантанали равишда қабул қилинди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшидаги 23742 нафар мактаб сардорлари эса 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган “камалак”чи ука-сингилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, улар билан бир тану бир жон бўлиб, жонажон юртимизнинг ёрқин келажаги учун қадам босажакларини тантанали билдиришди.

    Ёшларнинг ҳар томонлама билимдонлигини ошириш, уларнинг яхши сифатларини юксалтириш, ўғил-қизларни юксак тафаккурли қилиб вояга етказиш, “Тенгдош-тенгдош”га тамойилини янада мустаҳкамлаш “Камалак” болалар ташкилотининг кундалик юмушига айланиб қолган. Амалга оширилаётган ишлар эса буюк миллат юкини кўтарадиган ўғил-қизлар келажаги учун қўйилган мустаҳкам кўприкдир.

    Зулфизар МАВЛОНОВА