МУНОСИБ НОМЗОДГА ОВОЗ БЕРАМАН

Ўзининг ташаббускорлиги, жамоат ишларидаги фаоллиги ҳамда жонкуярлиги билан қобилият ва тажрибасини кўпсонли ёшлар орасида ўзини кўрсата олган йигит-қиз бошланғич ташкилот етакчиси сифатида обрў қозонади. У нафақат, таълим муассасаси ёшлар етакчиси, балки вилоятнинг ҳар бир самарали ишида энг яқин кўмакчи сифатида ҳам эътиборга муносиб бўлиши даркор.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг давр талабига ҳамоҳанг равишда худди шундай етакчиларни сайлаш тизимида туб бурилиш ясалгани чинакам фидоий ёшлар етакчиларини саралашда муҳим омил бўлаётир. Демократик руҳдаги сайловда ёпиқ овоз бериш йўли орқали ташкил этилаётган бу жараёнлар кўпминг сонли ёшларнинг ўзи хоҳлаган номзодга овоз бериш ҳуқуқини таъминламоқда.photo5353045662490536057

Бухоро Муҳандислик технология институтида ўтказилган сайлов олийгоҳ ректори Улуғбек Муҳамедханов томонидан табрик сўзи билан очилди. Сайловининг кўргазмали воситалар билан бойитилгани, ҳар бир номзод тўғрисида батафсил маълумотлар қайд этилгани тадбир шаффофлигини таъминлади. Илм масканида фаолият кўрсатиб келаётган Лазизжон Акобиров, Бобир Рустамов ҳамда Озод Юлиевлар талаба-ёшларнинг чин маънодаги суянчига айланишган. Улар томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар йигит-қизларнинг чуқур илму-маърифат ва касбу-кор соҳиби бўлиб етишларидан ташқари, уларнинг ташаббускор ва қобилиятли, жамият ҳаётига даҳлдор шахс бўлиб камол топишларига ҳам туртки бўлиб келмоқда.

Сайловнинг демократик тамойиллар асосида кечганлиги талаба-ёшлар учун яна бир катта имконият бўлди. Узоқ йиллар давомида ёшлар билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлиб, ўз ташаббускорлиги ва интеллектуал салоҳияти билан обрў қозониб келган Озод Юлиев 77,6 фоиз овозга эга бўлди. Аёнки, соҳада тажриба ва малакага эга Озод Юлиев Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро Муҳандислик-технология институти ёшлар етакчиси сифатида талаба-ёшларнинг бугуни ва эртанги кунига даҳлдор муносиб ташаббуслари билан ўрнак бўла олади.

– Биз талаба-ёшларнинг бўш вақтимизни мазмунли ташкил этиш, талабаларни қийнаётган муаммоларга ечим излаш, кам таъминланган ва жисмонан ҳаракати чекланган тенгдошларимизга мадад бўлишдан ташқари, бизни ижтимоий ҳаётда фаол бўлишга жалб этишга чорлаётган муносиб номзодга овоз бердим,-дейди олийгоҳ талабаси Жавоҳир Султонов.

photo5353045662490536058Дарҳақиқат, ёшларнинг муносиб номзодга овоз беришларини қўллаб-қувватлашга қаратилган худди шундай сайловлар вилоятимиздаги мавжуд бошқа олийгоҳларда ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда. Ишчанлик руҳида кечаётган сайловлар ёшлар етакчилигига номзодларнинг изланиш ва интилишлари учун катта майдондир.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг минглаб ёшларнинг чинакам ишончи ва суянчига айланиши учун ёшлар етакчиларининг ўрни ва салоҳияти катта экан, улар ўзларига билдирилган ишонч ва зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис қиладилар ва албатта, ўз самимиятлари, билим ва салоҳиятларини ишга солишдан асло чарчашмайди.