40 ДАН ОРТИҚ ШОГИРД ТАЙЁРЛАГАН ЁШ ИНТЕРЬЕР ДИЗАЙНЕР 

Сўнгги йилларда халқимизнинг замонавий ва қулай имкониятларга эга уйларда яшашга бўлган иштиёқи ортиб бормоқда. Бу эса уй-жой қурилиш соҳасида кўплаб ўзгаришлар ва борган сари турли янгиликлар яратмоқда. Қурилишга оид янги йўналиш ва касблар юртимизга кириб келмоқда. Интерьер дизайнерлик йўналиши ҳам ҳозирги кунда аҳоли орасида ривожланиш босқичида. Бухоролик интерьер дизайнер Улуғбек Масалиев мана 6 йилдирки, шу соҳада фаолият юритади. Унинг айтишича, бу касб эгаси бўлиш кишидан нафақат комьютер ва дизайнерлик программаларини пухта билишни балки, сиздан дид ва ўз ишингизда чирой яратишни талаб қилади. Рассом қоғозда маҳоратини кўрсатса, интерьер дизайнер уй ёки офис биносининг ички дизайнини бошқарган ҳолда ўз санъатини намоён этади. Бундай дизайнерлар бизга нима учун зарур ўзи?  Керакли декорларни бозордан ўзимиз ҳам харид қилишимиз мумкинку, ахир. Аммо бино ичидаги жиҳоз, уларнинг ранги ва гулқоғозлар бир-бирига мос келмаса, бозорда сарфлаган вақтингиз ва нақдингизга куйиб қоласиз. Айнан шунинг учун ҳам интерьер дизайнер соҳаси пайдо бўлган.

– Касбимни яхши кўраман. Гарчи Олий таълимда ўқимаган бўлсам-да, соҳамни пухта ўзлаштирганман, деб айта оламан. Одамлар учун қулай ва эстетик ёқимли дизайн яратишда жиддий қарайман. Ахир битта бинони  қуриш учун миллионлаб пул сарфланади, кўплаб одамларнинг оғир меҳнати сингади. Мен ўз вазифамни чин дилдан бажармасам, уларнинг ҳам ҳаракатлари юқори баҳоланмаслиги эҳтимоли йўқ эмас,-дейди у.

Мактаб йилларини ёдга олар экан, дарс давомида кўпроқ расм чизганларини эслади. Мактабда аълога ўқимаган бўлса-да, ҳозирда табиат қўйнида илмий ва бадиий китоблар ўқишдан завқ олаётганини билдирди. Улуғбек 2015-2018-йилларда Бухоро архитектура ва қурилиш коллежини тамомлади. Коллежни битириши биланоқ, қурилиш фирмасига амалиётчи архитектор бўлиб ишлай бошлади. Ўз сайъ-ҳаракатлари билан бир йил ичида бош архитектор ёрдамчиси даражасига етди.

– Дастлаб, фаолиятимни амалиётчи архитектор сифатида бошлаганман. Аммо, бир воқеа таъсирида бу йўналишда кетолмаслигимни англадим. Мен архитектор сифатида энди ўз қадамларимни қўя бошлаган  йилларда Бухорода бир бино қулаб тушди. Бир нечта одам жароҳатланди. Аниқланишича, ўша бино билан шуғулланган архитекторнинг иши мукаммал тузилмагани бунга сабаб экан. Одамларнинг ҳаёти, халқнинг бехавотир яшаши учун қуриладиган уйлар масъулияти архитекторга  жуда ҳам боғлиқгини ўшанда яна қайта англадим. Бу мен учун дарс бўлди, деб ҳам айта оламан. Архитекторликни билмасликдан эмас, аҳолининг бехавотирлигини таъминлаш масъулиятини зиммамга олиш мени ўйлантирди. Шунинг учун интерьер дизайнерликни ўрганишга қарор қилдим,- дейди Улуғбек.

Интерьер дизайнерликни ўрганишда кимгадир шогирд бўлиш учун ҳам маблағ керак эди. Улуғбек ўртаҳол оиладан бўлгани боис, кимлардир миллионлаб пул сарфлаб ўрганган соҳани ўзи мустақил ўрганди.

-Мен бир йил давомида архитекторликда маошсиз ишладим. Устига-устак энди бошқа йўналишда ишлашни ният қилгандим. Қўлимда на даромадим, на маошдан йиғиб қўйганларим бўлган. Мен онамнинг дуоси ва ўзимга бўлган ишончим эгаси эдим. Кечани-кеча, кундузни-кундуз, демай интернет орқали интерьер дизайнерликни ўргандим. Унга оид китоблар ўқидим, изландим. Афсуски, қўлимда дипломим бўлмагач, келган мижозлар менга буюртма беришга иккилана бошлашди. Аммо, шунда ҳам ишлаш ва пул топиш учун диплом керак эмас, деб ҳисоблаганман,-дейди у мийиғида кулиб.

Дипломсиз ўзига бирор мижоз тополмаган Улуғбек билганларини бошқаларга улашишни бошлади. Назарий билим билан шогирдлар тайёрлади. Бора-бора буюртмаларни ҳам қабул қилди. Ишлари эндигина ривож топаётган кезларда онаси оғир хасталик билан дунёдан кўз юмди. Акаси ва сингилиси билан онасини сўнгги манзилга кузатар экан: “Онажон, ҳар бир ишимни сизнинг дуоларингиз ёди ила бошлайман”, деган сўзларни юрагидан ўтказди. Кўп ўтмай, уни пойтахтга ишга таклиф қилишди. Ҳозирда ўзининг севимли иш жойи, етарли даромади ва унга ишонган мижозларига эга.

Ҳар бир инсоннинг ҳаётида синов босқичлари бўлади. Синовдан ўтишда тўғри йўлни танлай олиш кейинги йилларнинг қандай ўтишини белгилайди. Улуғбек онаси вафотидан сўнг ёлғизлик синовини бошдан кечирди. У ўз касбининг устаси бўлганини, 40 дан ортиқ шогирд тайёрлагани ва айниқса, китоблар ўқиётганини онасига айтишни ич-ичидан истайди. Аммо, афсуски, буларни хаёлларида гавдалантиради. Ўй-фикрларида онаси билан суҳбатлашади, ундан куч ва дуо олади.

– Онам уччаламизни ҳам ёлғиз катта қилди. Биздан умиди катта эди. Афсуски, меҳнатлари роҳатини кўришга улгурмади. Аммо, мен унинг умидларини, ниятларини ижобат қиламан. Соҳамда машаққатли меҳнат қилиб, фирма очиш ва кўплаб бошпанасиз, муҳтож одамларни иш билан таъминлаш ва имконим борича ёрдам беришни кўнглимга тугиб қўйганман,-дейди суҳбатдош.

Диплом эмас, самарали меҳнатгина ўз натижасини беради. Бунинг учун ҳар ким ўзига ишонган соҳада янгиликларга интилиши ва изланиши лозим, худди суҳбатдошимиз сингари.

 

Зулфизар Мавлонова, журналист.