Қалб бурчи
Бухоро асрлар оша илм, маърифат ва маданият бешиги бўлиб келган. Бу кўҳна ўлка, нафақат, шоирлару уламоларни, балки, ҳақ сўзни байроқ қилиб олган қалам аҳли-журналистларни ҳам тарбиялаган. Бухоро журналистикаси ўтмишнинг теран анъаналари билан замонавий фикр қудратини уйғун этган, қалам ва виждон қудратини бирлаштирган мактабдир.
Тарих саҳифаларига назар ташласак, Бухоро заминида етишиб чиққан кўплаб салоҳиятли ижодкорлар, журналистлар, адабиётшунослар ва илму фузалолар бу соҳанинг юксалишига беқиёс ҳисса қўшганини кўрамиз. Улар фақат янгилик тарқатмаган, балки, жамиятнинг фикрий қиёфасини шакллантирган, халқнинг дардини, юртнинг дармонини қалам орқали ифода этган.
Бухоро журналистикаси бу фақат тарих эмас, бу ҳаётнинг ўзи, ҳақиқат учун курашнинг, адолат учун овоз чиқаришнинг рамзидир. Бу соҳа ҳамиша халқ манфаатига хизмат қилган, юрт равнақи йўлида сўз қудратини қуролга айлантира олган.
Бироқ, ҳар бир соҳада бўлгани каби Бухоро журналистикаси ҳам ўзига хос синовларга, муаммоларига дуч келган. Бироқ, сўз қадрини билган бухоролик журналистлар тўсиқ ва бефарқликларни забт этиш йўлида сайъ-ҳаракатдан тўхташмаган, илгарилаш – замон билан ҳамқадам ва ҳамнафас бўлишни қалб бурчи, деб билишган. Ҳар бир соҳанинг ўз етакчиси, эзгу ва хайрли ишларга бошловчиси бўлганидек, қатор ва узоқ йиллар кўплаб шундай маънавият етакчилари билан елкама-елка туриб, қадам ташлашган.
Айни дамда ҳам Бухоро журналистикаси ўз мавқеи ва мактабига эга паллада бўй чўзмоқда. Ҳамжиҳатлик, биргаликда сайъ-ҳаракатга киришишлик Бухоро журналистикасининг мустаҳкам мақсади.
Гулшода Ибрагимова – Уюшма бўлимига раис бўлди
Гулшода Ибрагимованинг Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлимига раис этиб сайлангани ана шу мақсадларни янада муштарак этди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилоят бўлимининг навбатдаги йиғилишида иштирок этган уюшма бўлими бошқаруви аъзолари Гулшода Ибрагимованинг номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.
Йиғилишда қатнашган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида миллий журналистикамизни ривожлантириш, медиага доир қонунчиликни такомиллаштириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича сўз юритди.
Йиғилиш кун тартибига кўра, Уюшма Бухоро вилояти бўлими раисини сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Иброҳимова Гулшода Амриллоевна Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг вилоят бўлими раиси этиб сайланди.
Йиғилишда Бухоро вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраев, “Бухоронома” газетаси бош муҳаррири Шодмон Сулаймонов, “Бухоро ёшлари” газетаси муҳаррири Лайло Ҳайитова, “Қоровулбозор тонги” газетаси муҳаррири Баҳром Солиев, “Бухоро вилояти телерадиоканали” давлат муассасаси директори Обид Шабанов ва бошқалар сўз олишди.
Маълумот учун: Гулшода Иброҳимова 1982 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг медиаменежмент йўналиши бўйича магистратура босқичида ўқиган. У фаоолияти давомида “Осиё” телеканали мухбири, “Коинот” телеканали бош муҳаррири, “Ғиждувон ойнаи жаҳони” МЧЖ бош муҳаррири, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази Интернет ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими журналисти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги матбуот хизмати Интернет ва ижтимоий тармоқлар бўйича масъул ходими, Бухоро шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари, “Микрокредитбанк”АТБ Ахборот хизмати раҳбари ўринбосари ҳамда банкнинг Бошқарув раиси Маънавий-маърифий ишлар ва Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.
Бу вазифа Гулшода Ибрагимованинг зиммасига янги Бухоро шароитида журналистикани янада ривожлантиришдек улкан масъулиятни юклайди. Соҳада адолатни мустаҳкамлаш, уни ривожлантириш ва ҳамкасблар ишончини оқлашга ундайди.
“Бу масъулият барчамизнинг умумий вазифамиздир”
Бухоро журналистикаси ана шу йўлда фидоий қалам аҳлини, ҳақ сўзнинг посбонларини бирлаштираётган қудратли минбарга айланмоқда. Шу боис, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг овозини эшитиш, бу фақат Уюшма раисининг касбий эмас, балки, сиёсий ва маънавий бурч ҳамдир.
“Бу масъулиятни фақат биргина раҳбарнинг елкасига юклаб бўлмайди. Чунки, бу барчамизнинг умумий вазифамиз, бурчимиздир. Аввало, Бухоро журналистларининг ҳамжиҳатлиги, бир мақсад йўлида бирлашиши, ўзаро тафаккур ва ижодий ҳамкорликни янада кучайтириш уюшманинг ривожига, замонавий Бухоро журналистикасининг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир журналист ўз масъулиятини чуқур ҳис қилиб, ўз бурчини сидқидилдан адо этса, Бухоро журналистикаси мамлакат миқёсида намунага айланиши, шубҳасиздир”,-деди Обиджон Шабанов.
Маълумот учун: Шу куни Уюшма раҳбари Холмурод Салимов уюшма аъзолигига қабул қилинган “Шофиркон овози” газетаси муҳаррири Алишер Обидов, Вобкент тумани ҳокимининг Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Шароповга аъзолик гувоҳнома ва нишонларини топширди.




