Мутаваккил Бурхонов

  Оппоқ тонгларда барчамизни уйғотадиган бир наво бор. Уни тинглаганинг сари қалб ғуруга, фахр-ифтихорга тўлаверади. Юраклар орзиқаверади, Она-Ватанга, муқаддас заминга бўлган меҳр жўш уриб, мусаффо туйғуларга дил тўлади. Бу ўша, чорак асрдирки, ер юзида халқимиз ғурури, ифтихори тантанасини намоён этиб келаётган – Юрт мадҳияси!

 

Бугун мадҳиямиз бастакори, Ўзбекистон халқ артисти, санъат арбоби Бухоро шаҳрининг забардаст фарзанди Мутаваккил Бурхонов таваллуд топган кун.

 

У 1916 йилда Бухоро шаҳрида туғилган ва ҳаётининг сўнгги йилларини ҳам шу заминда ўтказган.

 

Мутаваккил Бурхонов нафақат юрт мадҳияси орқали, балки ижодидан ўрин олган лирик романслари, жозибали бадиий симфоник асарлари, “Абу Али Ибн Сино”, “Сурайё”, “Мафтунингман” сингари кинофильмлари учун басталаган мусиқий дурдоналари орқали ҳам ўзбек мусиқа санъатида ўзига ҳайкал қўя олган буюк истеъдод соҳибидир.

 

Умрлар бор тирикликда ўликдир, умрлар бор мангуликка тирикдир. Мутаваккил Бурхоновнинг камтарона ҳаёт йўли, мусиқа санъатидаги ўзига хос бетакрор услуби чиндан ҳам мангуликка даҳлдор. Бухоройи Шариф эса миллатини севувчи, инсонларга илм-маърифат ва зиё тарқатувчи ана шундай кўплаб буюк инсонларни ўз бағрида улғайтираверади.

Мутаваккил Бурхоновнинг охирати обод бўлсин.

Жамол Носиров