БИР ДОНА АТИРГУЛ

– Даданг ишдан қайтгунча чиройли кийиниб, тайёр бўлиб туринглар, кечки овқатни кўчабошидаги чойхонада қиламиз! – уй вазифасини бажариб турган Муниса ойисининг бу гапидан яна асабийлашди.

– Ойижон, кун-узун уйдасиз, овқат пиширсангиз бўлади-ку, қарийб, ҳар икки куннинг бирида чойхонадамиз. Мени кўрган айрим синфдошларим: «Ҳар доим чойхонама-чойхона юрасизлар, пулларинг кўпу, аммо, ўқитувчимизга битта китоб ёки гул совға қилишимиз учун ойинг сенга озгина пул бермади»,-дея пичиннамо сўзлашади. Ҳаммадан ажралиб қолдим. Бир донагина атиргул бермоқчи эдим.

– Ўқитувчингга пора учун пул берадиган аҳмоқ йўқ, уқдингми? Бу порахўр ўқитувчингни мактаб директори олдига бориб, пўстагини бир қоқиб келмасам, отимни бошқа қўяман,-жағи-жағига тегмай жовраётган ойисининг важоҳатидан Муниса йиғлаб юборди.

– Устозимни порахўр, деб ҳақоратламанг. Мен пора эмас, гул бермоқчиман, ойижон, бир донагина атиргул.

– Мен ва ойинг сенга тановвулинг учун берган пулимизга ўқитувчингга гул олиб берсанг, пора бўлмай нима? – боз устига эшикдан кириб келган дадасининг бу гапидан Муниса беҳол ўтириб қолди.

– Оёғингиз остида қўша-қўша машиналар, бир дастурхон ёйганда, ҳар биримиз бир кунда камида ўнта гул ва китоб пулидан ортиқ харажатга овқатланамиз. Ҳар кун базм, ҳар кун янги-янги кийимлар, раҳмат. Аммо, устозимга бир дона атиргул совға қилмоқчи бўлганим учун муштипар муаллимам порахўрга айланиб қолдими?– Муниса тинмай йиғларди.

Муниса дарвозадан судралганча чиқиб кетди. Унинг қулоқларига ота-онасининг «ҳай-ҳай»лаши ҳам кирмасди. Шу топда онасига ўхшаб: «Қўй, мени чалғитма» дея ёшига номуносиб тарзда телефон ўйинига муккасидан кетмасдан, балки, уни жон қулоқлари билан тинглайдиган, кўнглидаги борини бемалол сўзлай оладиган муаллимасини бағрига отилиб, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди.

Оғир хаёлларга берилиб, кўз ёш тўкиб-кўз ёш тўкиб, йўлни кесиб ўтаётган Муниса кутилмаганда автоҳалокатга учради. Вақт тўхтаб қолди, гўё. Осмон чирпирак айланди. Бирпасда тўпланган оломон ола-ғовури орасидан дадасининг «Қизи-и-и-и-м» деган ўкириги эшитилди. Қизининг ёнида чўккалаб уввос солаётган отанинг чўнтакларидан тушган пуллар иссиқ шамолда сочилиб-сочилиб учарди, одамларнинг оёқлари остида тўкилиб-тўкилиб ётарди.

***

Муниса сўнгги қўнғироққа боролмади. Касалхона деразаси ёнида ота-онасига жимгина термулиб, хўрсиниқ хаёллар билан мўлтираб турган Мунисанинг чеҳраси кутилмаганда ёришиб кетди. У оғриқларни унутгандек дарвоза томонга чўлоқланиб-чўлоқланиб, қулочларини икки ёнга ёйиб-ёйиб талпинди. Дарвоза олдида уни меҳрибон муаллимаси, дардкаши, сирдоши бир қучоқ атиргул билан турарди…

Лайло Ҳайитова