Сўнгги қўнғироқ
Мактаб гавжум худди байрамдай,
“Оққуш” қизлар кийими оппоқ.
Устозларга раҳмат, дегандай,
Янграмоқда сўнгги қўнғироқ.
Мактаб ўхшар катта қанотга,
Кўринади эрта яхшироқ.
Ўсмирликдан катта ҳаётга,
Кузатасан, сўнгги қўнғироқ.
Билим олиб, сенинг бағрингда,
Униб-ўсдик билмайин чарчоқ.
Мангу бўлиб қолдинг қалбларда,
Чалинса ҳам неча қўнғироқ.
Тилаклар мўл, орзулар бебош,
Ҳаяжондан қалбларда титроқ.
Байрам, бироқ кўзлардадир ёш,
Чалинмоқда сўнгги қўнғироқ.
Жамолиддин Салоҳиддинов
ЧАЛИНГАНДА СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ
Вақт ҳамиша ўз ҳуқмини ўтказиб келган. Ҳамма нарсанинг сўнгги бўлганидек, мактаб ўқувчилари учун ҳам ажралиш онлари етди.
Ҳаёт шунчалар тез ўтишини ким билибди, дейсиз? Биринчи синфга қадам қўяётганинг шундоқ эсингда. Ўшанда мактаб ўқувчилик йиллари жуда-жуда узоқ вақтдек туюлган. Мактабдаги жўшқин ҳаёт эса худди ширин туш каби кўз очиб юмгунча ўтиб кетди.
Бугун бир шаҳар кўчаси каби сершовқин ҳаёт остонасида турибсиз. Манзилингиз йўллари эса хилма-хилдир. Сиз ҳар қанча интиқ кутманг, ҳаёт, деб аталмиш дарсда қирқ беш дақиқа эмас, балки инсон умри давом этади. Йил кетидан йил қувиб ўтгани сайин инсон болаликни қўмсайверади, улғайгани сарин эса ортга – беғуборликка қайтгин келади.
Гоҳида ҳаёт ташвишларидан чарчаб, ўйга толганингда, кўз олдингда жўшқин мактаб ҳаёти, дасрлардаги шўхликлар, қувноқ синфдошларинг, устозларинг гавдаланади-ю, кўнгил бироз таскин топади.
Баъзи бир устозлардан ранжисанг-да, вақти келиб, уларнинг койишларини ҳам соғинасиз, ўқитувчиларингизнинг пурҳикмат сўзлари бутун умрингизга асқотади.
Сиз мустақил Ўзбекистон келажагини қурувчи инсонларсиз. Даврлар келиб, юртимиз севган ва таниган инсонлар бўлиб етишарсиз. Бироқ, у кунга етгунга қадар ҳаётнинг кўчирмакашлик қилиб бўлмайдиган ўтишингизга тўғри келади…
Мактабни тугатиш ҳақида ўйлаяпсизу, кўзларингизга ёш тўлаяпти. Ахир болаликдан бирга ўсган ўйинқароқ синфдошлар давраси, она-оталарингиздек меҳрибон устозлар, яна шу кунларни эслатиб турувчи синфхоналарни ташлаб кетиш осонми?!
Сўнгги қўнғироқ чалиндию, мактабдаги ҳаётингизга якун ясалди. Ҳаммангиз ҳаётнинг турли кўчаларига кириб кетасиз. Гарчи сизларни вақтинчалик масофалар ажратиб турса-да, Сиз собиқ синфдошлар билан ҳамиша бирга бўласиз.
Хайр, Синфдош!
“BYO”