Бухорода Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзоси, шаҳар кенгаши депутатлари, вилоят, шаҳар Маҳаллалар уюшмаси масъуллари, вилоятдаги ННТлар, Бухоро шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинарда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётида уларининг фаоллигини янада ошириш, ижтимоий муаммолар ечимига қаратилган ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
ZOOM платформаси орқали ўтган ўқув-семинарида давлат гранти ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнлар шаффофлигини таъминлашга қаратилган ngo.gov.uz электрон платформаси имкониятлари ҳақида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мутахассислари маълумот берди. – Ўтган йиллар давомида Жамоат фонди томонидан олинган грант маблағлари эвазига маҳалланинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, – дейди “Шербудин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зубайда Баҳрамова. – Бу йилги режалаштирилаётган давлат грантларида ҳам фаол иштирок этиб, маҳалладаги кам таъминланган оилаларнинг моддий аҳволини яхшиланади ва кўплаб муаммоларга ечим топилади.
– Фармон фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади, мазкур жараёнлар шаффофлигининг юқори стандартларини белгилайди. Энг муҳими, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятларни очиб беради. Хусусан, ижтимоий шериклик институтини амалда ривожлантириш бўйича ташкилий ва ҳуқуқий шароитлар яратади, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширади, – дейди “Тараққиёт” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Воҳид Ниёзов.