Қалбларга нур улашган китоблар

Болалар — ҳаётимизнинг маъноси, келажагимиз асосидир. Уларга меҳр бериш, билим ва тарбия орқали баркамол шахс этиб вояга етказиш ҳар бир ота-она, ҳар бир оила ва албатта, давлатнинг муқаддас бурчи саналади. Айниқса, оилавий муаммолар сабаб азият чекаётган вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш — давлатимизнинг устувор вазифаларидан биридир.

1-июнь — Халқаро болалар куни муносабати билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан Республика бўйлаб “Болага китоб беринг!” номли маънавий-маърифий челленжга старт берилди.

Ушбу эзгу ташаббусда Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Тадбир доирасида алимент ундирилишига оид ижро ҳужжатлари бўйича вояга етмаган фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган эҳтиёжманд оналар ҳолидан хабар олинди.

Болаларда китобга бўлган қизиқишни кучайтириш ва уларнинг ёзги таътилни мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида тарбиявий аҳамиятга эга бўлган “Кичкина шаҳзода”, “Капитан Грант болалари” ва “Дунё даҳолари: Стив Жобс” каби китоблар улашилди.

Челленжнинг асосий мақсади — болалар қалбида китобга меҳр, китобхонлик ва маънавиятга интилиш туйғуларини уйғотишдир.

Китоб — нур. Ушбу нурни болаларга улашиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилоят бошқармаси