Аёллар спорт фестивалининг иккинчи кун тафсилотлари
Фестивалнинг иккинчи куни Ромитан туманидаги сўлим “Варнет” иссиқхона академиясида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Асрор Ишонхаджаев спорт ва санъат байрами иштирокчиларини тантана билан қутлар экан, фестиваль хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида спорт-соғломлаштириш маданиятини оширишга улкан ҳисса эканини таъкидлади.
“Умумбашарий демократик, ҳуқуқий талабларга жавоб бера оладиган фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқаро талаб ва андозаларга мос келадиган ижтимоий, иқтисодий, маънавий, жисмоний муносабатларни вужудга келтириш, халқимиз учун фаровон турмуш тарзини барпо этиш, заминимизда тинчлик, осойишталик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва барқарорлик бўйича шукуроналикни ҳисларини уйғотиш энг олий мақсадлардан. Мазкур фестиваль оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларимиз, айниқса қизларимизни маънавий-ахлоқий камолотга йўналтиришда катта ҳисса бўлди, дея оламан. Қалбингиз одамийлик, инсонпарварлик, юртпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва келажакка ишонч фазилатлари, дўстлик туйғулари билан лиммо-лим бўлган бўлса, биз мақсадга эришдик. Ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувлик уйингизнинг мезбонига айлансин!”-деди Асрор Ишонхаджаев ўз табрик сўзида.
Барча иштирокчи аёллар ва болалар тантанани миллий либосларда қаршилашди. Федерациянинг қимматбаҳо соврин ва мукофотлари билан тақдирланишди.
“Ҳа, спорт-инсон саломатлиги ва иродасини мустахкамлайди. Давлатимиз раҳбарининг спортнинг оммавий турларини ривожлантириш орқали ҳар бир оила аъзосини спортга жалб этиш ишларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини такрор ва такрор такидлаши бежизга эмас. Она – оила гултожи, фарзанд – оила қувончи, дея бежиз айтилмаган. Уларнинг саломатлиги – жамият хотиржамлиги. Уч кунлик йирик фестиваль ана шу олий қадриятларни мустаҳкамлай олди, дея оламан!”-деди Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари Адолат Акрамова.