Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг янгиланган таркиби тасдиқланди
Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилмоқда. Хўш, аввало, жамоатчилик кенгаши нима, деган саволга жавоб излайлик!
Жамоатчилик кенгаши бу – давлат органлари ёки муассасалар ҳузурида тузиладиган маслаҳатчи орган ҳисобланиб, у фуқаролик жамияти ва жамоатчилик вакилларини давлат бошқарув жараёнига жалб этишга хизмат қилади.
Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари: давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, яъни очиқлик ва шаффофликни таъминлашдан, қарорлар қабул қилишда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг таклифларини ўрганиш – жамоат фикрини инобатга олишдан, одамлар ва ҳокимият ўртасида кўприк, боғлиқликни мустаҳкамлаш, яъни давлат органлари билан мулоқот ўрнатишдан, жамоат манфаатларига мос келадиган қонун ва қарорлар ишлаб чиқишга ёрдам бериш – ташаббусларни илгари суришдан, аҳолини ташвишлантираётган масалаларни давлат идоралари билан муҳокама қилиш, яъни, муаммоларни муҳокама қилишдан иборат. Жамоатчилик кенгашлари ўз ўрнида жамоатчилик назорати ҳисобланади.
Жамоатчилик кенгашлари кеча ёки бугун пайдо бўлганми? Йўқ, албатта! Аслида, жамоатчилик назорати узоқ йиллик жараёнларга эга. Аввалига оқсоқоллар Кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган ва улар томонидан маҳаллалардаги ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд қарамаслик каби қатор амаллар бажариб келинган. Бугунги кунда эса, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати жуда катта аҳамият касб этади. Айниқса, мансабдор шахсларнинг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишларида адолат тарози вазифасини ҳам ўтайди, десак адашмаган бўламиз.
Дарҳақиқат, жамоатчилик назорати ижтимоий адолатни қарор топтириш учун хизмат қилади. Маълумки, жамоатчилик кенгашларига турли соҳаларда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти вакиллари, олимлар, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва фаол фуқаролар аъзо бўлади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида тузилган жамоатчилик кенгашлари маълум бир даврда кун талаблари даражасида фаолият кўрсатмай қўйган эди. Қонунга кўра, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари жамоатчилик эшитувларини ўтказишлари белгиланган бўлса-да, бу норма амалиётда суст кечган.
Давр эса давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришни талаб қилмоқда.
Бухоро вилояти ҳокимининг вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг янгиланган таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ушбу кенгаш фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг илк йиғилиши “Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуаси марказида бўлиб ўтди. Бунда жамоатчилик кенгашининг янги таркиби ҳамда Низом билан таништирилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги ПФ-124-сонли “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосланиб, вилоят ҳокимлиги ҳузурида жамоатчилик кенгашининг янгиланган таркиби тузилди. Ушбу таркиб вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши давлат бошқаруви тизимида жамоатчилик назоратини таъминлаш, аҳоли фикрини инобатга олиш ва турли ижтимоий масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида тузилди. Бу кенгаш давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиради. Фуқароларнинг таклиф ва муаммоларини ҳокимликка етказишда воситачи вазифасини бажаради. Ҳудудий ривожланиш, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва бошқа соҳаларда ташаббуслар билдириб, қарорлар қабул қилиш жараёнида қатнашади. Тегишли соҳалар мутахассислари, нодавлат ташкилотлар ва фаол фуқароларни жалб этиб, муҳокамалар ўтказади. Бу кенгаш жамоат фикрини инобатга олган ҳолда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали мулоқотни таъминлашда муҳим роль ўйнайди,-деди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши раиси, “Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуаси маркази раиси Фармон Аминов.
Фармон Аминовнинг билдиришича, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аҳоли учун бир қанча фойдали вазифаларни бажаради. Фуқароларнинг овозини етказади – одамларнинг муаммо ва таклифларини ҳокимиятга расмий тарзда етказиш имконини беради. Бу орқали аҳолининг долзарб масалалари ҳокимлик даражасида ҳал этилиши осонлашади. Давлат қарорларининг шаффофлигини оширади – жамоатчилик назорати механизмлари орқали ҳокимлик фаолияти очиқроқ бўлади, коррупция ва манфаатлар тўқнашувини камайтиришга ёрдам беради. Жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилади – Кенгаш турли ижтимоий гуруҳлар, масалан, кам таъминланганлар, ногиронлиги бор шахслар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашади. Аҳоли ва ҳокимият ўртасидаги мулоқотни яхшилайди – Фуқаролар давлат идораларига мурожаат қилишда бюрократик тўсиқларга дуч келса, кенгаш бу жараённи соддалаштиришда ёрдам беради. Ташаббусларни амалга оширишга ёрдам беради – жамоатчилик кенгаши орқали аҳоли турли лойиҳалар, ижтимоий дастурлар ва маҳаллий ривожланиш ташаббусларини илгари сура олади.
Дарҳақиқат, кенгаш самарали ишласа, у аҳоли манфаатлари йўлида катта фойда келтириши мумкин. Шу сабабли жамоатчилик кенгаши аъзолари жамоатчилик назоратини олиб бориш, жойлардаги масалаларни назорат-таҳлил тартибида ўрганишда жонбозлик кўрсатиши, керак бўлса, ташаббуслар генератори бўлиши лозим. Ўз навбатида, кенгаш аъзолари, нафақат, қабул қилинаётган қонунлар тарғиботчиси, балки амалдаги қонунларни такомиллаштириш юзасидан констурктив фикрлар билдирадиган жонкуяр бўлиши зарур бўлади.
Одамларнинг ташвиши, муаммоларини, бир сўз билан айтганда, овозини етказадиган бу кенгашнинг овози эшитилиши – муҳим. Фуқаролар дардини гапирадиган, муаммони ҳал қила оладиган, югур-югурларнинг камайишига ёрдам берадиган, халқ томон бўладиган кенгаш бўлса, у чинакам халқ уйига, ечимлар майдонига айланади.
Йиғилишда жамоатчилик кенгашининг йиллик иш режаси ва вазифалар тақсимоти кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
Йиғилиш сўнгида жамоатчилик кенгаши аъзолари зиёратгоҳда Қуръон тиловат қилишди.
Лайло Ҳайитова