БУХОРОДА “СОҒЛОМ ОНА ВА СОҒЛОМ АВЛОД ГАРОВИ” ФЕСТИВАЛИ

Аёллар спорт фестивaлининг биринчи кун тафсилотлари

Бухорода Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, “Ўзбектелеком” АК Бухоро филиали ҳамкорлигида касаба уюшмаси ташкил топганининг 120 йиллигига бағишлаб “Соғлом она ва соғлом авлод гарови” шиори остидаги аёллар спорт фестивали бўлиб ўтди.

Бунда Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялари вазирлиги тизимидаги алоқа  корхона, ташкилот ва муассасаларида 20 ёшдан кичик бўлмаган ҳамда 45 ёшдан юқори бўлган аёллар, ишчи-ходимлар ва уларнинг 7-13 ёшгача бўлган фарзандлари иштирок этишди.

Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида спорт-соғломлаштириш маданиятини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш орқали соғлом авлодни тарбиялаш ҳамда уларга муносиб шароитларни яратиш борасида олиб бораётган ишларни кенг тарғиб қилишга мақсадини қаратган ушбу тадбир ғоятда қизғин кечди.

“Спорт ва санъат халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни таъминлабгина қолмай, мамлакатни дунёга тез танитади. Спорт инсон саломатлиги ва иродасини мустахкамлайди. Соғлом авлодни тарбиялаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган “Соғлом она ва соғлом авлод гарови” шиори остидаги аёллар спорт фестивали ҳам айнан шу мақсадларга қаратилган. Фестивалнинг 2014 йилдаги беллашувларида 1500 дан зиёд, 2015 йилдагисида 3000 дан зиёд, 2016 йилдагисида 4000 зиёд аёллар ва уларнинг фарзандлари жалб қилинган эди. Жорий йилги мусобақаларда иштирок этганлар сони 7 500 нафардан ошди”,- деди Федерация мутахассиси Гулчеҳра Гулямова.

 

Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик байрамига бағишлаб ташкил этилган мазкур фестиваль ғоятда кенг тус олди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган саралаш мусобақаларида энг юқори натижаларни кўрсатган иштирокчилардан иборат 14 ҳудуддан 28 та терма жамоалар Бухоройи шарифнинг Ситораи Мохи Хосса санаториясига жойлашишди. Республика мусобақасига йўлланмани қўлга киритган ушбу она ва болалар спорт ва санъат белашувларига киришишди.

“Бухорога биринчи марта келяпман. Иссиқ, жазирама, деб кўп эшитганларим бор. Бизни тоза ва салқин, ёмғирли ҳаво қаршилади. Яшил олам бағрига тушдик гўё. Боғу роғлари, сўлим табиати лол қолдирди. Шижоатимизга шижоат қўшди. Айниқса, зиёратгоҳларидаги хотиржамликдан ором топдик. Кўз тегмасин”,-деди “Ўзбектелеком” АК Қорақалпоғистон Республикаси филиали Станция иншоотлари” гуруҳи етакчи муҳандиси Улзира Сержанова.

Ситораи Мохи Хоса санаториясида бўлиб ўтган илк тадбир – МАРАФОН билан бошланди..  Унда 7 ёшдан 50 ёшгача бўлган барча иштирокчилар  қатнашишди.

Шундан сўнг аёллар ва уларнинг болалари спортнинг шашка, шахмат, стол тенниси турлари бўйича беллашдилар. “Олам болалар кўзида” мавзусига бағишланган расмлар танлови ҳам қизғин тус олди. Болалар ўз чизган расмлари орқали Тинчлик, Дўстлик ва Ватанга бўлган муҳаббатларини намойиш этишди.

Андижондаги “Brilliant Edusation” нодавлат таълим муассасиси 1-синф ўқувчиси Робия Пўлатжонованинг чизгилари, айниқса, ҳақамларда илиқ таассурот қолдирди.

“Мен ўз чизган расмим орқали бутун дунё болалари учун Тинчликка овоз бергим келди. Бутун олам болалари биздек яшашсин!”-деди Робия.

Бухоро шаҳридаги “Ҳумо” спорт мажмуасида бўлиб ўтган “Қаддимизни ростлаймиз, сакрашни боплаймиз!” шиори остидаги қувноқ стартларда оналар ва болалар ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Спорт мусобақаси сўнгида иштирокчилар маданий тадбирлардан баҳраманд бўлишди. Бухоро шаҳри бўйлаб, саёҳат ва зиёратларга чиқишди.

“Бухоронинг эски шаҳри бўйлаб саёҳатга чиқар эканмиз, ўзимизни худди эртаклар оламида юргандек ҳис қитлдик. Ёмғир ёғишига қарамасдан, кайфиятлар аъло, руҳлар тетик эди. Лаби ҳовуз, Арк қўрғони, Чор Минор, айниқса, Минорайи Калон каби қадимий обидалари ҳайратларимизга сазовор бўлди”,- деди Сирдарё филиали Гулистон савдо ва хизмат кўрсатиш офиси алоқа оператори Дилафрўз Эргашева.