Ҳозирги кунда автомобиль рулини тутган аёлларни учратиш одатий ҳолга айланган. Йилдан-йилга машина бошқараётган аёллар сони дунё бўйича хам ошиб бормоқда. Бунга ҳамма кўникди. Шуниси қизиқки, аёллар бошқарувидаги автомобилнинг ранги улов эгасининг қандай феъл-атвор соҳиби эканлигидан ҳам дарак бериб турар экан.
Кўпгина аёллар танлови ҳисобланмиш қизил- лидерлар рангини ёқтирадиганлар ва у рангдаги автомобиль бошқарадиган аёллар таваккал қилишни жуда яхши кўришади ва атрофдагилар эътиборида бўлишни хоҳлашади. Руҳшуносларнинг таъкидлашича, қизил рангдаги автомобилларни одатда жасур, ўзига ишонган ва серғайрат аёллар танлашади. Шунингдек, улар тезликни яхши кўришади ва машинани жуда яхши бошқара олади. Демак, йўлда қизил рангли автомашина бошқариб бораётган аёллардан “қўрқмасангиз” ҳам бўлар экан.
Тиниб-тинчимаслар учун белги саналган сариқ ранг одатда диққатни жамлашга ёрдам беради, кайфиятни кўтаради, мантиқий фикрлашни рағбатлантиради. Сариқ рангли автомобилларни кўпроқ мақсадига ҳар қандай йўл билан эришадиган, тиниб-тинчимас, фаол, киришимли, қувноқ аёллар танлашади. Улар орасида ўзига ҳаддан ишонган, бошқаларга ҳукмини ўтказишга уринадиган ҳам оз эмас. Бундай хислатлар рулда кўпинча уларга салбий таъсир кўрсатади. Сариқнинг ёрқин тусдагисини танлаганлар эса эҳтиёткор ва одамовироқ бўлишади.
Соғлом фикрлайдиган, ҳис-туйғуларини ақл билан бошқара оладиган ишбилармон аёллар ақл ва тўғрилик рамзи саналган кўк рангдаги машиналарни хуш кўришади. Кўк рангли машинадаги хоним ёлғизликни ёмон кўради. Улар давраларни, янги танишувларни яхши кўришади.
Муҳаббат рамзи сифатида эътироф этилувчи мовий рангдаги автомобиль эгаси киришимли, саёҳатларни яхши кўрадиган, дилкаш бўлади.
Яшил ранг сокинлик ва самимият рамзи эканлиги барчага маълум. Шу боисданми, одатда вазмин, ҳаммага яхшилик истовчи, туйғуларни атрофдагиларга тўкиб-сочишни истамайдиган аёллар шу рангдаги машинани афзал билишади. Улар шовқин-сурон, жанжалларга тоқат қилолмайди, ҳар қандай зиддият, келишмовчиликни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори. Шунинг учун қайсар ва курашувчан аёллар учун яшил рангли автомобиль айни муддао.
Назокатли, тасаввури бой, ижодкор аёллар кўпинча бинафшаранг машинани танлашади. Чунки бинафшаранг ижодкорлар ранги ҳисобланади. Бундай машина эгалари ўзига ҳослиги, бошқаларга ўхшамаслиги билан ажралиб туради. Улар фалсафий суҳбатлар, интеллектуал мулоқотни яхши кўришади. Тилсимлар, жумбоқларга жуда қизиқади. Улар кўринишидан вазмин бўлса-да, чўққиларни забт этишга тайёр. Бундайларни ҳаёт “сюприз”лари чўчитмайди.
Озодалик рамзи ҳисобланмиш оқ рангли машинани хуш кўрувчи аёллар вазмин, ғамхўр, орзуларга берилувчан бўлишади. Агар бундай аёлнинг ҳаётида бирор нохушлик юз берса, ҳаммадан ўзини олиб қочиб, муаммо учун ёлғизликда ғам чекади.
Кураш ва ғалаба белгиси ҳисобланмиш қора рангли машиналар вазият ҳам, эркаклар ҳам ўзини бошқаришга йўл қўймайдиган хонимларга кўпроқ ёқади. Тўғри, улар ҳеч қачон феълларини намоён этишмайди ва умуман омма эътиборини қозонишга уринмайди. Чунки бунга ҳожат йўқ, деб билишади, ўзига бўлган ишончи жуда юксак. Қора рангли машина соҳибасининг феълида қатъиятлилик бор. У ҳамиша куращ ва ғалаба қозона олади. Бироқ улар орасида аввал бирор ишни қилиб қўйиб, кейин ўйлаб кўрадиган, афсусланадиган феъллилар ҳам йўқ эмас.
Аниқликни яхши кўрадиган, фан ва техникани жуда яхши тушунадиган аёлларга тартиб ва аниқликни англатувчи кулранг автомобиллар тўғри келади. Кулранг машина танладингизми, демак, хамиша ҳамма жойда тартиб бўлишини хоҳлайсиз.
Ёлғизлик рамзи саналмиш жигар рангли автомобиллар ҳамма нарсага фалсафий ёндашадиган аёлларга хос. Бундай рангли машина соҳибалари одатда оғир-босиқ бўлишади. Улар шовқин-суронли жамоалардан узоқроқ юришни, ёлғизликни афзал биладилар. Шунингдек, кимларгадир одамови туюлса ҳам, тежамкор, қийинчиликларга чидамли, жуда ишончли дўст, ўз олдига қўйган мақсадларга, албатта, эришади.
Амриддин ЗАЙНИЕВ тайёрлади.