КИМГА ҚАНДАЙ СОВҒА?

Руҳият

Янги йил байрамини совғаларсиз тасаввур қилиш мумкинми? Албатта, йўқ! Бироқ совға танлаётганда совға берилаётган кишининг темпераментини ҳам ҳисобга олиш керак экан. Ахир сангвиник темпераментли кишини меланхолик кишиларга тўғри келувчи совға билан хурсанд қилиб бўлмайди-да.

Совға танлашда энг биринчи навбатда одатий совғалардан қочиш маслаҳат берилади: бувингизга шампунь, дадангизга пайпоқ дегандек. Психологларнинг айтишича, кўпчилик кишиларга бундай совғалар умуман ёқмас экан. Совғанинг киши темпераментига мос келиши кераклигини эса кўпчилик ўйлаб ҳам ўтирмаса керак.

Диққат: темперамент!

 Темпераментнинг 4 тури борлиги барчамизга маълум булар: сангвиник, флегматик, меланхолик, холерик. Сангвиниклар – қувноқ, фаол, киришимли кишилар. Меланхоликлар – таъсирчан, ичимдагини топ, тез хафа бўлувчилар. Флегматиклар – хотиржам ва консерватив кишилар бўлса, холериклар – импульсив ва беқарор темпераментли кишилар ҳисобланади. Хўш, кимга қандай совға танлаш керак бўлади?

Меланхоликлар – кўпинча ретро услубини маъқул кўришади. Уларга ғаройиб шаклдаги гулдон ёки машҳур кишиларнинг сурати туширилган чойнакпўш совға қилишнинг кераги йўқ. Уларга яхшиси, нимадир керакли ва фойдали буюм, масалан: чарм ҳамён жуда яхши совға бўлади. Санъат асарларини совға қилмоқчи бўлсангиз, сергак бўлинг, улар санъатни нозик ҳис қилишади. Қўпол ишланган буюм ёқиш у ёқда турсин, жаҳлларини чиқариши мумкин. Қизиқарли китоб  ёки диск кўнгилдагидек бўлади.

Сангвиниклар – уларни дам олиш уйлари, истироҳат боғларига таклиф қилишса, жуда хурсанд бўлишади. Улар ноодатий нарсаларни яхши кўришади, шунинг учун ўзларининг сурати тушурилган чинни кружка чиройли, коллаж жойланган сурат рамкаси, ғаройиб ўйинчоқларни совға қилишингиз мумкин.

Холериклар – ностандарт совғаларни хуш кўришади: катта ҳажмли ёрқин рангба-ранг … “вой жуда каттаку…” “бунча ғаройиб…!” деб  таъриф бериладиган совғалар бу жўшқин темпераментли кишилар учун масалан: ўйин машинаси, кутилмаганда “портлаб ” кетадиган, мусиқа куйлайдиган ёки ёғдулар сочадиган ўйинчоқлар уларни жуда хурсанд қилади. Классик услубда ишланган узук, қўлда тўқилган гилам ёки ошхона анжомлари билан уларни дилдан хурсанд қилиб бўлмайди.

Флегматиклар – уларга совға танлашни ҳам осон, ҳам қийин, дейиш мумкин. Улар учун кийимбошлардан бири, масалан: шарф, свитер, қўлқоп ёки интерьер буюмлари: момиқ одеал, стол чироғи кабиларни совға қилишингиз мумкин. Аммо совға жуда қиммат ёки жуда арзон ҳам бўлмасин.

 “Бухоро ёшлари” жамоатчи мухбири                                              Лола ИДИЕВА тайёрлади.