ҲАРБИЙ БЎЛОЛМАГАН СИНГИЛМАН!

Болалик хотиралари

1982 йил. Акам армиядан қайтди. Отам хурсанд кутиб олди. Онам йиғлаб қучоқ очди. Опам “Катта бўб қолибсан”лаб аками елкасига уриб қўйди. Укам аками фурашкасини бошига қўндириб олди. Мен эса акамни аскар кийимда кўриб, анграйиб қолгандим. Ватан хизматига қиличдек шай турган акамга ҳавасим келди. Аскар акамнинг олдимга келганини мен, ҳатто, сезмай қолибман. “Ҳа-а, саломни унутдингми, ёки акангними?” – деди кулиб қўлларини мени кўтариб олиш сари чоғланиб келган акам. “Мен ҳам ҳарбий бўламан!” – саломлашиш ўрнида яшиндек чақнаб айтганим шу бўлди. Патила соч синглисидан қўққисдан бу сўзларни эшитган акам ҳеч иккиланмади, ўйлаб ҳам ўтирмади: “Насиб, сен албатта, ҳарбий қиз бўласан!” –деди.

Шу кундан бошлаб ичида “йўқолиб қолсам-да” аками “аскар” костюмини кийиб юрадиган бўлдим.

Акам ҳам асли ҳарбий соҳада таҳсил олган. Шу сабабли ҳам ҳар сафар аскар кийимли “ҳарбий” синглисини кўрганда, кўзлари чақнаб, “баракалла!” деб опичлаб оларди.  “Акангга ўхшаб ҳарбий бўлишни истасанг, янада яхши ўқийсан, жисмоний тарбия, спорт билан мунтазам шуғулланасан!” –деди акам.

Ҳарбий акамга жуда–жуда ўхшашни истаганим учун ҳам унга эргашдим. Мактабда жисмоний тарбия дарсларига кўпроқ ошиқсам, уйда аками ўзи турли спорт машқлари орқали мени тобларди. Аввалига мени авайлаб машқлар ўргата бошлаган акам кейинчалик қаттиққўлликка ўтди. Югуриш, узоқликка сакраш, баландликлардан, тўсиқлардан ошиб ўтиш, ўтирган ҳолда юриш – жисмоний тарбия машқлари кўпинча кичкина жуссамга оғирлик қилиб, танимни зирқирратса–да, ортга чекинишга қаттиққўл акамдан чўчирдим.

4–синфда акам мени таэквон–до тўгарагига қўйди. Аслида, бу ёшгача мен баланд девор оралиқ томлариаро сакраб ўтиш, отда (ўша кезларда отамнинг қизил ранг оти бўларди) бемалол тўсиқлардан ошиб ўтишнинг “устаси”га айланиб улгургандим. 7–синфда мактабда “Қувноқ стартлар”да команда капитани бўлдим. Мактабимиз жамоаси мусобақанинг республика босқичи иштирокчисига айланди. Бундан ташқари, ўзим югуриш, узоқликка ва баландликка сакраш, велотур беллашувларида шахсий биринчиликларга сазовор бўлдим. Машқлардан  ташқари, аками  таҳсили асосида мактабда ўтиладиган ҳарбий фан дарслигини синфдошларимдан икки йил илгари ўзлаштириб олгандим.

Айниқса, “Орлёнок” ҳарбий–спорт мусобақаларида жамоамизга олқиш олиб келганим гўё менинг ҳарбий соҳадаги биринчи ютуғим эди. Ҳарбий бўлишни орзу қилган қиз адабиёт, шеъриятга ҳам меҳрим жуда баланд эди. 7–синфда ҳам спортда, ҳам адабиётда анча–мунча ютуқларга эришдим. Бироқ, 8 – синфда акам ҳам, мен ҳам қанча уринишимизга қарамай, акамнинг қаршилигини енгиб ўта олмадик. Синглисини чин дилдан ҳарбий қилишга уринган акамнинг ҳаракатлари зое кетди. Менинг эса орзуим…

“Битта оилага битта ҳарбий етади!” –отамнинг қатъий норозилигига қарши чиқа олмадик. Кейинги орзуим, йўқ, мақсадимни журналистикага қаратдим. Сўзимда қатъий турдим. Отам бунга ҳам қошларини чимирди. Лекин ҳарбий акам мен томон турди. “Шунча йил ўрганганларинг ўзинг учун бўла қолсин. Орзуинг ушалмаслигидан куйинма. Мақсадингни эса катта ва дадил қўй. Ҳар иккиси ҳам Ватан хизматига қаратилган. Демак, сен ҳарбий кийим киймасанг–да, кўксингдаги ўтни сўндирма: юрт корига камарбаста, эл назаридаги журналист бўл. Ана шу сенга ҳарбий кийим қувончини беради!” – деди акам кўзларимда ёш милтиллаб турган менга – ҳарбий бўла олмайдиган синглисига қараб…

…Шу менинг армоним!

Журналистика – севимли касбим, эришган мақсадим. Касбим ортидан югурдим, елдим, недир топдим, недир йўқотдим. Топганларим йўқотганларимдан кўп бўлди.  Шукур!

Аммо, орадан қарийб 30 йил ўтса–да, орзуим – ҳарбий бўлиш орзуим ҳали–ҳали тушларимга киради. Афсуски, ўнгимда бир умр ҳарбий кийим кийиб юра олмаслигимни эсласам, юрагим ҳаприқиб кетади. Бу орзуим соғинчими ё орзуимга эришолмаган изтироб алангасими, билмадим!..

Лекин, барибир, ҳарбийларга ҳавас қиламан…худди болаликдаги орзуларимдек!

Лайло