АРЧА ВА ЯНГИ ЙИЛ ТАРИХИ

Янги йил байрами ўзгача шукуҳга эга. Бу оилавий байрам. Бу турли мўъжизавий онларни ваъда қилувчи шодиёна. Барча оила аъзолари, айниқса, болажонлар қалбига эртакнамо руҳият олиб кириши ҳеч кимга сир эмас. Аслида у қачон пайдо бўлган? Арча безатиш-чи.

…Миш-миш…

 Янги йил байрамида удумга кирган амалларнинг келиб чиқиш тарихи юзасидан турли-туман тахминлар мавжуд. Масалан, улардан энг қадимийларини кўриб чиқайлик. Арчани безатиш удумининг тарихи қадим герман қабилаларига бориб тақалади. Совуқ ўлкаларда яшовчи аҳоли арча дарахтини ажални енгувчи тимсол сифатида қабул қилиб, ўз бошпаналарини ёвуз кучлардан ҳимоя қилиш ниятида уни турли буюмлар билан безаганлар. Ўша замондагиларнинг фикрича, йилнинг тўрт фаслида ҳам ўз рангини ўзгартирмасликка, бир неча авлодлар умрини яшай олишга қодир арча шохларига фаришталар қўнган эмиш.

Шунақами?

      Сўнгра бу анъана бутун Европа халқларининг удумларига турлича кириб келган. Мисол тариқасида Францияни келтиришимиз мумкин. Ўшанда шаҳар кўчаларига ўрнатилган арча дарахтлари турли ширинликлар, ялтироқ қоғоз парчалари билан безатилганлигини 1065 йилда ёзилган қайдномалардан ўқиш мумкин. Бу одат уйларга, хонадонларга кўча бошлаган. Шундай қилиб, диний байрамдан ажойиб урф-одат пайдо бўлган, деб тахмин қилинади. Безатилган арча атрофида шамлар ёқилган ва насроний эътиқодли кишилар ўзларининг муқаддас байрамини нишонлаганлар.

Ана шунақа!

Тарихдан маълумки, 1917 йилда Россия империясида давлат тўнтариши рўй беради ва ҳокимият эгалланиб, Қизил Империя вужудга келди. Янги ҳукумат рус ерларида барча диний байрамларга таъқиқ эълон қилди, шу жумладан, Рождество байрамига ҳам. Аниқроғи, ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб, ушбу диний байрам арафасида арчаларни безашда шамлар ёқиш манъ этилган. 30-йилларга келиб эса арча безатишни диний байрам тимсоли эмас, тақвимий ўзгариш, яъни Янги йил байрами тимсоли сифатида ташвиқот қилиш йўлга қўйилди. 1935 йилда Собиқ Иттифоқ миқёсида биринчи байрам арчаси безатилди ва бу болажонлар учун тонгги байрам сифатида туҳфа этилди. Арча болажонлар учун совға сифатида берилган олма, нок, беҳи, ширинлигу пишириқлар турли зар тасмалар билан безатиладиган бўлди. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Янги йил байрами барча халқларнинг севимли байрамига айланди. Шу тариқа янги йилни безатилган арча иштирокида нишонлаш бизнинг юртимизга ҳам кириб келган.

Бу қизиқ!

Дунёдаги энг катта сунъий арча Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўрнатилган. Узунлиги 76 метр баландликка эга бўлган бу мураккаб конструкция шаҳарнинг энг гавжум қисми Лагоа кўлининг ўртасидан макон топган. Мазкур баҳайбат арчани безаш учун 2.000.000 дан зиёд чироқлардан фойдаланишган экан.

Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган энг узун табиий арча дарахти АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрига ўрнатилган. Унинг узунлиги нақ 67 метру 36 сантиметр булган.