Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Нотариатда янги босқич: ислоҳотларнинг сиёсий аҳамияти ва жамият ҳаётидаги ўрнини белгилаб бера олади.
Газетамиз мухбири шу хусусда суд органлари ходимларини суҳбатга жалб этди.
Журналист: Бугун биз Бухоро вилоят суди ва нотариат соҳасида янгиланишлар ҳақида суҳбатлашамиз. Аввало, “Нотариат нима ва унинг аҳамияти қандай?” деган саволга жавоб олсак.
Нодир Файзиев (Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари): Нотариат – бу давлатга оид ҳуқуқий тизим бўлиб, фуқаролар ва ташкилотлар орасидаги ҳуқуқий жараёнларни расмийлаштиришга хизмат қилади. У битимлар, васиятномалар, ишончномалар, мулк сотиб олиш-сотиш каби ҳужжатларни ҳуқуқий кучга эга қилиб расмийлаштиради. Оддий тил билан айтганда, нотариат инсонлар ўртасидаги муносабатларни қонун асосида мустаҳкамлайди ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди.
Журналист: Ушбу қарор нотариат соҳасида қандай янгиланишларни олиб келади?
Шуҳрат Аббосов (Бухоро вилоят суди судьяси): Президент қарори нотариатда янги босқични бошлайди. Ушбу қарор фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга бормасдан, тез ва қулай ҳуқуқий ечим олиш имконини яратади. Масалан, ижро хатлари, ижара тўловлари ёки коммунал қарзлар каби оддий масалаларни нотариус орқали ҳал қилиш мумкин бўлади. Бу судларнинг юкини камайтиради ва фуқароларнинг адолатга етишишини тезлаштиради.
Журналист: Қарорда ёш чегарасини 70 ёшгача кўтариш ва малакани тасдиқлаш тартиби ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Бу қандай самара беради?
Сарвиноз Қамбарова (Бухоро вилоят суди судьяси): Бу ўз соҳасида катта тажрибага эга мутахассисларнинг фаолиятни давом эттиришига шароит яратади. Шу билан бирга, нотариат бўлишни истаганлар учун ягона танлов тизими жорий қилинмоқда: тест синовлари, амалий топшириқлар ва электрон платформа орқали баҳолаш коррупция хавфини камайтиради ва ҳақиқий малака асосида нотариусларни танлаш имконини беради.
Журналист: Рақамлаштириш ва электрон тизимларнинг жорий этилишига қандай эътибор қаратилмоқда?
Икром Тошов (Бухоро вилоят суди судьяси): 2025–2027 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” нотариатни тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган. 2025 йилдан бошлаб никоҳ шартномалари мажбурий равишда электрон базада сақланади. Нотариал ҳаракатлар аудио ва видеоёзувлар орқали тизимга киритилади. 2026 йилдан эса фуқароларнинг шахсини идентификация қилишда биометрик маълумотлардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Бу жараёнларнинг шаффофлигини ва хавфсизлигини таъминлайди.
Журналист: “Бир дарча” принципи ва кўчмас мулк билан боғлиқ янгиланишлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
Феруз Шаропов (Бухоро вилоят суди Ахборот хизмати раҳбари): 2026 йилдан бошлаб кўчмас мулкка оид барча битимлар нотариус орқали автоматик тарзда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу солиқ, энергия ва сув таъминоти тизимлари орасида маълумот алмашинувини автоматлаштиради. Ортиқча сарсон-саргардонликлар камаяди ва коррупция эҳтимоли деярли йўқолади.
Журналист: Якуний фикрингиз, бу қарор фуқаролар ва мамлакат учун қандай аҳамиятга эга?
Нодир Файзиев: Бу қарор нотариат соҳасини тартибга солишдан ташқари, фуқароларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлайди, ҳуқуқий хизмат сифати ва тезкорлигини оширади. Шунингдек, тадбиркорлар учун ишончни кўтариб, мамлакатнинг халқаро рейтингига ижобий таъсир кўрсатади. Тубдан янгиланган, рақамлаштирилган нотариат тизими бугунги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини намоён этади.
Суҳбатдош: Зулфизар Мавлонова