“Фаровон маҳалла – келажак пойдевори”

Бухоро вилоятида маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва жамоатчилик иштирокини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Фаровон маҳалла – келажак пойдевори” лойиҳаси доирасида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Жамол Носиров иштирок этиб, вилоятда маҳаллаларни ободонлаштириш, инфратузилмани такомиллаштириш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Маълумки, “Маҳалла бюджети” маҳалланинг ўз қўлидаги имконият саналади. Анжуманда “Маҳалла бюджети” тизимининг жорий этилиши маҳаллалар фаолиятида янги босқични бошлаб бергани таъкидланди. Энди маҳаллалар ўз эҳтиёжлари ва устувор вазифаларини инобатга олган ҳолда бюджет маблағларини мустақил режалаштириш ва мақсадли сарфлаш имкониятига эга бўлди.

Билдирилишича, 2024–2025 йиллар давомида Бухоро вилояти маҳаллаларининг ҳисоб рақамларига жами 36,6 млрд сўм маблағ шакллантирилган. Ушбу маблағларнинг 2,4 млрд сўми маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга, 2,9 млрд сўми маҳалла биноларини қуриш ва таъмирлашга, 8,3 млрд сўми маҳаллаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, 3,2 млрд сўми “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ишларига ҳамда 3,8 млрд сўми маҳаллаларни камералаштириш харажатларига йўналтирилган. Айни пайтда, маҳаллалар ҳисоб рақамларида 15,9 млрд сўм қолдиқ маблағ мавжуд.

Жамол Носировнинг сўзига кўра, “Маҳалла сервис компаниялари”, яъни хизматлар маҳалланинг ўзида. Президентнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бухоро вилоятида синов тариқасида 13 та “Маҳалла сервис компанияси” ташкил этилгани қайд этилди.

Ушбу компаниялар томонидан 11 турдаги зарур техник восита ва ускуналар билан таъминланиб, аҳолига 23 турдаги хизматлар кўрсатишни йўлга қўйган. Жорий йилда эса вилоят бўйича жами 60 та “Маҳалла сервис компанияси” фаолияти ташкил этилган. Ушбу сайъ-ҳаракатлар маҳаллаларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бандликни таъминлаш ва жойларда муаммоларни тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Матбуот анжумани давомида маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамоатчилик иштирокини кучайтириш, фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Журналистлар учун очиқ мулоқот майдонига айланган тадбирда соҳадаги долзарб масалалар юзасидан берилган саволларга аниқ ва асосли жавоблар қайтарилди.

Ташкил этилган пресс-тур давомида ОАВ вакиллари Когон тумани, Бухоро тумани ҳамда Вобкент туманидаги қатор маҳаллаларда бўлишиб, аҳоли яшаш шароитлари, маҳаллалар инфра тузилмасини яхшилаш учун амалга оширилаётган ишлар кўлами билан танишишди.

“Фаровон маҳалла – келажак пойдевори” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар шундан далолат берадики, маҳалла энди фақат маъмурий ҳудуд эмас, балки аҳоли муаммолари ечиладиган, ташаббуслар қўллаб-қувватланадиган ва фаровон ҳаёт пойдевори яратиладиган жонли ижтимоий маконга айланиб бормоқда.