Бухорода халқаро меҳнат ҳамкорлиги: Европага йўл очилди

Маълумки, бугунги кунда меҳнат миграцияси – жаҳон миқёсида иқтисодий тараққиётни таъминлашда муҳим стратегик омилга айланган. Словениянинг Бандлик хизмати бош директори ва Дунё давлат бандлик хизматлари ассоциацияси президенти Грета Метка Барбо Шкербич хонимнинг Бухорога расмий ташрифи ана шу долзарб масала юзасидан муҳим қарорга сабаб бўлди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг билдиришича, жорий йил 20 май куни Ўзбекистон президентининг Словения президенти билан учрашувида меҳнат миграцияси масаласида сўз бориб, икки давлат раҳбари ўртасида меҳнат миграцияси йўналишида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Ушбу ҳамкорлик доирасида Бухоро ҳокими ҳамда Словения ассоциацияси президенти ўртасидаги халқаро мулоқот сифат ва стандартлар асосида ишчи кучини экспорт қилишга қаратилган. Словения бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, меҳнат миграциясини шаффоф ва тизимли ташкил этиш масалалари ҳақида сўз борган.

«Касбий тайёргарликда словен стандартларини жорий этиш ва таълим тизимини мослаштириш юзасидан ўзаро ҳамкорликка қўл чўзилди. Мамлакатимиз президенти “Йўл харитаси” доирасида Бухорода ғСловения талабларига мос касбий ўқув курслари ташкил этилиши белгиланди. Бу Европа бозори учун етук мутахассислар тайёрлашга имкон яратади. Тажриба, рақамлаштириш ва ҳамкорликнинг янги босқичида турган эканмиз, словен иш берувчиларининг аниқ буюртмалари асосида ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, тил ва касбий кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш диққат марказимизда бўлади. Бизни хурсанд қилгани – Грета Метка Барбо Шкербинч хоним Словения иш берувчилари номидан Бухорода тайёрланган, тил билими ва касбий кўникмага эга бўлган мутахассисларни ишга қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди. Европага йўл очилгани иқтисодий барқарорлик сари қадамдир»,-деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Бухоро вилояти ҳудудий вакиллиги раҳбари Нозима Холиқова.

Ушбу ҳамкорлик икки халқ ўртасида ишонч, ҳамжиҳатлик ва маданий яқинлашувга замин яратибгина қолмай, Бухорода ишсизликни қисқартириш, ёшларни хорижда қонуний ва муносиб шароитда ишлаш имконияти билан таъминлашга хизмат қилади.