Алиментдан бўйин товлаган отага ҳукм ўқилди

Болалар — жамиятнинг энг катта бойлиги, уларнинг соғлом ўсиши ва муносиб таъминот топиши эса аввало ота-онанинг бурчи. Бироқ ҳаётда бу масъулиятдан бўйин товлаб, фарзандларини етим қилмаган, аммо етимдек қўйиб қўяётган оталар ҳам йўқ эмас.     Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида фарзандларини моддий таъминлашдан бош тортган фуқаро У. Э. га нисбатан ҳукм эълон қилинди.

Маълум бўлишича, У. Э. уч нафар вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлаб бориши ҳақида суд қароридан хабардор бўлганига қарамай, узоқ муддат алимент тўламай келган.

Суд маълумотларига кўра, у 2021 йилдан буён фарзандлари таъминоти учун иш ҳақининг ярмини алимент сифатида тўлаб бориши шарт қилинган. Бироқ Эшонов ўз мажбуриятини бажармаган, 2024 йилда маъмурий қамоққа тортилганидан кейин ҳам вазият ўзгармаган. Натижада унинг қарзи 83 миллион 709 минг сўмга етган.

Суд жараёнида айбланувчи қилмишидан пушаймонлигини билдирган ва моддий шароити оғирлигини айтиб енгиллик сўраган. Бироқ суд унинг айбини тўлиқ исботланган деб топди.

Шу боис, Бухоро шаҳар суди ҳукмига кўра, У. Э. Ўзбекистон Республикаси ЖК 122-моддаси 1-қисми асосида 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, ундан жабрланувчи Ш. И. фойдасига тўпланган қарз — 83 миллион 709 минг сўм алимент мажбурий тартибда ундирилади.

Суднинг ушбу қарори яна бир бор шуни кўрсатадики, фарзанд таъминотидан бўйин товлаш на ахлоқан, на қонунан кечирилади. Ота-онанинг энг катта масъулияти — фарзандга меҳр ва моддий кўмак беришдир. Акс ҳолда, қонун олдида жавоб бериш муқаррар.

Феруз Шаропов,

Бухоро вилояти суди ахборот хизмати раҳбари