Янги ўқув йилида янги марралар сари

Олийгоҳга илк бор мақсадларга тўла шаҳдам қадамлар билан кириб борганимни яхши эслайман. Танлаган соҳам бўйича чуқурроқ билим олиш ва кўплаб янги ютуқлар мени кутаётганини англардим. Талаба бўлганимдан ғурурланиш, атрофимдаги тенгдошларим ким ва қандайлигини тезроқ билиш истаги жўш урган кезлар эди ўшанда. Шу, шу ҳар йили янги ўқув йили бошланиши билан ўша таниш ҳислар ўз-ўзидан ёдимга тушади.

Бугун эса талабаларни кузата туриб, уларнинг сифатли таълим олиши учун яна қандай имконият яратиб бериш мумкинлигини ўйлаяпман. Чунки йилдан-йилга уларнинг сони ошиб боргани сари талаб ва шарт-шароит даражаси ҳам ортяпти.

Бухоро давлат педагогика институтимизда янги ўқув йилидан бошлаб, 1 807 нафар янги талабалар қабул қилинди. Ҳозирда жами 11 536 нафар талаба таҳсил оляпти. 21 та йўналиш асосида ўз билим ва малакасини оширяпти. Талабалар тажрибали устозлардан таълим олиши билан бирга, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун ҳам шароитлар бисёр. Қолаверса, ҳар бир талаба ўз имкониятидан келиб чиқиб, кундузги,  сиртқи ҳамда кечки таълим шаклларидан бирини танлаб ўқишяпти.

Талабалар йиллар ўтгани сайин бу давр бир умр эсда қоларли ва нақадар муҳим эканлигини тушуниб етишади. Баъзан уларни кўриб, талабалик давримга бир муддатга бўлса-да, қайтгим келади.

Ёшликнинг энг шижоатли, ғайратли онлари олийгоҳ остонасидан бошланади. Янги Ўзбекистонда тинч ва фаровон яшаётган ёшлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган Учинчи ренессанснинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолда бунга муносиб бўлишлари керак. Юртимизнинг ўз олдига қўйган мақсади катта – доим дунё ҳамжамиятида олди ўринларда бўлиш ва ҳар соҳада юқори марраларни эгаллашдир. Бу йўлда ёшларнинг куч ва ғайрати асосий таянч бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, талабалар илмга интилишлари, ўз соҳасининг етук мутахассисси бўлишда интилиш ва ҳаракатдан тўхтамасликлари лозим. Мамлакатимиз келажаги, яқин инсонларнинг бахтли ҳаёт кечириши бевосита бугун янги ўқув йилида билим олишни бошлаган талабаларнинг олдига қўйган мақсадлари ижобатига боғлиқ.

Ишонаманки, институтда берилаётган таълим билан ҳаётдаги довонлардан оғишмай ўта олишлари енгил кечади.

Янги ўқув йилини катта мақсадлар, умидли ҳаракатлар билан бошламоқдамиз. Илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган замонавий таълим дастури, илм-фан ва амалиёт янгилиги орқали янги марраларни талабаларимизнинг ғоя ва интилишлари билан боғлар эканмиз, бу йўлда уларга кўмаклашадиган ишончли йўлбошчи бўлиб хизмат қилишга шаймиз.

 Рустам Раҳимбоев, 

Бухоро давлат педагогика институти ректори ёрдамчиси