Ижтимоий ҳаётда доимий ҳаракатда бўлиб, турли манзилларга иш ёки ўқишга ошиққан, ёки бўлмасам, шунчаки тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш учун сайрга чиққан одамларни четдан туриб кузатганмисиз?
Беихтиёр шу жараёнгача яна баъзи тушуниб бўлмас ҳисларга тобе бўласан-қоласан… Боиси, бугун ҳар қандай инсон борки, демократик давлатимиздаги қонун-қоидаларга бўйсиниши кераклигини билади-ю амалда шуни кўрсатишдан бўйин товлайди: бу борган сари “анъана”га айланиб бораётгани ҳеч биримизга сир эмас!
Айниқса, жуда тез суръатларда ривожланиб бораётган замонда инсон хавфсизлиги кўзланиб жорий этилган йўл ҳаракати қоидаларини олайлик. Баъзилар учун йўлларда ўрнатилган хавфсизлик белгилари – йиғлаётган чақалоққа овутиш учун бериладиган “хўрозқанд”га ўхшайди. Муаммо эса айнан ана шундай “хўрозқанд”лардан кейин ҳам овунмаётган “чақалоқлар” тақдирига бориб тақалади.
Нимага дейсизми?! Йўлда отаси олиб берган “тойчоғи”да кетаётган, эсини ҳали таниб-танимаган эркатойларнинг биргина қилган қалтис ҳаракати туфайли бошқалар азият чекиши мумкинлигини бирорта мудҳиш йўл ҳаракати ҳодисаси юз беришидан олдинроқ фаҳмлаши учун яна бундан ортиқ нима қилиш мумкин?!
Светафорнинг қизил чироғи ёнганида ҳам тезликни камайтиришни хоҳламайдиганлар ўша пайт зебра чизиғинигинамас, балки инсонийлик чегарасини ҳам босиб ўтаётганини наҳотки ҳис қилмаса?!
Воқеа жойида оғир аҳволдаги қурбонни биринчилардан бўлиб ижтимоий тармоққа жойлаш кетидан қувиб, камерасини ёқиш ўрнига виждонини ёқиб қўйса, ўша автоҳалокат қурбонининг яшаб кетишига сабабчи бўлинар балки…
Ҳалиям инсон эканмиз-а? Онг бекорга берилмаганини шу масалада қачон тўлиқ тушуниб етамиз? Қачон меҳр-муҳаббат, дардкашлик, шафқат каби мавҳумотларни ўзимиз учун очиқлаймиз?
Агар бугун ҳамма ўзига-ўзи жавоб бера олганида эди “фалон” пулларга ҳар қадамда “радарлар” ўрнатилмаган бўларди.
Муаммони биламиз-у мантиқ ишлатиб, ечимни топиш учун узоқ йўлни танлаймиз. Автоҳалокатлар сабаб ёш умри хазон бўлганларнинг жанозасидан чиқиб, хавфсизлик камарини тақмай, яна “100”га қўйиб ҳайдаймиз машинани. Фикрини ақл тарозисисиз филтрлаб, “газини босаётган” ҳайдовчиларга инсоф берсин!
Муаммо ҳам, аниқ ечимлар ҳам кундек равшан. Яна бир масала шу масалаларнинг ечилиши учун қилинган ҳаракатнинг сони ва сифатида! Шундай экан, “хўжамкўрсин”га эмас, балки, сиз-у бизнинг фойдамизни ўйлаб ўрнатилган сергаклантирувчи йўл ҳаракати қоидаларига озгина сергак турсак зиён қилмас-а?!
Жасмина Жамолова,
Ромитан туманидаги “Фарҳод Фармон хусусий мактаби”нинг 11-синф ўқувчиси.