#Мозийдан садо
ХIХ аср меъморчилигининг ёрқин намунаси ҳисобланган қадим ва навқирон Бухорои шарифнинг марказида жойлашган Файзулла Хўжаев уй- музейи бугунги кунда ҳам шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.
Ушбу уй-музей ХIХ-ХХ асрлар охирининг тарихи ва маданиятини ҳис қилиш, ўша замондаги савдо-сотиқ ҳаёти, мебель жиҳозлар, интерьер ва санъатнинг ноёб намуналарини кўриш имкониятига эга бўлиш мумкин бўлган ибодат масканидир.
Дастлаб, унинг эгаси, таниқли савдогар Убайдулло Хўжа Қосим Хўжаев бўлган. Кейин эса уй унинг меросхўр ўғли Файзулла Хўжаевга ўтган. Уй уч гектар майдондан иборат бўлиб, шарқона усулда бунёд этилган.
Йирик савдогар бўлган Убайдулло Хўжа ўзининг оиласи аъзоларини ҳисобга олиб, бу катта ер майдонида бир нечта уй қурдирган. Уй аёллар ва эркаклар учун алоҳида қисмдан иборат бўлган. Бундан ташқари, уйда хўжалик эҳтиёжлари учун хоналар, катта меҳмонхона, кичик меҳмонхоналар, балконлар ҳам бор. Хоналарни ўша йилларнинг қимматбаҳо идишлари, уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечаклару нақшинкор вазалар ва бошқа кўплаб зебу-зийнатлар билан безатишган. Улар ҳалигача сақланиб қолинган. Шунингдек, музейда Файзулла Хўжаевга тегишли бўлган қатағондан кейинги бир қанча ҳужжатлар, фотосуратлар, китоблар ва бошқа буюмлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 543-сонли қарори билан “Бухоролик бой савдогарнинг уй- музейи” ёдгорлик мажмуаси “Файзулла Хўжаев уй музейи” деб қайта номланди.
“Масканимизга Файзулла Хўжаев номи қайтарилгани айни муддао бўлди. Яна бир янгилик шундаки, 2023 йилда музей реставрация ва консервация қилинади. Айни пайтда бу ерда 521 та экспонат бор”-дейди уй-музей раҳбари Феруз Баҳромов.
Ушбу ғайриоддий уй-музейдаги этнографик кўргазмалар, ажойиб безаклар ва Бухоронинг муҳташам ҳаётий намуналари кишини ҳайратга солади.
Маълумот учун: Файзулла Хўжаев (1896-1938) Бухоро халқ Шўролар Республикасини 4 йил, Ўзбекистон ССРни 12 йил бошқарган. “Халқ душмани” сифатида қамоққа олиниб, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби кўплаб маърифатпарварлар қаторида қатл этилган.
Рўзибуви Шукурова,
Когон туман 2-умумий ўрта таълим мактаби Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.