Бухоро шаҳар судида «Қорақалпоқ воқеалари» иши кўрилди

Жорий йилнинг 31 январь куни жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида «Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан суд ҳукми инсонпарварлик тамойили асосида чиқарилди. Жумладан, давлат Раҳбарининг ташаббуси ва кўрсатмаларига асосан Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ўзининг самарасини бермоқда.

Судлар томонидан одил судлов амалга оширилаётган бўлиб, уларда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланмоқда. Хусусан, судланувчилар томонидан қонунбузиш ҳолатига йўл қўйилгани тўлиқ исботланиб, улар узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинишлари мумкин бўлган ҳолатда, давлат Раҳбарининг ҳоҳиши ва тавсияси билан қонунчилигимизнинг инсонпарварлик тамойилига устунлик берилди.

 

– «Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан суд ҳукми билан ЖКнинг 55-«Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар», 57-«Енгилроқ жазо тайинлаш»,

72-«Шартли ҳукм қилиш», 74-«Жазони енгилроғи билан алмаштириш» моддалари қўлланилишида энг аввало давлат Раҳбарининг ташаббуси бўлса, қолаверса, халқаро ҳамжамият фикри инобатга олинган деб ҳисоблаш мумкин.

Мазкур кўрилган жиноят ишида айбланувчиларнинг қилмишлари тўлиқ исботланиб, очиқ судда, айбловчилар, ҳимоячиларнинг ўзаро кескин тортишувларига имкон берилгани – юртимиздаги олиб борилаётган «Ҳамма нарса инсон учун, инсон қадри учун» тамойили, кечиримлилик сиёсатининг намунаси эканлигини кўришимиз мумкин.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонида ҳам жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш кўрсатиб ўтилганлиги муносабати билан, «Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан қонун доирасида оғир жазо тайинланиши асослантирилиб, суд жараёнида тўлиқ тасдиқланган бўлсада, судланувчиларга инсонпарварлик тамойили асосида жазо тайинланган.

Шу ўринда, судланувчилар ва уларнинг оила аъзоларига ўзларига тўлиқ хулоса қилган ҳолда, келгусида бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларни, жумладан, қадимдан бир тану-бир жон бўлиб келаётган ўзбек ва қорақалпоқ халқлари орасига миллатчилик ғояларини сингдирмаслик, ёш авлодни бирдамликка, миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашларига эътибор қаратишларини истардик.

 

– Айнан давлат Раҳбарининг ташаббуси билан қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини янада кенгайтириш, шунингдек, бу борадаги жамоатчилик назоратини кучайтирилиши йўлга қўйилди.

Шунга кўра, Омбудсман томонидан тузилган Мустақил Комиссия «Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан тергов ва суд жараёнлари синчковлик билан кузатиб борди.

Комиссия томонидан жамоатчилик вакиллари билан биргаликда, тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» йўлга қўйилгани натижасида, уларнинг ташаббуси билан 107 нафар судланувчига нисбатан «қамоқ» билан боғлиқ жазо тури олиб ташланди.

Тергов ва суд жараёнларида Мустақил Комиссия томонидан халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар вакиллари сўровлари асосида ҳар бир ҳолат ўрганиб чиқилди. Судланувчиларнинг ҳар бир илтимослари инобатга олиниб, қонун устуворлигини таъминлашда инсонийлик тамойили устун қўйилди.

 

– «Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан енгил жазо тайинланиши бежиз эмас. Чунки, Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштиришни изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги таъкидланган.

Таъкидлаш жоизки, «Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан суд жараёнлари суд тизимида рақамлаштиришнинг янада кенгайтирилиши асносида, фуқароларга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда масофадан туриб кузатиб бориш имкониятини яратди.

Бу ўз навбатида, судга иши тушган шахсларнинг вақтлари тежалиши, ортиқча сарф-харажатларга тушишларининг олдини олди ҳамда одилона судлов жараёнини барча бирдек очиқ томоша қилиши таъминланди.

 

– Суд жараёнида ҳам ҳар бир айбланувчининг эътирозлари, таклифлари, мурожаатлари инобатга олинди. Суд жараёнлари тўлиқ жамоатчилик назорати остида, халқаро ҳамжамият кўз ўнгида очиқ, тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилди.

Маълумки, Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга асосан, «Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилишига эришилди.

 

– Демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг юритилиши натижасида, бугунги суд – ижтимоий адолат ва қонунийлик принципи, инсонпарварлик ғояларига таянган ҳолда ўз ишини юрита олди.

Айнан суд идоралари томонидан одилона судлов тизими кенг йўлга қўйилганлиги натижасида «Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларига асосан ҳукм чиқарилишига эришилди.

«Қорақалпоқ воқеалари»га алоқадор шахсларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларига асосан ҳукм чиқарилишига 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони асосий сабаблардан бири бўлиб, бу борада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берганлиги билан аҳамиятлидир.