Ватан тараққиётига қўшилган ҳисса

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши ташаббуси  билан Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят Касаба уюшмалари федерацияси, марказий банк вилоят бошқармаси, “Ҳунарманд” ҳамда Фермерлар уюшмалари билан ҳамкорликда ўтказилган “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” мавзуидаги кўрик-танлов Бухоро Муҳандислик технология институтида бўлиб ўтди.

Бунда иштирокчилар ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, ҳунармандчилик ва тадбиркорлик билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кашфиётлари билан ҳам иштирок этишди. Эллик нафарга яқин ёш фермерлар иштироки, айниқса, диққатга сазовор бўлди.

– Маълумки, аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига эҳтиёжи баланд.Бу борада чорвачиликка асосланган кўплаб фермер хўжаликлари фаолияти йўлга қўйилган.  Чорвачилик фермерларида энг камида 50 бошдан  100 бошгача қорамоллар мавжуд. Уларни озиқлантириш ва суғориш анча қийинчиликлар туғдириши турган гап. Мен қорамолларни парваришлаш, озиқлантириш ҳамда суғориш ишларини янгича шакллар асосида амалга ошириш технологиясини ишлаб чиқдим. Бунда ишлар махсус аппарат бошқаруви асосида усти очиқ юргизма механизмли қувур-каналчалар орқали амалга оширилади. Кашфиёт ўз самарасини кўрсатди ва чорвачилик фермер хўжаликлари томонидан қўллаб-қувватланди. Айни пайтда ушбу технологиядан амалда фойдаланилмоқда, -дейди ромитанлик ёш фермер Жамшид Раззоқов.

Жамшид сингари ўзининг янги кашфиёт ва ихтиролари билан иштирок этиб, кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритганлар талай. Баҳром Раҳимов, Жўрабек Тошев, Жонибек Ўринов, Нигора Неъматов, Муҳаммад Ҳайдаров ҳамда Отабек Ғуломовлар шулар жумласидандир.

Ўттиз ёшгача бўлган бу иқтидор соҳибларининг турли соҳалардаги яратувчанликлари Ватан тараққиётига қўшилган чинакам ҳиссадир.