Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 25 сентябридаги “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги 376-сонли Қонунининг қабул қилиниши фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, ўтказилаётган ислоҳотларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлашда ва улар ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Кейинги пайтларда “Ижтимоий шерикчилик” деган ибора тез-тез қўлланилмоқда. Бу борада амалий ишлар олиб борилаётганига қарамай, айрим фуқароларда “ижтимоий шерикчилик, аслида, нима?” деган савол туғилиши, табиий. Ижтимоий шериклик, деганда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлиги тушунилади.
Мустақиллик йилларида нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари сони бир неча баравар ўсиб, ҳозирда улар аҳолининг турли қатламлари манфаатларини муносиб ҳимоя қилибгина қолмасдан, чинаккамига давлат бошқаруви тизимининг асосий бўғинларидан бири, таркибий қисмига айланиб бормоқда. Эътибор қаратадиган бўлсак, бундан бир неча йиллар муқаддам республикамизда атиги 100га яқин ННТлар мавжуд эди. Ва уларнинг сони бугунги кунда 8200дан ошиб кетди. Биргина Бухоро вилояти ҳудудида 2015 йилнинг 1 октябрь ҳолатида 573 та ННТ рўйхатдан ўтказилган бўлиб, бу кўрсаткич 2011 йилга нисбатан қарийб 2 маротабага кўпдир. Бироқ, уларнинг фаолияти даражаси ўрганилиб, сўровлар ўтказилганда, аксарият ННТларда дуч келадиган асосий муаммо бу – молиялаштиришнинг етарли даражада эмаслигида кўринган. Шунинг боис ҳам давлат ижтимоий шериклик соҳасида ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланадиган ўзининг нодавлат сектордаги ҳамкорини нафақат ташкилий ёки ҳуқуқий жиҳатдан, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Яъни давлат фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий фойдали лойиҳаларини субсидия, грант ва ижтимоий буюртма бериш йўли билан молиялаштиради. Ушбу молиявий кўмак Oлий Maжлис ҳузуридaги Жaмoaт фoнди орқали амалга ошириб келинади. Шунга кўра, Oлий Maжлис ҳузуридaги Жaмoaт фoнди тoмoнидaн фуқaрoлик жaмияти институтлaри тaқдим этгaн турли ижтимoий лoйиҳaлaрни aмaлгa oшириш учун 2008-2014 йиллар давомида давлат бюджетидан 37,7 миллиaрд сўм ажратилган. Жорий йилда эса бу миқдор 10 млрд. сўмга тенглашди. Бу эса 2014 йилга нисбатан 22 % кўпдир.
Хўш, вилоятимизда фаолият юритаётган ННТлар давлат томонидан яратилган бу имтиёзлардан қай даражада фойдаланмоқда? 2009-2012 йиллар давомида ўтказилган грант танловларида вилоятдан 112 та нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўзларининг 128 та лойиҳа билан иштирок этишган бўлса, шундан 41 та лойиҳа 532,6 млн. сўм миқдорида молиялаштирилган. 2013 йилда ўтказилган 7 та танловда вилоятнинг 53 та ННТ томонидан 56 та лойиҳа билан тақдим этилган бўлиб, атиги 13 таси қўллаб-қувватланган. Бу рақам эса олдинги йилга нисбатан 18,7 фоизга камайганини кўрсатади. Ачинарлиси, 2014 йилда эълон қилинган грантларда қўллаб-қувватланган лойиҳалар сони бор-йўғи 6 тани ташкил этди. 2015 йилда ҳам бу борада муносиб натижалар кўринмади. Жорий йилнинг ўтган 8 ойида эълон қилинган 4 та грант танловларида мамлакатимизда 217 та лойиҳа молиялаштирилган бўлса, шулардан атиги 8 таси Бухоро вилояти ННТлари ҳиссасига тўғри келади. Кўриниб турибдики, ННТларимизнинг танловлардаги иштироки жуда суст. Шу ўрнида лойиҳаларнинг молиялаштирилмаслигига сабаб нима, деган ўринли савол туғилади. Сабаб эса лойиҳаларнинг аксарияти талаб даражасида эмаслиги.Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ННТлар вакиллари лойиҳаларни тузишда хато, камчиликларга йўл қўйишмоқда. Бунинг олдини олиш учун лойиҳа яратиш мезонларини чуқур ўрганиш ва унинг асосини мукаммаллаштириш лозим.
Вилоятимизда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари потенциали юқори. Давлатимиз томонидан ижтимоий шерикчилик тамойиллари асосида уларнинг фаолият юритиши учун жуда катта ва кенг имкониятлар яратилган. Демак, бу имкониятлардан оқилона фойдала олиш, билим ва салоҳиятини одилона ишга солиш эса ННТлар зиммасига виждон бурчи, деган масъулиятни юклайди.
Қаҳрамон Муҳаммедов,
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш
мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси.