Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги
“Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 1-бандида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.
Яқинда бўлиб ўтган Матбуот анжуманида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар иттифоқи вакиллари, “Нуроний” хайрия жамоат фонди, ўзини-ўзи бошқариш органлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Унда Бухоро вилоятининг Жиноят, Фуқаролик ишлари бўйича ҳамда Маъмурий ва Иқтисодий судлари раислари суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, судлар томонидан 2019 йилнинг 9 ойи давомида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили, шунингдек, иш тоифалари таҳлили юзасидан ахборот беришди.
Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 1311 нафар шахсга нисбатан 1037 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлса, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 1816 нафар шахсга нисбатан 1411 тани ташкил қилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 374 тага ёки 26,5 фоизга, судланувчи шахслар сони эса 505 тага ёки 27,8 фоизга камайган. 736 та иш бўйича 981 нафар шахсга нисбатан жазо ҳукми чиқарилган. 289 нафар шахсга нисбатан 267 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилган, 17 нафар шахсга нисбатан 11 та ишда жазо тайинламасдан ҳукм чиқарилган. 9 нафар шахсга нисбатан эса 8 та жиноят иши бўйича шартли ҳукм қилинган.
Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш, фарзандликка олиш сирлариниошкор қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилиш, одам савдоси жинояти, одам ўғирлаш, зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишшда озодликдан маҳрум қилиш, шахсий ҳаёт даҳлсизлигини бузиш, терроризм, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, терроризмни молиялаштириш, миллий ирқий, этник ёки диний адооват қўзғатиш, товламачилик, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш , соҳта тадбиркорлик, қасддан банкротликка олиб келиш, божхона тўғрисида қонун ҳужжатларини бузиш, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш, банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф қилиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш жинояти жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш, контрабандда жинояти учун судланганлар, меҳнатни муҳофааза қилиш қоидаларини бузиш, тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш, тақиқланган экинларни етиштириш, гиёҳвандлик воситалари ёки психатроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш, гиёҳвандик воситалари ёки психатроп моддаларни ўтказиш мақсадни кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, гиёҳвандлик воситаларини ёки психатроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар жиноятлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошганлиги маълу қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят судлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 7.977 та фуқаролик ишлари мазмунан кўрилиб ҳал қилинганлиги, шундан 6.895 таси ёки 86,4 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган. 481 таси ёки 6 фоизи ишлар ҳаракатдан тугатилган, 601 таси ёки 7,6 фоизи ишлар кўрмасдан қолдирилган. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича жами кўриб тамомланган 1908 та ишлар бўйича 744 таси ёки 38,9 фоизи бўйича тарафларни яраштириш ёки даъво талаби асоссиз бўлганлиги сабабли рад қилиш орқали оилаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилинган.
Матбуот анжуманида Бухоро вилояти судлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ўрнатилганлиги таъкидланди.
Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди матбуот хизмати