Жиноят ишлари бўйича Бухоро тумани суди томонидан Наманган вилояти Норин туманида 1983 йилда туғилган фуқаро Чаросхон Содиқованинг иши кўриб чиқилди. Чаросхон Содиқова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан айбланган.
Муқаддам Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман, сўнгра Яккасарой туман, Юнусобод туман, Чилонзор туман, Сирғали туман ҳамда Бекобод шаҳар суди томонидан ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди, ЖКнинг 60-, 61-моддалари, ЖК 168-моддаси 2-қисмининг “б, г” бандлари, 228-модда 2-қисмининг “а” банди, 228-модда 3-қисми ва бошқа жиноий жазолар билан айбланган Чаросхон бу гал ҳам қора курсига ўтирди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди раиси Нозим Жўраевга кўра, фуқаро Чаросхон Содиқова фуқаро, Кореяда ишлаб юрган Шуҳрат Бобоқулов билан “одноклассники” ижтимоий сайти орқали танишган. Унга ўзини “Нилуфар Умурзоқова” деб таништириб, 2007 йилда Корея фуқароси Ким Кёнг Су билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганини айтган ва унинг Корея давлатида автоэҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарадиган заводи борлигига ишонтирган. Шуҳрат Бобоқулов ва турмуш ўртоғи Гулмира Аббосова, укаси Шавкат Бобоқулов, таниши Насиба Раҳматоваларни Корея давлатида жойлашган, турмуш ўртоғига тегишли автоэҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарадиган корхонага ишга жойлаштиришни ваъда қилган.
Уларга Кореяга боришлари учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига 900 АҚШ доллари миқдорида харажат қилиниши лозимлигини айтган. Гулмира Аббосовани алдаб, Кореядаги “Кукмин” банки орқали (Ўзбекистон Республикаси сўмига нисбатан қиймати 7.260.300 сўмга тенг бўлган) 900 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни Шуҳрат Бобоқуловнинг номидан пул кўчириш йўли билан қўлга киритиб, олган пулларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб келган. Гулмира Аббосовага моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Чаросхон Содиқова ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, Шуҳрат Бобоқуловнинг унга ишонганлигидан фойдаланган ва турмуш ўртоғига тегишли корхонада яна икки нафар ишчилар учун бўш ўрин борлигини билдирган. Гулмира Аббосованинг укаси Жалол Зиёдуллаев ҳамда Достон Бўстоновлардан уларни ишга жойлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига Бухоро-Тошкент йўналишида қатновчи киракашлар орқали (Ўзбекистон Республикаси сўмига нисбатан қиймати 4.851.000 сўмга тенг бўлган) жами 600 АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулларни алдов йўли билан қўлга киритган.
Суд мажлисида эса судланувчи Чаросхон Содиқова ўзига нисбатан эълон қилинган айбга умуман иқрорлик билдирмаган. Фуқаро Шуҳрат Бобоқулов ва Гулчеҳра Зиёдуллаевани мутлақо танимаслигини, эру хотинлар унга нисбатан туҳмат қилаётгани важини келтирган.
Бироқ синчков суриштирувлар натижасида Чаросхон Содиқованинг фирибгарлик жиноятини содир этгани аниқланган. У жиноятини яшириш мақсадида ўзини “Нилуфар Умурзоқова” исмли шахс, деб таништириб келган. Бундан ташқари, яна бир неча фуқаролардан фирибгарлик йўли билан катта миқдордаги пулларни алдов йўли билан ўзлаштириб олишга эришган. Ўзи томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятлари очилгач, айбига иқрор бўлган ва жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди ҳукмига кўра, Чаросхон Содиқова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган. Бир неча бор огоҳлантириш, турли жиноий жазолар қўлланилишига қарамай, жинот содир этишда давом этган Чаросхон Содиқовага шу модда билан иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 (икки) йил 6 (олти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Зарарни қоплагани учун қамоқдан озод этилди.
Лайло Ҳайитова